Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани «Гулобод» маҳалласи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 март кунги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги ПФ–5386-сонли фармонига кўра ободонлаштириш рўйхатига киритилган эди.

Лекин 1950-йилларда асос солинган қишлоқда «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида бажарилган ишлар ўлда-жўлда ва сифатсиз бажариб кетилгани маҳалла аҳлининг ҳафсаласини пир қилди.

Масалан, маҳалла марказий кўчасига ётқизилган сифатсиз асфальтда бир йилга бормасдан чуқурлар пайдо бўлди ва ёғинли кунларда кўлмаклар ҳосил бўлмоқда.

Дастур доирасида ариқлар тартибга келтирилмади. Симёғочларни алмаштириш учун бетон устунлар келтирилди, лекин улар кўчанинг ярмини банд қилиб ётибди, холос.

Маҳалла аҳлини қийнаётган энг катта муаммо — электр энергияси тўхтовсиз ўчавериб, барчани безор қилаётганидир.

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи оқсоқоллардан бири Қурбонбой Хўжаназаровнинг сўзларига кўра, 1954 йилдан буёғига ҳозиргача бирорта симёғоч алмаштирилмаган.

«Бир суткада 24 соат бўлса, шундан 4-5 соат свет берса, қолган вақт ўчади», — дейди оқсоқол.

Маҳалладаги бошқа оқсоқоллар ҳам чироқсиз дунёдан узилиб қолишаётганини билдиришди.

«Свет ўчгани туфайли телевизорда янгиликлардан бехабар қолмоқдамиз», — дейди Рамазон Ҳожиев.

«Президентнинг Парламентга мурожаатномасини, 4 соатлик нутқини биз одамларнинг оғзидан эшитяпмиз. Шу мурожаатноманинг ҳаттоки 10 дақиқасини ҳам кўра олганимиз йўқ. Хитойда коронавирус тарқабди, деган хабарни телевизорда энди томоша қилаётган эдик, свет кетди, охиригача эшитолмай ҳам қолдик», — дейди Қурбонбой Хўжаназаров.