Ўзбекистон | 10:52 / 07.02.2020
14805
7 дақиқада ўқилади

Шаҳрихоннинг талаба-ҳокими: «10 кунда юздан ортиқ ёшларни ишга жойламоқчимиз»

Андижон вилоятида ёшлар ўн кунлиги лойиҳаси доирасида ёш кадрларни раҳбар лавозимида синаб кўриш амалиёти қўллаб кўрилмоқда.

Лойиҳага асосан фаол ва иқтидорли ёшлар вилоятдаги шаҳар ва туманларга 10 кун муддат давомида вақтинча ҳоким сифатида тайинланди. Бу муддат мобайнида ёшлар туман/шаҳар раҳбарлиги фаолияти билан танишиб, буни ўзларида синаб кўришади, ҳудуд учун янги ғояларни таклиф этишади.

Kun.uz мухбири шу лойиҳа доирасида Шаҳрихон туманига вақтинча ҳоким сифатида тайинланган Андижон машинасозлик институти тўртинчи босқич талабаси Абдулҳамид Акбаров билан суҳбатлашди.

Талабалар Шуҳрат Абдураҳмоновдан вилоят бошқарувини бир кунга ёшларга беришни сўраган

– Лойиҳа ташаббуси шу ўқув йилининг бошида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов олий таълим муассасалари талабалари билан учрашганда ўртага ташланган эди. Талабалар вилоят бошқарувини бир кунга ёшларга бериб кўринг, деган таклифни ўртага ташлашган. Бу пайтда туман/шаҳар ҳокимлигига тайинлаш ҳақида гап йўқ эди.

Олий Мажлиснинг Бош вазир тасдиқланган йиғилишида Шуҳратбек Абдураҳмонов Шавкат Мирзиёевга қараб, «Ёшларга оид давлат сиёсатида Андижон намунасини кўрсатиб бераман», деган ваъдани берди.

Шу ваъдага кўра, туман ҳокимлари 10 кунга Давлат бошқарув академиясига тажриба орттириш учун кетишидан фойдаланган ҳолда Андижондаги ОТМлар талабалари, ишлаб чиқариш корхонаси эгалари бўлган ёшлар вилоятдаги 16та туманга биринчи раҳбар қилиб тайинланди. Ушбу амалиёт 10 кун давом этади.

Бизни бу лавозимларга тайинлаш чоғида вилоят ҳокими ёшларга қарата: «Ҳар қайси соҳада ўзингизни янги ғоялар билан синаб кўринг, бор ҳаракатни ишга солинг», деган. 10 кундан кейин вақтинча ҳокимликни бажарганлардан ўзининг ҳудуди бўйича таклифлар қабул қилинади. Қайси тумандаги ҳоким энг зўр ишласа, ишончни оқласа, уни вилоятдаги кадрлар захираси рўйхатига киритиш топшириғи берилган.

Бизга имзо, муҳр босиш, қарор қабул қилиш ҳуқуқидан бошқа ҳокимнинг барча ваколатлари берилган. Якуний қарор чиқариш учун, албатта, тажрибамиз ҳам етарли эмас. Асосий мақсад ҳокимликни ўз танимизда синаб кўриш, туман муаммоларини бошқа ракурсдан кўриш ва уларнинг ечими учун ўз ғояларимизни беришдир.

«Асосий истагим – ёшлар муаммоларини ҳал қилишга уриниш»

– Тайинлов бўлган куни кечаси билан ўйлаб чиқдим, режалар туздим. Ўзим ўйлаб юрган ғояларни пишитдим.

Шаҳрихон – вилоятнинг аҳолиси энг кўп тумани. 350 мингдан ортиқ одам истиқомат қилади. Шунга яраша, муаммонинг сони ва салмоғи ҳам кўп бўлади. Аҳоли билан кўпроқ мулоқотга киришиб, уларнинг муаммосини имкон қадар туман мутасадди вакиллари билан ҳал қилишга ҳаракат қиляпман.

10 кун учун мўлжаллаган режаларимдан асосийси – ёшлар масаласи. Кўпчилик уюшмаган ёшлар деб атайдиган қатламни мен меҳнат билан таъминланмаган ёшлар дейман. Коллежни битириб, ҳеч қаерда ишламаётганлар, четга чиқиб кетмоқчи бўлганлар, университетни битириб, иш билан банд бўлмаганлар талайгина. Уларни имкон даражасида ўзимизда олиб қолиб, ўзимизда мавжуд инвестиция дастури доирасида ишга тушган корхоналар, экспортер фирмаларга жойлаштиришни ўйлаб қўйганман.

Шу боис биринчи қилган ишим Меҳнат бандлиги бўлим бошлиғи билан гаплашиш бўлди. 10 кун муддат ичида 100дан ортиқ ёшларни ишга жойлаш бўйича лойиҳани тахт қилдик.

«Ҳокимлик биносига биринчи киришим эди»

– Бу вазифа топширилганидан сўнг биринчи бўлиб ҳокимият жамоаси билан танишдик. Тўғриси, бу ҳокимлик биносига биринчи бор қадам хатлаб киришим бўлди.

10 кун давомида тумандаги ҳолат билан яқиндан танишиш учун бир кунни битта комлексга бағишлаяпман. Биринчи навбатда, иқтисодий комлекс билан танишиб чиқдим. Кейин ижтимоий соҳа, кейин аграр...

«Энг нозик иш аҳоли билан мулоқот экан»

– Назаримда, ҳоким учун энг нозик иш – аҳоли билан мулоқот қилиш. Мурожаатларга ўзига яраша меъёрларда жавоб бермасангиз, жавобингиз бошқача талқин қилиниши, бир оғиз сўзнинг ўзиёқ нафақат ўзингизга нисбатан, балки бутун ҳукуматга нисбатан ҳурматнинг йўқолишига сабаб бўлиши мумкин экан. Шунинг учун ҳар бир гапимни ўйлаб, етти марта ўлчаб, адолат тарозиларига солиб кўриб гапиришга ҳаракат қиляпман.

«Туманнинг энг катта муаммоси ― бозор»

– Тумандаги ишлар билан бир ҳафта давомида шуғулланиб тушунганим – Шаҳрихонда энг эътиборга муҳтож соҳа бозорни тартибга солиш экан. Бироқ шу вақтгача бозорни тартибга солиш осон эмаслигини минг бора ҳис қилганман ва ҳозир ҳам ҳис қиляпман. Сабаби Шаҳрихонда аҳоли жуда кўп ва улар асосан ҳунармандчилик, деҳқончилик ва савдогарлик билан шуғулланишади.

Шаҳрихон бозори жуда катта ва вилоятда машҳур. Бозор ҳар куни ишлайди ва Қорасувдан то Марғилонгача одамлар харид учун келадилар. Чунки бу ерда рақобат жуда кучли ва шунга яраша нархлар ҳам жуда арзон.

Бозор муаммосини ҳал қилиш ишлари билан ҳам танишдим. Туманимиз ҳокими бу муаммога ечим топишга киришган. Лойиҳага кўра, бозор ҳудудига сиғмаган савдогарлар учун яна алоҳида икки қаватли бино қурилиши давом этмоқда.

«10 кунлик ҳоким»га мувофиқ «бир кунлик талаба»

– Мактаб битирувчиларининг олий таълимга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида «Бир кунлик талаба» лойиҳасини ишлаб чиқдик. Барча ОТМлар проректорларини мактабларда таълим сифатини оширишга қаратилган тумандаги мактаб директорлари иштирокида муҳокама-йиғилишга таклиф этдик.

Энди шаҳрихонлик мактаб битирувчилари ОТМларга шунчаки бориб экскурсия қилмайди, балки «Бир кунлик талаба» («10 кунлик ҳоким»га ҳамоҳанг тарзда) лойиҳамизда иштирок этишади. Яъни институт профессорлари томонидан ўқувчиларга камида 1 пара таништирув ва мутахассислик фанларидан маъруза ўқилади. Бу ўқувчиларни илм йўлидан боришга, олий маълумотли бўлишга бўлган рағбатини оширади, деб ўйлайман.

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди.

Мавзуга оид