Kun.uz сайтида Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи тадбиркор Сафаровлар дуч келиб турган муаммолардан ҳикоя қилувчи «Қаршидаги собиқ «Эҳтиёт қисмлар бозори» ҳақиқий эгасига қайтарилмаяпти: 14 йиллик сарсонгарчилик қачон барҳам топади?» сарлавҳаси остида журналистик суриштирув эълон қилинган эди.

Кўп ўтмай Ўзбекистон Республикаси Олий суди муносабат билдирди.
Ушбу расмий муносабатда бир неча ноаниқликлар ва очиқ қолдириб кетилган саволлар бор.
Хусусан, Олий суд ўз муносабатида шундай деб ёзади:
«Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2007 йил 10 июлдаги ҳал қилув қарори билан қайд этилган олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилиб, Э.Сафаров «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» савдо комплекси» МЧЖнинг таъсисчилар сафидан чиқарилган, қурилиш материаллари бозори номи ўзгартирилиб, «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» савдо комплекси» МЧЖ деб қайтадан номлаш мажбурияти юклатилган».
Ҳолбуки, Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2007 йил 10 июлдаги ҳал қилув қарорида қуйидагича белгиланган:

1. Даъвогар — Қарши шаҳар ҳокимлигининг жавобгар Эркин Беғамович Сафаровни «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖ таъсисчилари сафидан чиқариш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилган. (Изоҳ: Э.Сафаров МЧЖнинг 49 фоиз улушига эгалик қилган).
2. Эркин Сафаров ва Тўлқин Сафаров ўртасида Жайхун кўчасида жойлашган «Эҳтиёт қисмлар (қурилиш материаллари) бозори» юзасидан 2004 йил 15 апрелда тузилган олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас, деб топилган ва тарафлар дастлабки ҳолатга келтирилган (Изоҳ: яъни Т.Сафаровдан бозор эгалиги Э.Сафаровга қайтарилган).

















