Янги ҳафтанинг дастлабки кунидан бошлаб Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони Тошкентнинг «Пахтакор» клуби учун янги мавсумга старт берилади. 2020 йилда халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган Шота Арвеладзе бошқарувидаги жамоа Осиё чемпионлар лигаси дастлабки тури доирасида майдонга тушади. ОЧЛда ҳам жиддий натижаларни кўзлаётган «шерлар» янги мавсум олдидан мақсадга яраша кучая олишдими?
Ўтган мавсумда ички турнирларнинг учаласида ҳам учта кубокни боши узра кўтарган Арвеладзе шогирдлари Ўзбекистоннинг тенгсиз клубига айланишди. Драган Черан мавсум давомида чемпионатда 23та голга муаллифлик қилиб, якунда Суперлиганинг энг яхши футболчисига айланди, Жалолиддин Машарипов эса энг яхши ассистент бўлди. Жамоа таркибининг жуда кучли эканлигига қарамай, амалдаги чемпион ўз сафини янада кучайтиришга эришди.
Жамоани кимлар тарк этди ва бу кучсизланишми?

2019 йилги мавсум олдидан Шота Арвеладзе аксарият футболчилар билан хайрлашди. Аммо, бу билан жамоа таркиби кучсизланди, дея нолишга асос йўқ.
Айтайлик, грузиялик мураббий 2019 йилги мавсум олдидан «Пахтакор»нинг асосий тўпурари Тиаго Базеррани ўз сафида сақлаб қололмай, Қатар клубига қўйиб юборишга мажбур бўлганди, бу йил эса ўзига керак бўлмаган футболчилар билангина хайрлашди.
Жумладан, жамоанинг асосий таркибига ўрнаша олмаган ҳужумчи Марат Бикмаев билан шартнома узайтирилмади ва 34 ёшли форвард «Локомотив» сафига қайтди.
Шунингдек, жамоа сафида икки мавсумдан буён тўп суриб келаётган, аммо аксарият баҳсларда захирада қолган яна бир «фахрий» 34 ёшли черногориялик ҳимоячи Марко Симич билан ҳам ўзаро ҳамкорлик давом эттирилмади. Жамоадаги катта маош оладиган легионер ҳимоячининг клубни тарк этиши Тошкент клубига яхшигина маблағни тежаш имкониятини ҳам беради.
Яримҳимоячилар орасидан Ҳусниддин Ғофуров ҳам жамоа билан хайрлашди. Бироқ, захирадаги футболчи билан хайрлашувни ҳам кучсизланиш деб бўлмайди. Демакки, Арвеладзе бу сафар ўзи истаган футболчилар билан хайрлашган, дея хулоса қилсак бўлади.
Қандай трансферлар амалга оширилди?
















