Ўзбекистон | 22:16 / 18.02.2020
16627
4 дақиқада ўқилади

Минглаб кишиларга фуқаролик беришни назарда тутадиган қонун қабул қилинди

18 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролиги тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

Қонуннинг 24-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур бўлган даражада билиш талаби қўйилган. Бу энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган моддалардан бири бўлди.

Депутат Расул Кушербаевнинг фикрича, бундай талаб қўйишда миллатларнинг этник келиб чиқиши ва тил хусусиятларини инобатга олиш керак.

«Масалан,Марказий Осиё халқлари ҳар қанақа тилни осон ўргана оладиган этник келиб чиқишга эга. Лекин Ўзбекистонда яшаётган айрим бошқа миллат вакиллари ўзбек тилида мулоқот қилишга қийналиши мумкин. Шунинг учун миллатлар этник келиб чиқишини ҳисобга олиш зарур», – деди Кушербаев.

Спикер ўринбосари Алишер Қодиров эса Ўзбекистон фуқароси бўлишни хоҳлаган одам давлат тилида ҳеч бўлмаганда ўзи ҳақида гапириб бера олиши керак, деб ҳисобламоқда.

«Фуқаролик беришда тил ҳақида қўйилган талабни тўғри деб ҳисоблайман. Ўзбекистон Республикасида давлат тили – ўзбек тили. Республикада ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши учун, фуқаро давлат тилида мулоқот қила олиш учун тилни минимал даражада билиши зарур. Ҳар қанақа этник келиб чиқишдан қатъи назар, бу талаб тўғри», – деди Қодиров.

Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икромовга кўра, Ўзбекистонда яшаётган фуқаролиги йўқ шахсларнинг асосий қисмини ўзбеклар ташкил қилади.

«Шунинг учун тил билан боғлиқ талаб уларга муаммо туғдирмайди», – дея аниқлик киритди Икромов.

Қонун асосида, давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартибини белгилаш ҳуқуқи Вазирлар Маҳкамасига берилиши мумкин.

«Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти мавжуд. Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартибини ваколати даражасида мазкур ташкилот кўриб чиқиши энг мақбул йўл», – деди Алишер Қодиров.

Қонуннинг 6-моддасида 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистонга кириб келган ва доимий пропискага ўтган, хорижий давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда бу қонун кучга кирган кунга қадар Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида истиқомат қилган шахс, истак билдирган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиниши назарда тутилган.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатида эълон қилган эди. Шу тариқа 50 мингга яқин киши автоматик Ўзбекистон фуқаролигига ўтиши кутиляпти. Мамлакатдаги фуқаролиги йўқ шахсларнинг умумий сони эса 95 минг нафардан зиёд.

«Қолган 45 минг нафарини миллатлар бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг асосий қисми – 80 фоизи ўзбеклардир. Шунингдек, 4 минг нафари рус, минг нафарга яқини корейслар», – дея маълумот берди Ички ишлар вазири ўринбосари Азизбек Икромов.

Ҳужжат амалга киритилса, Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш тартиб-таомиллари эркинлаштирилади. Фуқароликни олиш учун тақдим этилиши керак бўлган ҳужжатлар сони қисқаради. Фуқароларнинг консуллик ҳисобига туриш муддати узайтирилади.

Якунда қонун қабул қилинди ва Сенатга юбориладиган бўлди.

Статистика маълумотларига кўра, 1991 йил сентябрь ойидан бугунги кунга қадар 8249 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган. Уларнинг асосий қисми – 7765 нафари (94 фоизи) 2016 йил декабрь ойидан 2019 йил июль ойига қадар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган.

Мавзуга оид