Ўзбекистон | 17:15 / 11.03.2020
30131
3 дақиқада ўқилади

Эксперт: Хитойнинг камбағалликни камайтириш борасидаги тажрибасини Ўзбекистонда ҳам қўллаш мумкин

Хитойда ҳар бир раҳбар ёки партия ходими халққа ғамхўрлик қилиши ва тўрт-бешта оилани ўз ҳомийлигига олиши керак. Кам таъминланганларга ижтимоий нафақалар ўрнига уруғлар, кўчатлар, микрокредитлар, ахборот хизматлари, технологик ёрдам, мукофот ва бошқа турдаги рағбатлантиришлар ажратилади.

Фото: REUTERS

Хитойнинг камбағалликни камайтириш бўйича тажрибаси Ўзбекистон учун бу муаммони ҳал қилишда энг яхши намуна бўлиши мумкин. Бу ҳақда таниқли синолог, фалсафа доктори ва Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори Исмат Бекмуротов Синьхуа агентлигига берган интервьюсида айтди.

Бекмуротовнинг фикрича, Хитойда камбағалликни камайтиришда "2021 йилгача фаровон жамият қуриш тўғрисида"ги концепциянинг амалга оширилиши муҳим рол ўйнайди. Мазкур ҳужжатда белгиланган ўзига хос "йўл харитаси"ни Ўзбекистонда ҳам қўллаш мумкин.

Эксперт Хитойда камбағалликни камайтириш бўйича кўрилаётган айрим чоралар ҳақида сўз юритди. Жумладан, ҳар бир раҳбар ёки партия ходими халққа ғамхўрлик қилиши ва тўрт-бешта оилани ўз ҳомийлигига олиши керак. Кам таъминланганларга ижтимоий нафақалар ўрнига уруғлар, кўчатлар, микрокредитлар, ахборот хизматлари, технологик ёрдам, мукофот ва бошқа турдаги рағбатлантиришлар ажратилади. Аҳолига бозор иқтисодиёти шароитида ишлаш ва молиявий саводхонлик асослари ўргатилади. Бундан ташқари, жойларда маҳаллий чорвачилик, деҳқончилик ва бошқа йўналишлар бўйича курслар олиб борилади. Ҳар бир оила аъзоси камида битта касбни эгаллаши шарт.

Муҳтож оилаларга яшаш шароитларини яхшилаш учун 100 минг юань (14 минг АҚШ доллари атрофида) миқдорида маблағ ажратилади, дейди олим. Маҳаллий ҳокимият кўмаги билан кам таъминланган оилаларда таъмирлаш устахонаси, фермер хўжалиги ёки кичик ишлаб чиқариш цехи ташкил этилади.

Аҳолининг кам таъминланган қисмига ижтимоий кафолатлар - таълим, тиббий хизмат ва уй-жой берилади. Шундай қилиб, ҳукумат халқ билан ўзаро ишончли муносабат ўрнатди ва бу йўналишда маълум ютуқларга эришди, дейди И. Бекмуротов.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Хитойнинг қашшоқликни камайтириш борасида эришган ютуқларини юқори баҳолаб, Хитойда 700 миллиондан ортиқ киши қашшоқликдан қутулганини, бу эса бутун дунё бўйича қашшоқликнинг кескин камайишига олиб келганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида мамлакатдаги камбағаллик даражаси 12-15 фоиз атрофида эканини маълум қилганди.

“Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби, бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу – кичкина рақамлар эмас. Гап 4-5 миллион аҳоли вакиллари ҳақида кетяпти. Бу – жуда катта рақам”, деганди президент.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш устувор вазифа этиб белгиланганини айтди.

Президентнинг сўзларига кўра, мамлакатда камбағалликка қарши кураш бўйича шу йилнинг ўзида 700 миллион долларлик дастурларни амалга ошириш кўзда тутилган. 

Мавзуга оид