5 феврал куни Тошкент давлат юридик университети талабалари учун 2023/2024-ўқув йилида “Тошкент шаҳар прокурори стипендияси” жорий этиш юзасидан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Тадбирда Тошкент шаҳар прокурори Эркин Юлдашев, ТДЮУ ректори в.в.б., профессор Исламбек Рустамбеков, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Бунёд Раджабов, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Бобир Мирзаев, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Тадбирда меморандумдан кўзланган мақсад, ёшларга берилаётган имтиёзлар ва соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги стипендиянинг аҳамияти ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланишича, стипендия ТДЮУда таълим олаётган иқтидорли талабаларнинг назарий билимларини ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан мустаҳкамлаш, уларда прокурорлик касбий фазилатларини шакллантириш, амалий кўникмаларга эга бўлишига кўмаклашиш мақсадида жорий этилади.











