Ўзбекистон | 19:42 / 02.03.2020
5353
2 дақиқада ўқилади

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади

Ўзбекистон президенти фармони билан “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.

Фармонда хусусан, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида қуйидагиларни амалга ошириш белгиланган:

2020 йил 1 майдан бошлаб суд ҳукмлари, қарорлари, ажримлари ёки ҳал қилув қарорлари қонуний кучга кирган ишларни прокурор томонидан томонларнинг (прокурордан ташқари) мурожаати мавжуд бўлгандагина суддан талаб қилиб олиш тартиби амалиётга жорий этилади;

2020 йил 1 апрелдан бошлаб 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси асосида доимий истиқомат қилаётган ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш истагини билдирган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш тартиби жорий этилади;

2020 йил 1 ноябрга қадар одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанциялари ислоҳ қилиниб, назорат тартибида иш юритиш институти бекор қилинади;

2020 йил 1 июнга қадар тадбиркорлик соҳасидаги ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят турлари декриминализация қилинсин, шунингдек, божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш жиноятини биринчи марта содир этган, товар учун тўловни ихтиёрий равишда тўлаган ва божхона расмийлаштирувини амалга оширган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш тартиби жорий этилади;

2020 йил 1 декабрдан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судлар ваколатига ўтказилади;

2020 йил 1 декабрдан ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тегишли моддаси санкциясида назарда тутилган жаримани суд ва ваколатли идораларда иш кўрилгунга қадар ихтиёрий тўлашни рағбатлантириш тизими жорий этилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид