7 февраль куни Тошкент шаҳридаги «Талабалар медиа ижтимоий ва маданият маскани» биносида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида стипендия тўлашнинг янги тартиби муҳокама қилинди.

Матбуот анжуманида журналистлар томонидан стипендия тўлашнинг янги тартиби бўйича 30 фоиз фанлардан 3 баҳо олган талаба семестр давомида стипендия олмаслиги, бу ҳолатда 3 баҳо олмаслик учун ҳам айрим талабалар томонидан барибир коррупцияга йўл қўйилиши мумкинлиги борасида савол берилди.

Саволга дастлаб Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов жавоб берди.

Унинг айтишича, университетда охирги семестрда синовдан ўтказилган тизим бўйича якуний имтиҳонларда ўқитувчи ва талаба ўртасидаги боғлиқлик узилади ва қисман коррупциянинг олди олинади.

«Иқтисодиёт университетида бир тизимни йўлга қўйдик. Бунда имтиҳонларда тушадиган барча тест саволлари талабаларга олдиндан етказилди. Яна бир ўзгариш: талабалар якуний имтиҳонларни онлайн тарзда тест марказларида топширди.

Бу жараёнда ўқитувчилар қатнашмайди. Тест жараёнини назорат қилувчи назоратчилар эса университетнинг ўзидан бўлмайди. Талабаларда тест жараёнига нисбатан эътирозлар бўлса, тест жараёни якунида қайта имтиҳон қилдик.

Бу жараёнда талаба ва профессор, ўқитувчи алоқаси бўлмайди. Бу жараён якуний имтиҳонларда коррупция ҳолатларининг олдини олиш имкониятини беради», — деди у.

Савол юзасидан, шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълими вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов ҳам ўз фикрларини билдирди.

Сарвар Бузрукхонов

«Бу янги тизимни жорий қилиш учун кўпчилик меҳнат қилди. Кўп таҳлиллар қилинди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, стипендия тўлаш тартиби ҳозирда фақат МДҲ давлатларидагина сақланиб қолган.

Таълим сифати бизга яқинроқ бўлган Россия Федерацияси ва Қозоғистондаги тизимни олиб кўрайлик. Бу давлатларда ҳам талабаларга стипендия тўланади аммо 3 баҳога ўқийдиганларга эмас. Улар бюджетдан стипендия олмайди», деди Бузрукхонов.

Унинг қўшимча қилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда жами 88 минг талаба давлат гранти, 278 минг талаба эса контракт асосида ўқийди. Шунча талаба орасида давлат гранти билан ўқиётган талабалар эса албатта қолганлардан ўқиши билан фарқ қилиши керак.