Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ноқонуний қурилган, лекин кадастр ҳужжати бор уйлар қонунийлаштириб берилмайди – «Ергеодезкадастр»
Ўзбекистонда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларда қурилган айрим уйларнинг кадастр ҳужжатлари ҳам бор. Тураржойлар қонунга зид равишда қурилган бўлса ҳам, улар ҳужжатлаштириб берилган.
Бу бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов 10 март куни «Ҳукумат соати»да Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаевдан изоҳ сўради.
«Тўғри, айрим уйлар ноқонуний қурилган бўлишига қарамасдан, кадастр ҳужжатлари қилиб берилган ҳолатлар ҳам мавжуд. Бунга кўз юмолмаймиз. Беш қўл баробар эмас, турли одамлар бўлади. Коррупцияга йўл қўйилган ёки эътиборсизлик қилинган ҳолатлар ҳам бўлган.
«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддасида келтирилган нормага кўра, агарда фуқаро ҳукумат ёки мутасадди ташкилотнинг чиқарган қарорига ишонган бўлса, унинг бу ишончи қонун билан ҳимояланади.
Шунга мувофиқ, бундай ҳолатларда уларнинг [кадастр ходимларига ишониб, кейинчалик жабрдийда бўлиб қолганларнинг] ҳуқуқи қонун томонидан ҳимоя қилинади», – деди Абдушукур Абдуллаев.
Нурдинжон Исмоилов кадастр ходими уйини ҳужжатлаштириб берган, шунга ишониб, «тураржойим қонуний» деб хотиржам юрган одамлар йиллар ўтиб кимларнингдир хатосини деб жабрдийда бўлиб қолганда қонун уларни қандай ҳимоя қилиши билан қизиқди.
Қўмита раисига кўра, бундай муаммоли вазиятларнинг ҳар бири индивидуал ҳолатда ўрганилади. Лекин шунга қарамай, уларнинг ноқонуний қурилган уйлари қонунийлаштириб берилмайди.
«Ҳар битта бундай ҳолат индивидуал тарзда ўрганилади. Масалан, ноқонуний қурилган, аммо кадастр ҳужжати бор уй-жой бузиладиган бўлса, компенсация пулини унга тураржойини ҳужжатлаштириб берган идора тўлайди. Бу нарса қонунда бор», деди Абдушукур Абдуллаев.
Унинг маълум қилишича, шу пайтгача кадастр ходими хатоси билан жабрдийда бўлиб қолган бирорта фуқарога қўмита томонидан ҳеч қандай компенсация тўланмаган.
Мавзуга оид
17:06 / 21.04.2026
Ўзбекистонда чет элликларга аукцион орқали ер ижара ҳуқуқини сотиш тўхтатилади
22:00 / 02.07.2024
Урганч тумани қурилиш бўлими собиқ бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
19:13 / 23.05.2024
Фермерларга ижара ҳуқуқини сотишга рухсат берувчи қонун лойиҳаси қабул қилинди
13:45 / 05.03.2024