09:10 / 19.02.2020
10
6426

Ўзбекистоннинг бой давлатга айланишида меҳнат шароитларини яхшилаш катта ўрин тутиши айтилди 

Аҳолига муносиб меҳнат шароитларини яратиш, муносиб маош белгилаш, ривожлантириш талабларини амалга ошириш Ўзбекистонни бой давлатга айлантиради

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда истиқомат қилувчи аҳоли бўйича меҳнат ресурслари кўрсаткичи 2020 йил 1 январь ҳолатига 19 миллион ортган. Меҳнат бозорига ҳар йили 700 минг йигит-қиз кириб келади. Бу ҳақида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Баҳодир Умурзоқов маълум қилди.

“Аҳолимиз сони 33 миллион 780 минг кишини ташкил қилади. Мана шу сондан келиб чиқадиган меҳнат ресурсларига эътибор қаратадиган бўлсангиз, бу [кўрсаткич] 19 миллиондан ошиб кетди. Меҳнат бозорига ҳар йили 700 минг нафар йигит-қиз кириб келади.

Бу албатта бозор структураси, амалиёти, иқтисодий механизмларини иложи борича тезроқ ва мукаммал ривожлантиришни тақозо этади”, - деди Баҳодир Умурзоқов Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро форумдаги нутқида. 

У сўзининг давомида Ўзбекистон меҳнат ресурслари бўйича юқори кўрсаткичга эга эканини айтиб ўтди.

“Шу 19 миллион доимий аҳоли сонига бўлинса, 57,3 фоизни ташкил қилади. Мана шундай меҳнат ресурсларига эга давлат жуда кам. Энг ривож топган давлатда ҳам бу кўрсаткич 51-52 фоизни ташкил қилади”, - деди вазир ўринбосари.

У ана шу 19 миллион аҳолига муносиб меҳнат шароитларини яратиб, муносиб маош белгилаб, ривожлантириш талаблари амалга оширилса, Ўзбекистондек тараққий этган ва бой давлат дунёда топилмаслигини айтиб ўтди.

Мавзуга оид
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top