«Фронт чизиғидаги аскарлар кабимиз». Хитойлик шифокорлар ва ҳукумат коронавирус билан қандай курашмоқда?
Шифокор Яо коронавирус ўчоғи Ухандан 300 километр масофадаги Цзинчжоу шаҳрида яшайди.
Унга ҳар куни ҳарорати кўтарилган ва инфекциянинг бошқа симптомлари аниқланган ўнлаб беморларни юборишади. Яо коронавирус юқтиргани гумонланганлардан қон таҳлили олади ва тестлар ўтказади.
Эпидемия бошланган вақтда клиникада зарур воситалар етарли эмасди, аммо ҳозир вазият яхшиланган. Хусусий компаниялар ва давлат ёрдами билан шифохона зарур дори-дармонлар ва қурилмалар билан таъминланган. Аммо ҳамон шифокорларга ҳимоя ниқоблари ва кийимлар етишмовчилиги кузатилмоқда, бу воситаларни тежашга тўғри келмоқда.
«Клиника раҳбарияти биз фронт чизиғидаги аскарлар қатори эканимизни айтган. Биз қуролсиз ҳам жанг қиламиз», - дейди Яо Би-би-си мухбирига.
Бу клиникада тиббий ходимлар амалда танаффуссиз, овқатланиш ёки ҳожатга чиқишга ҳам вақти бўлмай ишламоқда. Кўплаб шифокорлар уйга боришга куч қолмаганидан шу ерда ухлашмоқда.
Яо иш куни якунлангач, бир неча ҳимоя кийимларини ечади, кийимлар тердан жиққа ҳўл бўлган. Аёл шифокорларнинг юзи доимий равишда ҳимоя ниқоби кийиб юриш оқибатида яра бўлиб кетган.
Клиниканинг бошқа кўплаб ходимлари каби, Яо янги йил таътилларини оиласи билан ўтказишни истаган, аммо, биринчидан, уларни зарарлантиришдан қўрқишган, иккинчидан, улар шифохонада керак.
Барча коронавирусга қарши курашга
Эпидемияни яширишга уриниш ва унга қарши етарли даражада реакция билдирилмаётгани учун ижтимоий тармоқларда қаттиқ танқидга учраган Хитой ҳукумати миллатни вирусга қарши курашга сафар қилишга қарор қилди.
Хитой давлат каналлари хабарларига кўра, мамлакатдаги ҳарбий-тиббий институтларнинг ходимлари эпидемия тарқалиши бошланган Хубэй провинциясига вирусга қарши кураш учун жўнатилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Хубэйга ходимлар билан бирга талабалар ҳам йўл олган. Телеграмдаги Коронавирус/2019-nCoV каналида жойлаштирилган видеода талаба экани тахмин қилинганлардан бири шундай дейди: «Экспедиция эртага бошланади, жиҳозлар тайёр, жами 160 киши Хубэйга ёрдам учун отланган».
Economist журнали ёзишича, айрим қишлоқларда яна радиокарнайлар (динамиклар) ишлатила бошланган, ўз вақтида улардан колхозлардагиларни янада кўпроқ ишлашга чорланган сиёсий шиорлар трансляцияси учун фойдаланилган.
Ҳозирда радиокарнайлар орқали уззукун коронавирусга қарши кураш жараёни бўйича сўнгги маълумотлар, касалланганлар сони ва эпидемия вақтида қандай ҳаракатланиш бўйича кўрсатмалар эълон қилиб борилмоқда.
Хитой Коммунистик партияси коронавирусга қарши курашни «Халқ уруши» деб атаган. Бундай уруш эса мадҳиялар ва рақсларсиз ўтармиди?
«Оилавий шифокор» газетасининг Weibo тармоғидаги расмий каналида Уханда олинган видео жойлаштирилган, унда шифохонадаги беморлар ва тиббий ходимлар «Коммунистик партиясиз янги Хитой бўлмасди» номли қўшиқни куйлашганини кўриш мумкин. Газетанинг ёзишича, шу тариқа улар беморлардан бирининг тузалишини нишонлашган.
CCTV давлат канали эса Хубэй провинциясидаги бошқа бир вақтинча шифохонадаги беморлар ва тиббий ходимлар руҳни кўтариш учун рақс тушишаётгани тасвирларини намойиш этган.
Economist нашрида эълон қилинган мақолада айтилишича, Чандэ округи марказидан узоқ бўлмаган ҳудудда жойлашган Фукиншан қишлоғида кўнгиллилар отряди Хубэй вилоятидан келаётганларни ортга қайтариб юбормоқда.
Коммунистик партиянинг чекка қишлоқлардаги фаоллари раҳбариятга айрим қўшнилар тақиқларга қарамай уйдан чиқаётгани ва йиғилишлар ўтказишаётгани ҳақида хабар берган.
Хэбэй провинциясидаги Таншань шаҳрида маҳаллий ҳукумат аҳолига итларини айлантириб юришни тақиқлаган.
Би-би-си мухбирларидан бирининг ота-онаси Шаньдунда уларга икки ҳафта давомида кўчага чиқмаслик ҳақида кўрсатма берилгани ҳақида айтиб беришган. Қишлоқлардан фарқли равишда шаҳарда партиянинг кўз-қулоғи бўлган фаоллар ёрдамига эҳтиёж сезилмайди, ҳукумат тақиқига риоя қилиниши кузатув камералари орқали назорат қилинади.
Коронавирус сиёсий инқирозга олиб келиши мумкинми?
Кўплаб хитойшунос экспертлар ҳозирги инқирозли ҳолат Коммунистик партиянинг мамлакатдаги ҳокимиятини янада мустаҳкамлашидан хавфсирамоқда. Бошқаларнинг фикрича эса, партия қанчалик қудратли бўлмасин, бундан буёғига «гайкаларни айлантириш» қийинлашади.
Кўплаб экспертлар битта фикрда якдил - ҳозирги инқироз ХХР раиси Си Цзиньпин ҳокимиятини янада мустаҳкамлайди.
Ахир партиялар вакиллари ва давлат телеканаллари жойлардаги амалдорлар янги вирус ҳақидаги маълумотларни яширишга уринган ва вақтида керакли чоралар кўрмаган маҳаллий амалдорлар айбдорлиги ҳақида айтмоқда. Улар Си Цзиньпин Хубэйдаги амалдорларни ишдан олиб, вазиятни тўғрилади.
Хусусан, Хитой Коммунистик партиясининг провинциядаги котиби Цзян Чаолян лавозимини йўқотди - унинг ўрнига Сининг сафдоши, Шанхайнинг собиқ мэри Ин Юн тайинланди.
Синьхуа ахборот агентлиги хабарига кўра, партиянинг Ухан шаҳридаги раҳбари Ма Гоцян ҳам ишдан бўшатилган.
Си Цзиньпиннинг ўзи Уханга бормади ва бунинг учун ҳам уни ижтимоий тармоқда танқид қилишди. Лекин у Пекиндаги шифохонага ташриф буюриб, шароитлар билан танишди ва ўз тана ҳароратини ўлчатди.
Январь ойи охирида вазиятни ҳал қилиш учун Хубэй провинциясига ХХР Бош кенгаши бош вазири Ли Кэцян ташриф буюрганди.
Ҳозирда давлат раҳбари Хубэйга яна бир яқин кишисини, партиянинг марказий сиёсат ва қонунчилик масалалари бўйича қўмитаси раҳбарини юборган. У Хубэйдаги эпидемия оқибатларига қарши кураш бўйича миллий жамоа раҳбари ўринбосари этиб тайинланган.
Миллий жамоа провинцияда ўн кун ичида иккита госпитал қурди ва бир неча стадионни тиббий жиҳозлар билан жиҳозлади. Ҳозирда мамлакатнинг турли ҳудудларидан Хубэйга дори-дармон, қурилмалар ва озиқ-овқатлар жўнатилмоқда.
Шунинг учун, ижтимоий тармоқда ҳукумат танқид қилинаётганига қарамай, Коммунистик партия раҳбариятида жиддий ўзгаришлар бўлишини кутишга ҳожат йўқ.
«Партия раҳбариятидагилар орасида ҳозирда Си Цзиньпинга чорлов қила оладиган жасури йўқ» - деб ҳисоблайди Би-би-сининг Ҳонгконгдаги Хитой хизмати мухбири Фэн Ванг.
У Ухан аҳолиси вакиллари орасида сўров ўтказган, ўз шахси аноним қолишини истаган уханликлардан мамлакат раҳбарияти фаолиятига баҳо бериш сўралган.
«Менимча, ҳукумат етарли даражада яхши ишламоқда, инқирозли ҳолат тез орада ҳал қилиниши керак. Бундай вазиятларда биз фақат ҳукуматимизга таянишимиз мумкин», - деб ҳисоблайди аҳоли вакилларидан бири.
Мавзуга оид
18:12 / 17.08.2024
Қозоғистон Mpox вирусини аниқлаш учун ПЗР тестларини сотиб олди
19:09 / 24.04.2024
Конгода маймунчечак эпидемияси бошлангани эълон қилинди
21:48 / 12.12.2023
Дунёда қизамиқ энг кўп тарқалган мамлакатлар эълон қилинди
21:36 / 24.11.2023