Спорт | 19:53 / 12.02.2020
31880
8 дақиқада ўқилади

Гейнрих порлаган турнир. Доҳа-2006 иштирокчилари ҳозир қаерда?

Бундан 14 йил аввал – 2006 йилги Осиё Ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон олимпия жамоаси мухлисларга унутилмас онларни тақдим этиш билан бирга ўзбек футболига энди кириб кела бошлаган янги иқтидорларни ҳам таништирган.

Фото: Getty Images

Рауф Инилеев қўл остида ажойиб сейвлари билан танила бошлаган Нестеров, ўнг қанотдаги Иномов-Магдиев тезкорлиги, чап қанотдаги Суюнов-Денисов рейдлари, 21 ёшли Азиз Ҳайдаровнинг танилиши, 22 ёшли Гейнрихнинг порлаши...

Доҳа-2006да вакилларимиз тарихий натижа қайд эта олмаган бўлишса-да, бу жамоани барчамиз яхши хотиралар билан эслаймиз. Улар ҳозир қаерда?

Игнатий Нестеров

Доҳа-2006 турнири 23 ёшли Игнатий Нестеров учун фаолиятидаги илк энг муҳим турнир бўлган. Тўғри, Нестеров 21 ёшида Хитойдаги Осиё Кубоги-2004да йўл олган, аммо асосий дарвозабон сифатида юртимиз шарафини айнан Қатардаги турнирдан бошлаб ҳимоя қилган. 4 ўйинда ўз дарвозасидан 4та гол ўтказиб юборган Нестеров, айнан ушбу турнирдан сўнг миллий жамоанинг асосий посбони сифатида чақирила бошлаганди.

36 ёшли посбон ҳозирда Тошкентнинг «Локомотив» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. У Осиё Кубоги-2019дан кейин Ўзбекистон миллий жамоаси сафидаги фаолиятига якун ясамоқчи эканлигини айтган бўлса-да, ҳозирча расман эълон қилганича йўқ.

Ислом Иномов

Қатардаги турнирда ўнг қанот ҳимояда ёрқин ўйин намойиш этган футболчи Ислом Иномов бўлганди. 22 ёшидаёқ «Пахтакор» жамоаси сафида ўнг қанотни эгаллаб олган футболчи Доҳадаги турнирда олимпия жамоамиз шарафини муносиб ҳимоя қилган. Ислом турнир давомида ўнг қанот чизиғида Элдор Магдиев билан ўзига хос тандемга айлана олганди. Ҳимоя билан бирга ҳужумда ҳам фаол қатнашарди.

35 ёшли Ислом Иномов бугунга келиб фаолиятини якунлаган. Собиқ футболчи Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида ўз бизнесини йўлга қўйган. Шу билан бирга Ислом мураббийлар курсларида қатнашиб, «B» лицензиясига ўқимоқда.

 Алексанр Клецков

«Пахтакор» клуби 2006 йилда Ўзбекистон олимпия жамоасининг базасига айланиб улгурган эди. Шу боис, мамлакат жамоасининг жуда кўп футболчилари айнан ушбу клуб аъзолари саналарди. 21 ёшли Клецков ҳам клуби сафида захирада қолса-да, Ўзбекистон олимпия жамоасига асосий таркибдан жой олганди. Ҳимоя марказида Асрор Алиқулов билан жуфтлик ҳосил қилган Сашанинг айниқса, иккинчи қаватдаги курашларда бўйдор эканлиги асқотарди.

Ҳозирда 35 ёшни қарши олган Клецков бундан уч йил аввал фаолиятини якунлади. «Пахтакор» собиқ футболчиси бугунги кунда «Пахтакор-жуниор» хусусий футбол мактабда болалар мураббийи сифатида фаолият олиб бормоқда.

 Асрор Алиқулов

Жамоа сафидан жой олган уч нафар 23 ёшдан катта ёшли футболчилардан бири Асрор Алиқулов эди. Доҳадаги турнирда 28 ёшда бўлган Асрор ҳимоя марказидаги асосий фигура саналарди. У тажрибали футболчи сифатида асосан 20-22 ёшли ҳимоячилардан иборат жамоанинг ҳимоя қўрғонини бошқариши талаб этиларди. Асрор гуруҳ босқичини яхши ўтказган бўлса-да, Ироққа қарши чорак финал баҳсининг қўшимча бўлимида бош ҳакам томонидан қизил карточкага лойиқ кўрилгани, қимматга тушганди...

41 ёшли собиқ футболчи ўтган мавсум «Машъал» жамоаси бош мураббийи сифатида клубни Суперлигага олиб чиққан бўлса, 2020 йилда «Шўртан» бош мураббийига айланди.

Илҳом Суюнов

Ўзбек футболидаги энг яхши чап қанот ҳимоячиларидан бири бўлган Илҳом Суюнов ҳам Игнатий Нестеров, Ислом Иномов каби Қатардаги турнирдан аввал ёшлар ўртасидаги 2003 йилги жаҳон чемпионатида қатнашганди. Қатардаги турнирда чап қанот ҳимоясида тўп сурган Илҳом яримҳимояда тўп сурган Виталий Денисов билан яхши тил топишганди. Суюновнинг кучли зарбалари ҳали-ҳамон мухлислар ёдида.

Бир неча йил олдин фаолиятини якунлаган Илҳом Суюнов ҳозирга келиб ўзбек футболидан узоқлашган. 37 ёшли собиқ футболчи ҳозирда Сирдарё вилоятида хусусий тадбиркор сифатида фаолият олиб бормоқда.

Азиз Ҳайдаров

2006 йилги мавсум олдидан ўртамиёна «Локомотив» сафидан таклиф этилган Азиз Ҳайдаров Доҳадаги турнирда ажойиб ўйинлари билан мухлисларга танилганди. Таянч яримҳимоясида Азиз ва Темур Кападзе яхши тандем ҳосил қилганди. 2019 йилда футболчилик фаолиятини якунлаган Ҳайдаров бугунга келиб Ўзбекистон футбол ассоциациясида терма жамоалар маркази раҳбари сифатида фаолият олиб бормоқда.

Темур Кападзе

Ушбу футболчининг фаолияти ҳақида ортиқча тўхталиш шарт эмас. Доҳадаги турнирда ҳам Темур жамоанинг энг яхши футболчиларидан бири эди. Уч нафар ёши катта футболчилардан бири сифатида тажрибали футболчи майдон марказида катта ҳажмдаги ишларни амалга оширарди.

Ҳозирда мураббийга айланган собиқ футболчи Ўзбекистон U19 жамоасига устозлик қилмоқда.

 Виталий Денисов

Нижний Новгороднинг «Спартак» клубидан таклиф этилган 19 ёшли Виталий Денисов айнан ушбу турнир орқали ўзбекистонлик мухлисларга танила бошлаганди. Инилеев бу мусобақада Денисовни яримҳимоя чизиғида синаган, Виталий чемпионатда киритилган 7та голимиздан биттаси – 3-турдаги Ўзбекистон – Иордания (3:1) баҳсида гол муаллифи бўлганди.

Ҳозирга келиб 33 ёшни қарши олган ҳамюртимиз яқинда Россиянинг «Ротор» клуби аъзосига айланганди. Футболчи ушбу мавсумда Волгаград клуби билан Премьер-лигага чиқишга ҳаракат қилади.

 Элдор Магдиев

«Пахтакор»нинг 22 ёшли ҳужумкор яримҳимоячиси Элдор Магдиев Доҳадаги Осиё Ўйинларида жамоамиз етакчиларидан бирига айлана олганди. Унинг ўнг қанот яримҳимоясидаги ўзига хос рейдлари, узатмалари жамоа муваффақиятига хизмат қилган.

Футболчилик фаолиятини бир неча йил олдин якунлаган Элдор Магдиев ҳозирги пайтда болалар мураббийи сифатида Тошкентдаги Чиғайтой футбол мактабида фаолият олиб бормоқда. Бу йил 36 ёшни қарши оладиган собиқ футболчи мураббийлар курсида таҳсил олиб, «А» лицензиясини қўлга киритиш арафасида турибди.

 Сервер Жепаров

Ушбу жамоадаги ёши катта уч нафар футболчидан яна бири Сервер Жепаров эди. Ҳужумларни ташкил этиш ва стандарт вазиятлари устаси бўлган Жепаров жамоа голларининг аксариятида ҳаммуаллифлик қилган. Қолаверса, гуруҳ босқичида Иордания дарвозасига киритилган учта голдан бирини ўз номига ёзиб қўйганди.

Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси бўлган Сервер 2019 йилда «Металлург» клубида фаолиятини якунлади. Жепаров айни дамда Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси (U-16) бош мураббийи сифатида фаолият олиб бормоқда.

 Александр Гейнрих

Ўзбек футболининг энг яхши ҳужумчиларидан бири бўлган Александр Гейнрих Қатардаги Осиё Ўйинларигача 2003 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашган, 2004 йилги Осиё Кубогида тўп сурган бўлса-да, айнан Доҳа-2006да ярқ этиб порлади. Мусобақага Москванинг «Торпедо» клуби ҳужумчиси сифатида ташриф буюрган 22 ёшли Гейнрих турнир давомида жамоамиз киритган 7та голдан 5тасига муаллифлик қилди ва энг яхши тўпурарлар баҳсида 2-ўринни олди.

Жумладан, 1-турдаги БАА – Ўзбекистон (1:2) ўйинида дубли эвазига илк ғалабани тақдим этган бўлса, 2-турда мезбон ва якунда чемпион бўлган Қатарга қарши баҳсдаги ягона голи билан Ўзбекистонга 3 очко келтирди. 3-турда эса Иордания устидан қозонилган 3:1 ҳисобидаги ғалабада дастлабки голга муаллифлик қилди.

Чорак финалдаги Ироқ билан ўйинда ҳам айнан Гейнрих ажойиб голи эвазига ҳисобни тенглаштирган бўлса-да, қўшимча бўлимларда бир киши кам бўлиб қолган вакилларимиз Ироққа 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани аламли тарзда тарк этишганди.

Бутсасини михга илган Гейнрих 2019 йилда Қозоғистоннинг «Актобе» клубида дастлаб селекционер-мураббий, кўп ўтмай жамоа бошлиғи лавозимида фаолият бошлаган эди.

Доҳа-2006 Осиё ўйинларидаги натижамиз:

«А» гуруҳи
1-тур.
 БАА – Ўзбекистон - 1:2
Голлар: Сақер 69 – Гейнрих 44, 55

2-тур. Қатар – Ўзбекистон - 0:1
Голлар: Гейнрих 67

3-тур. Ўзбекистон – Иордания - 3:1
Голлар: Гейнрих 11, Денисов 47, Жепаров 74 – Ал-Саифий 35.

Чорак финал.
Ўзбекистон – Ироқ - 1:2
Голлар: Гейрих 45+1 – Жассим 10, Мансур 95.

Усмон Ибодов

Мавзуга оид