Ўзбекистон | 19:17 / 17.02.2020
66795
4 дақиқада ўқилади

Санъаткорлар қанча солиқ тўлаши маълум бўлди

Хонандалар икки хил усулда – қатъий белгиланган миқдордаги ёки топган даромадига қараб ҳисобланадиган солиқ тўлашлари мумкин. Қатъий ставкага асосан, Тошкент шаҳрида хизмат кўрсатувчи санъаткор ойига 225 минг сўм, туман марказлари ва қишлоқларда 50 минг сўм тўлайди.

Фото: Flickr / Ben Grey

Бугун, 17 феврал куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида солиқ соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда санъаткорлар даромадининг солиққа тортилиши борасида ҳам сўз борди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

Лицензия тўлови 4 баробарга камайди

Концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш учун жисмоний шахслар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиши керак. Шундан кейин «Ўзбекконцерт»дан лицензия олиш талаб этилади.

2020 йилдан бошлаб санъаткорлар ҳам солиққа тортила бошлаши муносабати билан, лицензия учун тўланадиган давлат божи миқдори 4 баравардан ошиқроққа камайтирилган.

Бож миқдори – ҳар бир ижрочига берилган рейтингга мос тарзда табақалаштирилган. Бунда санъаткорлар 6 тоифага бўлинади: Ўзбекистон халқ артисти унвонига эга хонандалардан тортиб, маҳаллий отарчиларгача.

Божнинг энг арзон миқдори 6-тоифадаги санъаткорлар учун белгиланган – 3 млн сўм.

Солиқ тўлашнинг икки хил шакли

Санъаткор ўз хоҳишига қараб, қатъий белгиланган миқдордаги солиқ ёки декларация асосида даромад солиғини тўлашдан бирини танлаши мумкин.

Агар даромадлари 100 миллион сўмдан ошса ёки айланмадан солиқ 1 миллиард сўмдан ортиқ бўлса, қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўланади.

1. Қатъий белгиланган миқдордаги солиқ

Солиқ ставкаси ҳудудлар кесимида белгиланади.

Тошкент шаҳрида хизмат кўрсатувчи санъаткор – ойига 225 минг сўм, вилоятлар марказларида – 150 минг сўм, туман марказлари ва қишлоқларда эса 50 минг сўмдан солиқ тўлайди.

Агар санъаткор маълум вақт хизмат кўрсатмай турса (масалан, тўйлар кам бўладиган қишда), гувоҳномасини вақтинча топшириб, фаолиятини тўхтатиб туриши мумкин. Бунда хизмат кўрсатмаган даври учун солиқ мажбурияти юзага келмайди.

2. Декларация асосидаги даромад солиғи

«Йўқ, мен қатъий солиқ тўламайман, мен даромад олсамгина шу даромадимга мувофиқ солиқ тўлайман, дейдиган бўлса, улар декларация асосида солиш тўлаши мумкин», – дейди Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Жаҳонгир Абдиев.

Бу шаклда солиқ тўлашни танлаган санъаткор барча харажат ва даромадлари ҳисобини юритиши керак.

«Айтайлик, хизмат кўрсатиш орқали 100 миллион сўм даромад олди. Шундан харажатларни чегаралаб ташлайди – биринчи навбатда лицензия учун тўланган давлат божи. Қўшиқ ёздирса, унинг харажатларини чиқариб ташлайди. Умуман, ижоди билан боғлиқ қанақа харажат бўлса, барчасини чегириб ташлайди. Шундан кейин, агар фойда кўрган тақдирдагина, солиқ тўлайди», – деди Абдиев.

Унинг қўшимча қилишича, фаолият билан боғлиқ харажатларга тўйга бориш-келиш, машинасига ёқилғи қуйишгача бўлган чиқимлар ҳам киради.

«Албатта, ҳар бир харажат тасдиқланган бўлиши керак. Муаммо ҳам шунда. Очиқча айтсак, даромад ва харажатларни кўрсатиб, очиқ ишлайдиган пайтимиз келди. Агар шаффоф ишласак, ҳеч қандай муаммо бўлмайди», – деди Жаҳонгир Абдиев.

Маълумот учун, санъаткорлардан йиғилган солиқнинг 30 фоизи республика давлат бюджетига, 70 фоизи Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.

Мавзуга оид