Ўзбекистон | 20:00 / 09.03.2020
21415
3 дақиқада ўқилади

Жиззахдаги кўпқаватли уй қурилишида арматурасиз плиталар ишлатилгани ҳақидаги хабарга изоҳ берилди

2019 йил охирида Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги 5 қаватли уйлар қурилишида таркибида арматура бўлмаган плиталардан фойдаланилгани айтилган видео тарқалган эди. Қурилиш вазирлигининг Қурилишда стандартлаштириш республика маркази раҳбари Саидаслам Хўжаев 9 март куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Унинг айтишича, плиталарда турлича арматуралар ишлатилади. Муҳокамаларга сабаб бўлган Жиззахдаги ҳолатда эса симли арматурадан фойдаланилган. Плиталарнинг синиб ётишига эса улар нотўғри тахлангани сабаб бўлган.

«Кўп гап-сўзлар темир-бетон буюмларини тўғри тушунмаганликдан бўляпти.

Бетон – мўрт нарса. Уни бинонинг конструкциясида ишлатиш учун унинг таркибида темир бўлиши шарт. Сейсмик фаол ҳудудда жойлашганимиз учун қурилишда ишлатиладиган плиталарга қўйиладиган тегишли талаблар бор. Яъни иккитадан тўртда «арматурали панжара» чиқиши керак, ён томонларида бўйламаси бўйича шпонлари бўлиши керак. Шундагина плиталар бинонинг сейсмик мустаҳкамлигини таъминлаб беради.

Плиталарда ҳар хил арматура ишлатилади. Одамлар ўрганиб қолган стерженли арматурадан ташқари юқори мустаҳкамликка эга симли, арқонли арматуралар ишлатилади. Билмаган одам бошқача арматура ишлатилган плиталарни кўрганда унга арматура ишлатилмаган деб ўйлайди. Бунга ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодаги ҳолат ҳам мисол бўлади.

Ваҳоланки, видеода кўрсатилган синиб ётган бетон плитасида симли арматура ишлатилгани яққол кўриниб турибди. Агар арматура ишлатилмаган бўлса, уни заводдан қурилиш объектигача олиб келиб бўлмайди», – дея тушунтирди Хўжаев.

Унинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода кўрсатилган жой – Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги қурилиш объектига Қурилиш вазирлиги мутахассислари бориб, барча плиталарнинг сифатини ўрганиб чиққан.

Ўрганиш давомида плиталарда арматуралар ишлатилгани, лекин бир хил миқдорда эмаслиги ва бошқа бир қатор камчиликлар аниқланган.

«Қурилиш объектига икки хил маркали арматура келтирилиши керак, видеода кўрсатилган қурилиш объектига эса ҳар хил маркали арматуралар олиб келинган. Бунга маҳсулотларни қабул қилиб олган қурилиш ташкилоти ҳам эътибор бермаган.

Плиталарнинг синиб ётганига келсак, бу – ишчилар қурилиш маҳсулотларини нотўғри тахлашгани оқибатида юзага келган.

Объектдаги ҳамма плиталар ўрганиб чиқилди. Аниқландики, бинонинг сейсмик мустаҳкамлигини таъминлайдиган ишлар бажарилмаган. Яъни «арматурали панжара» қилинмаган, ён томонларида шпонлари чиқарилмаган.

Бундан ташқари, плитанинг тепа қисмида «монтаж арматураси» бўлиши керак, Жиззахдаги плисталарда ана шу нарса қўйилмаган. Бундан келиб чиқадики, ишлаб чиқарувчи барча талабларни бажармаган», – деди Қурилишда стандартлаштириш республика маркази раҳбари.

Таъкидланишича, қурилиш материалларини синовдан ўтказиш учун барча талабларга жавоб берадиган маҳсулотлар олиб келинади, лекин объектларда ишлатиладиган маҳсулотларнинг барчаси ҳам белгиланган талабларга бирдай жавоб бермаяпти.

Саидаслам Хўжаевнинг айтишича, қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи ҳар бир корхонада лаборатория бўлиши керак.

«Лекин бугунги кунда аксарият ишлаб чиқарувчилар бундай имкониятга эга эмас, шартнома асосида бошқа ташкилотларнинг лабораторияларидан фойдаланиб келишмоқда. Бу эса маҳсулотларнинг қурилиш стандартлари талабларига жавоб беришини назорат қилишда муаммоларни келтириб чиқармоқда», – деди мутасадди.

Мавзуга оид