Ўзбекистон | 11:41 / 12.02.2020
24839
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 5та янги авиакомпания ташкил этилади

Мамлакатга келадиган туристлар сонини 7,5 миллионга етказиш мўлжалланмоқда

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда фуқаро авиаташишларини амалга оширувчи камида 5та янги резидент авиакомпаниялар ташкил этилади. Бу ҳақда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида айтилган.

2020 йил 1 апрелга қадар чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Дастурда:

фуқароларига визасиз режим жорий қилинадиган мамлакатлар сонини янада кўпайтириш;

мамлакатда фуқаро авиаташишларини амалга оширувчи камида 5та янги резидент авиакомпаниялар ташкил этиш;

янги авиарейслар очиш ва қатновлар даврийлигини ошириш асосида мавжуд авиақатновлар сонини қўшимча 2,8 мингтага кўпайтириш;

IATA (Ҳаво транспорти халқаро ассоциацияси) “Summer-2021” ёзги мавсум бошлангунча “Очиқ осмон” режими татбиқ этилган мамлакатнинг халқаро аэропортларининг ҳар бирида янги 10 та халқаро авиарейсни йўлга қўйиш;

авиарейслар сонини ошириш мақсадида мақсадли мамлакатларда жадал маркетинг кампаниясини олиб бориш;

туризм соҳасида нуфузли халқаро рейтингларда, хусусан Бутунжаҳон саёҳат ва туризм кенгаши (World Travel & Tourism Council) рейтингида Ўзбекистон ўрнини яхшилаш;

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг, жумладан хорижий компанияларни жалб қилган ҳолда хорижий дипломатик ваколатхоналарда элчининг биринчи ўринбосари мақомига тенглаштирилган вакилларини тайинлаш механизмини жорий қилиш назарда тутилади.

Ижро учун масъуллар - Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, вазирлик ва идоралар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид