«Дабдабали тўйни яшириб бўлмайди» — Вазир ўринбосари янги қонун коррупция ҳолатларини истисно қилиши ҳақида
Адлия вазири ўринбосари Раҳим Ҳакимов тўй, оилавий тантана, маъракалар ихчам ўтказилиши мақсадида тайёрланган қонун коррупция ҳолатларининг ортишига олиб келмаслигини маълум қилди.
Бугун, 27 февраль куни Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда қўмита аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишди.
Муҳокамалар давомида журналистлар қўмита аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертларга Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Сенат Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги қўшма қарори билан тасдиқланган «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг ихчам ўтказилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури»га асосан тайёрланган қонун бўйича саволлар билан мурожаат қилишди.
Адлия вазири ўринбосари Раҳим Ҳакимов тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг ихчам ўтказилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурига асосан тайёрланган қонун коррупция ҳолатлари ортишига олиб келиши эҳтимоли тўғрисидаги саволга жавоб қайтарди.
«Бу масалада кўп ўрганишлар амалга оширилган. Коррупция эҳтимоли жуда кам. Чунки Низомни ўқиган бўлсангиз, бу ерда шундай талаблар қўйилганки, ўзини-ўзи бошқариш органларини ҳам тўйхона, ҳам тўй ўтказувчи олдиндан хабардор қилиши керак. Механизмлар шундай яхши ёзилганки, бу ерда [коррупция] эҳтимоли жуда кам.
Чунки [тўй] бутун жамоат кўз ўнгида бўлади. Қолаверса, одатда дабдабали, кўп исрофгарчиликка олиб келадиган тўйлар жамоатчилик орасида шов-шув бўлиб кетади. Буни яширишнинг иложи йўқ. Бу кичкина нарса эмас. Бу кичик цех эмаски, инспектори бориб, уни ёпиб келса. Қолаверса, буларнинг исботи тўй ўтказувчининг қўлида бўлади. Ҳозир камерасиз тўй ўтказилмайди. Агар дабдабали қилган бўлса, тезда ҳаммаёққа тарқалиб кетади», дея Раҳим Ҳакимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
У шунингдек, қонунда меҳмонхона, парклар, Регистон майдонида ҳам тўй маросимлари ўтказилиши ҳолатлари кўзда тутилмаганини ҳам изоҳлади.
«Қонунда меҳмонхона, парклар йўқлигининг сабаби – буларнинг ҳаммасида ресторан бор. Ресторан меҳмонхона, паркка қарашли бўлади. Ресторансиз тўй бўлмайди. Меҳмонхонанинг ўзида озиқ-овқат бўлмаса, ҳеч қандай тўй ўтказиб бўлмайди. Шунинг учун бу ерда ҳеч қандай иккиланиш бўлиши мумкин эмас. Қайси меҳмонхонага борсангиз ҳам жавобгарлик бўлади. Чунки бу хизматлар [унинг] ресторани орқали кўрсатилади», деди вазир ўринбосари.
Мавзуга оид
12:42 / 23.06.2021
Дипломатия университети ва Юридик университет ректорлари вазир ўринбосарлигига ўтказилди
23:28 / 12.08.2020
Тошкент давлат юридик университетида янги ўқув йили анъанавий шаклда бошланиши мумкин
21:24 / 12.08.2020
Шавкат Мирзиёев: «Ўтган сафар 30 кишилик тўйларга рухсат берганимизда, кўп жойларда бу чекловга амал қилинмаганди»
17:44 / 11.06.2020