Ўзбекистон | 01:13 / 26.01.2024
17090
2 дақиқада ўқилади

Андижонда буюм бозори ёниб кетди

Ҳодиса Шаҳрихон туманидаги буюм бозорида содир бўлган ва ўт ўчирувчиларнинг ўнлаб бўлинмалари оловга қарши кураш олиб бормоқда.

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги буюм бозори ёнаётгани ҳақида видеолар тарқалди. Видеоларда бозордаги дўконлар ёнаётгани, олов жуда катта ҳудудни қамраб олганини кўриш мумкин.

Бундан ташқари, видеоларда олов етиб бормаган дўконлардан тадбиркорлар нарсаларни ташиб чиқаётганини кўриш мумкин. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ёнғин 2024 йил 26 январ соат 01:00 да ҳам давом этаётганини айтишмоқда.

Ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати дастлабки маълумотларни берди.

Унга кўра, 2024 йил 25 январ куни соат 23:30 да Шаҳрихон туманида жойлашган Асака авторураргоҳида ташкил этилган буюм бозорида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида ФВБга хабар тушган.

Зудлик билан айтилган манзилга 10 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб бориб, ёнғинни бартараф этиш ишларини бошлаб юборган. Ҳодиса жойига ФВБ раҳбарияти ва тегишли ташкилотлар ходимлари етиб борган.

“Ёнғин натижасида тан жароҳати олган ва вафот этган фуқаролар тўғрисида маълумотлар келиб тушмади. Ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади”, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид