Ўзбекистон | 17:31 / 07.02.2020
4289
5 дақиқада ўқилади

«Ақлли шаҳар» технологияларини жорий этиш бўйича халқаро экспертлар билан семинар ўтказилди

2019 йил январида «Ақлли шаҳар» технологияларини жорий этиш концепцияси тасдиқланган эди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Бугун, 7 февраль куни Инновацион ривожланиш вазирлиги, Жаҳон банки эксперт гуруҳи вакиллари ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги Амити университетида «Рақамли шаҳарни ривожлантиришда ақлли шаҳарнинг роли» мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Жанубий Кореянинг Пусан «ақлли шаҳри» лойиҳасининг бош стратеги Жон-Сун Хван ва турли идора вакиллари қатнашди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Kun.uz мухбири тадбирдан сўнг Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров билан суҳбатда бўлди.

«Ақлли шаҳар» технологияларини жорий этишда тўсиқ бўлаётган омиллар нималардан иборат?

– Бу - маълумотларни мувофиқлаштиришдаги муаммолар. Энг асосийси, соҳаларнинг рақамли тизимга ўтмаганлиги. «Ақлли шаҳар»да рақамлар билан ишлаш жуда муҳим. Шунинг учун ҳам транспорт соҳасини рақамлаштириш, шунингдек, тиббиёт ва таълим соҳаларидаги маълумотлар электрон шаклда бўлиши керак. Бошқаришда ҳам маълумотларнинг электрон шаклда бўлиши уларни тезда таҳлил қилиш ва қарор чиқаришга ёрдам беради. Ана шу маълумотларнинг йўқлиги ҳозирги кунда бизда «ақлли шаҳар» технологияларини жорий қилишда тўсиқларга олиб келяпти.

– Бир неча йилдирки, «ақлли шаҳар» концепциясини жорий этиш ҳақида гапириб келинади. Электр энергияси ва интернет билан боғлиқ муаммолар бўлгани ҳолда концепцияни тўлиқ амалга оширилишига қанчалик ишонасиз?

– Бу саволга жавоб беришда шуни айтардимки, агар тўсиқ, муаммолар бор десак, ҳали ҳам кутишимиз мумкин. Дунё «ақлли шаҳар» концепциясини 20 йил олдин бошлаган. Биз жараённи жадаллаштиришни бошлаганимизга икки йил бўлди.

Асосий сабаб нимада бўлган? Ҳозир Ўзбекистон рақобатбардош давлатлар қаторига кирмоқчи. Шунинг учун ҳар бир соҳада режалаштирган ишларимиз бўлиши керак. Умумий ривожланишда ҳамма нарса рақамлаштирилаётганда, дунёда 3,5 миллиарддан ортиқ аҳолида смартфонлар борлиги, 4,5 миллиарддан ортиқ аҳоли интернетдан фойдаланиши – бу шароитдан фойдаланиш керак.

Албатта, электр энергияси, интернет – бу муҳим элементлар. Энергетика вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳам бу концепциянинг асосий ижрочиларидан бири.

Бу йўналишда биз илм-фанга ҳам эътибор қилишимиз керак. Энергетикада муқобил энергиядан фойдаланиш бўйича ҳам ишлар амалга ошириляпти.

Аввал муаммо нимада эди? Муаммо энергетика соҳасида давлат органи йўқ эди. Мана энди Энергетика вазирлиги – давлат органи пайдо бўлиб, ўша соҳани ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшяпти.

– Сизнингча, Ўзбекистон рақамли иқтисодиётни қайси йўналишлардан бошлаши мақсадга мувофиқ бўлади?

– Менимча, рақамли иқтисодиётни фақат битта йўналишда ривожлантиришдан бошлаш керак, дейиш нотўғри. Ҳаммасини бирданига олиб боришимиз керак. Сабаби, масалан ер муносабатлари билан олинганида, ҳозирги кунда энг муҳим масала – кадастрни рақамлаштириш.

Бу эртага «ақлли шаҳар»га ҳам ёрдам беради. Яъни шаҳарда қанча аҳоли жойлашган, унинг мулки ва ҳ.к. Худди шундай таълимда ҳам. Таълимни рақамлаштирмасдан туриб, шаҳарда нечта мактаб, унда нечта ўрин борлигини билишнинг иложи йўқ. Худди шундай тиббиёт, транспортда ҳам.

Концепцияда ҳатто маҳаллани ҳам қўшганмиз. Маҳаллани ҳам рақамлаштиришимиз керакки, ҳар бир компонент рақамлашмаса, шаҳарни «ақлли» қилиш қийин.

Яна бир тенденция – бизда 60 фоиз аҳоли қишлоқларда, 40 фоизи шаҳарларда яшаши. Хорижий тажриба шуни кўрсатяптики, аҳолининг 80 фоизи шаҳарда яшайди.

«Ақлли шаҳар»нинг яна бир устунлиги – аҳоли учун шароитни яхшилаш билан биргаликда, иқтисодиётга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиши. Чунки 80 фоиз аҳоли шаҳарларда яшаганидан кейин у ерда ишлайди, солиқ тўлайди. Демак, бу иқтисодиётга ўз қийматини ҳам беради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда «Ақлли шаҳар» технологияларини жорий этиш концепцияси 2019-2030 йилларда 4 босқичда амалга оширилади.

«Ақлли транспорт», «ақлли таълим», «ақлли тиббиёт», «ақлли энергетика тизими», «ақлли қурилиш» «ақлли коммунал хўжалик», «ақлли уй», «ақлли ҳокимият», «ақлли маҳалла» каби лойиҳалар «Ақлли шаҳар» технологияларини жорий этишнинг асосий йўналишлари сифатида белгиланган.

Мавзуга оид