Жаҳон | 12:40 / 14.02.2020
30925
14 дақиқада ўқилади

«Қариб қуйилмаган» Берни. Ғалаба билан бошлаган кекса номзод Трампни енгишга қодирми?

Февраль ойида АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари расман бошланди. Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида сайловлар бу қадар қизиқарли кечмаса керак. АҚШда сайлов бошқа кўпчилик давлатларда бўлгани каби бир кунда ўтиб кетмайди. Океанортида бу жараён узоқ давом этади, шу боис одамларда сайлов маданияти юқори даражага етган.

Фото: The Hill

АҚШдаги президентлик сайловлари праймериздан бошланади. Яъни, бу партияларнинг ички овоз бериш жараёни. Праймериз «бошланғич овоз бериш» дегани ва бу жараён бевосита сайлов натижасига таъсир қилади. Праймериз ҳар бир штатда алоҳида ўтказилиб, унда партия аъзолари ўзларининг партияларидан кўрсатилган номзодлар орасидан бирини танлайди.

Бу иш сайловлар вақтида партия вакиллари учун берилган овозлар сочилиб кетишининг олдини олиш учун қилинади. Айтайлик, демократлардан ҳал қилувчи босқичга икки номзод етиб борган ва партия уларнинг иккисини ҳам қўллаб-қувватлайди. Партия ҳал қилувчи натижаларга кўра, икки демократ номзодни қўллаганларнинг овозини бўлиб олиб, аросатда қолгандан кўра бир номзодни қўллашни афзал кўради. Бир сўз билан айтганда, АҚШ сайловларида шахслар эмас, ғоялар ўртасида кураш кечади. Бу эса сиёсатнинг энг юқори чўққисидир.

АҚШда одатга кўра илк праймериз Нью-Ҳэмпширда бошланди. Праймеризни ўзида бошлаш учун кўп штатлар ҳаракат қилиб кўрган, аммо ўзига хос сайловнинг старти айнан Нью-Ҳэмпширдан бошланиш анъанаси ўзгаришсиз қолмоқда. Ҳар қандай номзод учун дастлабки праймериз натижаси жуда муҳим, чунки илк натижалар қолган штатлардаги сайловчиларга ҳам бевосита таъсир қилади.

Йўқ, Нью-Ҳэмпширда вакиллар (делегатлар) қолган штатлардан фарқ қиладиган даражада кўп эмас. Дарвоқе, АҚШда сайловчилар тўғридан-тўғри президентликка номзодларга эмас, вакилларга овоз беришади. Вакиллар эса ўзига ишонганлар номидан президентни сайлайди. Шу боис, Трамп Ҳиллари Клинтондан 3 миллион камроқ овоз олган бўлишига қарамай, президент бўлиб кетганди, чунки Трампга кўпроқ вакил овоз берган.

Демак, илк праймериз ҳақида гаплашаётгандик. Айтайлик, сиз Нью-Йорк штати фуқаросисиз ва кимга овоз беришга иккиланяпсиз. Табиийки, сиз демократ ҳам, республикачи ҳам эмассиз, акс ҳолда катта эҳтимол ўз партиянгиз кўрсатган номзодни қўллар эдингиз. Иккиланиб турган вақтингизда эса Нью-Ҳэмпширдаги праймериз натижасига қарайсиз. У ерда кимдир катта фарқ билан ғалаба қозонса, шунча одам бир нимани билади-ку, деган тушунча ҳар қанақасига хаёлингиздан ўтади. Камида Байден нега 5-ўринни олдийкин, демак Украинадаги гап-сўзлар бекорга эмаскан-да, деб ўйлайсиз.

АҚШда ҳамма демократ ёки республикачи деб ўйласангиз, адашасиз. Сайловларда нейтрал овоз берувчилар жуда кўп бўлади. Номзодлар ўз партиясидагиларнинг эътиборини тортиш учун эмас, айнан нейтрал номзодларнинг овози учун курашади. Ахир партиядошлари шундоқ ҳам уларга овоз беради. Айнан мана шу жиҳатдан праймеризнинг бошланиши жуда муҳим.

Сандерс энг кекса номзод, аммо у ғолиб бўлди

Берни энг кекса номзод, лекин энг олдинда / LIVENews

Нью-Ҳэмпширдаги илк праймеризда демократлар орасида ўтган сафар ҳам президентликка номзодини қўйган Берни Сандерс ғолиб бўлди. Уни 26 фоиз демократ қўллаган. Жо Байденни илк праймеризда партиядошларидан 9 фоизи қўллаган ва бу борада собиқ вице-президент бешинчи бўлди. Сандерсга бундай ғалабадан сўнг Трампнинг асосий рақиби сифатида қарай бошлашди.

Нью-Ҳэмпширдаги праймеризда Сандерс ва Буттижич 9тадан делегат овозига эга бўлди, Блумберг ҳали праймеризга қўшилмаган

«Қариб қуйилмаган» Сандерс

Сентябрда 79 ёшни қарши оладиган Сандерс номзодлар орасида энг қариси, аммо америкалик ёшлар айнан уни қўлламоқда. Социалист ҳисобланган Сандерс 1988 йил Россияда иш ташрифи билан бориб баҳонада «асал ойи»ни ҳам Ярославлда ўтказган. АҚШда бу фактга алоҳида эътибор беришмоқда. Агар Сандерс Трампнинг асосий рақибига айланиши аниқ бўлса, унинг Россиядаги сафари ҳақида қизил маълумотлар чиқиб қолса, ажабланманг. Ахир Байденнинг ўғли билан боғлиқ Украинадаги муаммолар собиқ вице-президентнинг электоратига таъсир қилганини кўрдик.

Нега ёшлар Сандерсни қўлламоқда?

Фото: LIVENews

Сандерснинг асосий устунлиги ўз йўлида собитқадамлигидадир. У доим ўз позициясида туриб келган. Айни дамда Сандерснинг ёшлар ва афроамерикаликлар ўртасида обрўси катта. Айниқса ёшлар Сандерсни жуда яхши кўради, чунки Берни сўлчи демократ бўлгани учун кескин чиқишлари билан ажралиб туради. Сўлчилар ўзларини ҳақиқий демократ деб ҳисоблашади ва инсоннинг сиёсий эркинлиги учун курашади. Улар ҳар қандай чекловларни рад этади ва табиийки бу қони қайнаб турган ёшларга ёқади.

Сўровлар нима дейди?

Ижтимоий сўровлар ҳақидаги фикримизни билдиришдан аввал АҚШда бундай турдаги сўровлар қанчалик аниқ амалга оширилиши ҳақида гапирсак. Масалан, Нью-Ҳэмпширдаги праймериздан аввал ижтимоий сўровлар натижалари Сандерс 25 фоиз овоз олишини кўрсатганди, овоз бериш тугагач Вермонт штатидан сайланган мустақил сенатор 26 фоиз овоз олди. Яъни, сўровлар катта аниқликда натижа беради.

2019 йил охирида ўтказилган ижтимоий сўровлар натижасига кўра, АҚШдаги 70 фоиз «миллениаллар» (яъни 1985 йилдан кейин туғилганлар) сайловларда Сандерсни қўллашини айтган. 2000 йилдан кейин туғилган ёш сайловчилар орасида эса бу кўрсаткич 64 фоизни ташкил қилган.

3 мартга белгиланган «суперсешанба»да ҳам Сандерс ғолиб бўлса, Трамп танқидлар нишонини Байдендан Берни Сандерсга қаратса керак. Биласизми, бу борада Трампда вариантлар камроқ бўлади, чунки Байден вице-президент лавозимида ишлаган, ҳукуматда фаол иш олиб борган. Сандерс эса раҳбариятда ишламаган, фақат сенаторлиги билан танилган. Байденни тролл қилиш учун Трампда имконият кўп эди, аммо Сандерс бу борада анча тоза номзод.

Сўровларда дастлаб Байденни кўпроқ қўллашаётганди, сўнгги вақтларда Сандерс барқарор одимламоқда

Номзодларнинг оила аъзолари ҳам бундай вақтда катта саҳнага чиқади. Масалан, Байден яхши кетаётган вақтда ўғлининг Украинадаги фаолияти унга панд берди: Трамп Зелинский билан учрашиб унга Байденнинг ўғли билан боғлиқ вазиятни ўрганишни «уйга вазифа қилиб берди». АҚШдан инвестиция ва катта ёрдам пуллари кутаётган Украина ҳозир бундай сўровни қўрслик қилиб рад этадиган аҳволда эмас. Натижа эса Трамп учун яхши бўлди — Байден асосий рақобатчи бўлмай қолди.

Ёки Франция президентлик пойгасида Макронга хотини шунчаки оддий ўқитувчи (бунинг устига ўзининг биринчи ўқитувчиси) экани ҳам ёрдам берганди. Унинг рақиблари орасида кимнингдир эри, кимнингдир фарзанди қандайдир можарога аралашган бўлиб чиқиб, Макрон «намунали оила бошлиғи» сифатида бу борада муаммога учрамаганди.

Трампга рақобат қила оладими?

Photos by Sarah Silbiger/Getty Images and Chip Somodevilla/Getty Images.

Берни Сандерс мамлакатнинг энг машҳур сиёсатчиларидан бири. У Байдендан фарқли сайлов кампаниясини рақибларини янчишга уриниш асосига тузгани йўқ. Ҳар ҳолда ҳозирча шундай. Байден оз эмас, кўп эмас нақ амалдаги президентга қарши чиқишлари билан Трампнинг асабига ўйнади ва оқибатда «украинча зарба» қабул қилиб олди. Сандерс ҳам Трампни ағдариш ҳақида гапирди (номзодларнинг кўпчилиги бу гапни таъкидламоқда), аммо Трампни қоралашни асосий ишига айлантириб олгани йўқ.

Америкалик сиёсатчиларнинг фикрича, Сандерс демократларнинг ягона номзодига айланиши мумкин, аммо Трампга қаршилик қилиш у учун деярли имконсиз, чунки Сандерс классик сўлчи сифатида ҳукуматни жуда кўп танқид қилган ҳолда ижтимоий ҳимояга кўп эътибор беришни хоҳлайди. Океан ортида эса «АҚШнинг буюк эканини мадҳ этмаган» номзодлар муваффақият қозониши қийин (шу ўринда Трампнинг илк марта номзодини қўйган вақтдаги шиорини эсланг: Make America great again).

Чиндан АҚШдаги сайловларда асосий интрига 2-ўрин учун кечаётгандек. Йўқ, Трампнинг обрўси ошиб кетгани йўқ, аксинча кўпчилик америкаликларнинг ундан тоқати тоқ бўлгандек, шунчаки майдонда етарли даражада кучли рақиб кўринмаяпти.

Масалан, демократларнинг ўзи асосий номзод борасида бир фикрга келгани йўқ. Сайлов кампанияси аввалида бир қарашда рисоладагидек номзод бўлган Жо Байден партия томонидан қўлланди ва демократлар партияси айнан «ўнг ва сўлга оғмаган» Байденни асосий номзод сифатида кўрсатмоқчидек эди, аммо сайловчилар праймеризнинг биринчи раундида қария Сандерсни маъқулроқ номзод сифатида танлади.

Сандерс — қайсар, Байден эса фақат мақсад сари интилади

Буттижич, Сандерс, Байден ва Уоррен. Демократларнинг фаворитлари

Демократларнинг асосий номзоди бўлиш учун курашаётган Сандерс ва Байден бир-биридан бутунлай фарқли инсонлар. Сандерс учун гўёки ўз ғояларидан олийроқ нарса йўқдек, яъни у президент бўлиш учун айнан қандайдир чиқишларга зўр бермайди. Масалан, Трамп одамларга нима ёқишини билган ҳолда кампаниясини ишлаб чиқиб, қайсидир маънода шунинг эвазига ғалаба қозонганди. Байден эса америкаликларда Россияга бўлган нафрат ошган айни дамда «олий даражадаги русофоб» эканини кўп бора исботламоқчи бўлди.

Бу қайсидир маънода «Кассандра тамғаси»даги (Чингиз Айтматовнинг машҳур романи) Оливер Ордокнинг ҳаракатларини эслатиб юборадиган популистликка ўхшайди. Сандерсда мана шу нарса йўқ, у қўпол қилиб айтганда, ўзининг сўлча ғояларига собит қоладиган қайсар қария.

Демократлар тактик жиҳатдан кучсизми?

Сандерс олдинги сайловларда ҳам сайловчилар орасида катта обрўга эга бўлганига қарамай, демократлар партияси собиқ давлат котиби, собиқ биринчи хоним Ҳиллари Клинтонни асосий номзод сифатида танлаганди. WikiLeaks эса худди шуни кутиб тургандек Клинтоннинг махфий ёзишмаларини эълон қилиб, Трампга «яшил чироқни ёқиб берди». Агар партия Сандерсни қўллаганида, балки ҳаммаси бошқача бўлган бўларди, чунки Берни доим мустақил сиёсатчи бўлган ва Клинтондан фарқли равишда ҳеч кимга ниманидир ваъда қиладиган ваколатга эга бўлмаган.

Бу йилги сайловларда эса демократлар олдинги омадсизликдан қочиш учун Байдендан воз кечиб, Сандерсни қўллаши мумкин. Чунки ҳали праймериз бошланмай туриб Байденни «ер билан яксон қилишни бошлаган» Трамп агар у асосий рақибга айланса, қанақа «компромат» топиб қўйганини тасаввур қилаверинг.

«Давлатимиз Эрон ва Саудия билан бир қаторда бўлишини хоҳламайман»

Берни Сандерснинг қай даражада сўлчи эканини исботлаш учун бир иқтибосини эсласак. АҚШда мавжуд бўлган ўлим жазосига қарши бўлган Сандерс чиқишларидан бирида шундай деганди: «Мен давлатимиз ўлим жазосини қўллайдиган Хитой, Эрон ва Саудия каби мамлакатлар билан эмас, Европа демократлари билан бир қаторда бўлишини хоҳлайман».

АҚШ Саудия Арабистони билан қанчалик қалин экани маълум гап, чунки бу мамлакат Америкадан «даҳшатли» миқдорда кўп қурол-яроғ сотиб олади. Трамп ўз президентлиги даврида Саудияга 400 миллиард долларлик қурол-яроғ сотилганини кўп марта мақтанган. АҚШнинг Хитойдан ташқи қарзи ҳам бошни айлантирадиган даражада катта. Мана шуларни билган ҳолда Сандерс президентлик кампанияси вақтида бу иқтисодий державаларни ўта хотиржамлик билан бемаза мамлакатлар қаторига қўшди. Сандерс Америка, Америка, деб ҳайбаракаллачилик қилмаслик баробарида мамлакат манфаатини, шаънини ҳар қандай миллиардлардан устун қўя олади. Бу Рональд Рейганни эслатмаяптими?..

Номзод қачон танланади?

АҚШда сайловчилар вакилларга овоз бериши, вакиллар эса ўзини қўллаганлар номидан президентни сайлаши юқорида айтиб ўтилди. 2020 йилнинг 16 июнь куни демократларда вакиллар танлаш жараёни якунланади, яъни праймериз ўз ниҳоясига етади.

Дарвоқе, 3 мартга белгиланган «суперсешанба»да ҳам жуда кўп нарса ойдинлашади. Шу ўринда, бу термин ҳақида икки оғиз: АҚШда президент сайловлари ноябрда ўтказилади. Сайловгача бўлган праймериз эса февралда бошланади. Одатда февралнинг сўнгги сешанбасида 15та, баъзан 20та штатда бир вақтнинг ўзида праймериз ўтказилади.

«Суперсешанба»ни ютганлар пойгада катта устунликка эга бўлади. Бу йил «суперсешанба» март ойининг дастлабки сешанбасига тўғри келмоқда. Демак, 16 июнда вакиллар танлаш якунлангач, 13-16 июль кунлари Милуоки штатида ўтказиладиган партия йиғилишида демократлар партиянинг асосий номзодини танлаб олади. Президентлик сайловлари эса 3 ноябрда бўлиб ўтади, бу АҚШ тарихидаги 59-президентлик сайлови бўлади.

Сайловнинг биринчи босқичи тақвими

Демак, шунақа гаплар. Барчангизга 3 мартдаги «суперсешанба»ни ўтказиб юбормасликни тавсия қиламиз. Умуман, АҚШ президентлик сайловларини кузатиш одамга завқ бағишлайди. Чунки бу ажойиб давлат айнан демократик сайловлар, соф сайлов рақобати эвазига бугун дунёнинг энг қудратли давлати бўлиб қолади. Айнан шу сабаб «кеча пайдо бўлган» Америка кўҳна Европа ва минг йиллик анъаналарга эга шарқ давлатларини ортда қолдириб, дунёнинг иқтисодий марказига айланди. 4 ноябрда ана шу ажойиб мамлакат янги президент билан уйғониши мумкин. Нима деб ўйлайсиз, Трампни енгишнинг имкони бормикин?..

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид