Германиянинг биринчи канцлери номидаги сиёсий фонд вакиллари Термизда бўлишди
9-10 март кунлари Германиянинг Фридрих Эберт ва Конрад Аденауэр номидаги сиёсий фондларининг минтақавий идоралари раҳбарлари Ронни Хайне ҳамда Кристоф Мор Термиз шаҳрига ташриф буюрди.
Фредрих Эберт номидаги фонд социал-демократик партия билан боғлиқ Германиянинг сиёсий фонди ҳисобланади. Фонд 1925 йил Германиянинг демократик йўл билан сайланган биринчи президенти Фридрих Эберт сиёсий мероси сифатида ташкил этилган.
Конрад Аденауэр номидаги фонд эса христиан-демократик иттифоқи партияси билан боғлиқ. У 1955 йилда ташкил этилган ва 1964 йилдан буён Германиянинг биринчи канцлери номи билан аталади. Фонд сиёсий таълим, Европада интеграцияни қўллаб-қувватлаш, санъат ва маданият масалалари билан шуғулланади.
Ушбу ташриф Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро институти ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ташкиллаштирилди. Германиялик мутахассисларга институт директори ўринбосари Акрамжон Неъматов, институтнинг илмий ходими Муҳриддин Холбеков, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев, ТИВнинг Осиё ва Африка бошқармаси биринчи котиби Аслан Акбаров, шунингдек Конрад Аденауэр фонди координатори Ашраф Алиқуловлар ҳамроҳлик қилишди. Ташриф аввалида германиялик меҳмонлар Термизда фаолият юритаётган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази билан танишишди.
Ушбу марказ 2018 йил январда очилган бўлиб, унда афғон ёшлари учун олий таълимнинг 19 йўналиши ва ўрта-махсус касбий таълимнинг 18 йўналиши бўйича таълим олиш имкониятлари яратилган.
Бугунга қадар марказда 136 нафар афғон талабалари таҳсил олган. Улардан 96 нафари ўзбек тили ва адабиёти бўйича бакалавр даражасини олган бўлса, яна 40 нафари рус тили, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва тадбиркорлик бўйича қисқа муддатли курсларда малака оширди. Ҳозирги кунда афғонистонлик ёшларни ўқитиш марказида ўзбек тили ва адабиёти, акушерлик ва ҳамширалик иши, қуруқликдаги транспорт тизими ва улардан фойдаланиш бўйича 172 нафар талаба ўқимоқда. Улардан 46 нафари қизлар.
Бундан ташқари, Афғонистоннинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда чет эллик ҳамкорлар билан биргаликда қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Хусусан Хитой билан Афғонистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходимларини ўқитиш, АҚШ билан афғон муҳандисларининг йўл қурилиши ва ундан фойдаланиш ҳамда Афғонистон полицияси ходимларини наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш буйича малакасини ошириш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.
Европа Иттифоқи мамалакатлари, хусусан Германиянинг молиявий кўмаги асосида афғонистонлик ёшларни тиббиёт соҳаси бўйича таълим марказида ўқитиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Германия ушбу мақсадлар учун 17,5 миллион евро ажратди.
Германиялик меҳмонлар Ўзбекистоннинг Афғонистонга кўрсатаётган ижтимоий-иқтисодий кўмак бериш борасида олиб бораётган ишларини юқори баҳолаб, ушбу соҳада ўзаро ҳамкорликни ўрнатишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Фридрих Эберт фонди вакили Кристоф Морнинг сўзларига кўра, Афғонистонда давом этаётган кўп йиллик уруш Германияда ҳам бу мамлакатга нисбатан доимий таҳдид манбаи сифатида бир томонлама қарашни ва ушбу мамлакатдаги можарони ҳал этиш бўйича дунё ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатлари бефойда деган фикрни шакллантирган.
Жаноб Мор ушбу ташриф давомида Афғонистонни бошқа бир бир ижобий томондан кўриш имкониятига муяссар бўлганини алоҳида таъкидлади: «Таълим марказидаги афғон талабалари билан суҳбат чоғида биз афғон ёшлари билим олишга интилишини, Афғонистонда тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлашда муносиб ҳисса қўшишга тайёрлигини кўрдик. Бу Афғонистоннинг тинч келажагига умид уйғотади».
Шундан сўнг меҳмонлар учун «Термиз-Карго» халқаро логистика маркази ҳамда «Термиз-Ҳайратон» халқаро назорат пункти фаолияти ва салоҳиятининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда маълумот берилишича, охирги йилларда Афғонистон билан хамкорлик янги босқичга кўтарилди. Жумладан, 2015 йил билан таққослаганда 2019 йил охирида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо ҳажми 28,2% ошди ва 617,6 миллион долларни ташкил этди.
Ушбу даврда Ўзбекистоннинг Афғонистонга экспорт ҳажми 444,4 миллиондан 614,7 миллион долларга кўтарилди. Афғонистон товар ва хизматларининг ўзбек бозорига импорти ҳам сезиларли (5 баравар) ошди ва 600 минг доллардан 3 миллион долларгача кўтарилди.
Шу билан бирга Ўзбекистонга етказиб берилаётган товарларнинг турлари кенгайди. Илгари Афғонистондан импорт асосан транспорт хизматлари ҳисобига шаклланган (95%). Бугунги кунда қўшни юртдан Ўзбекистон бозорига озиқ-овқат маҳсулотлари, дарахт кўчатлари ва ўсимликлар, мўйна хомашёлари, механик ускуналар, қурилиш материаллари, чорва моллари (ноёб турдаги қўй ва эчкилар) кириб келмоқда.
«Термиз Карго» Термиздаги Афғонистон билан чегарада жойлашган йирик логистика терминали ҳисобланади. Юкларни ташиш маркази икки мамлакат ўртасида экспорт-импорт ва транзит юклар оқимини кенгайтиришга ва товарларни Европа ва Осиё бозорларига чиқиш имкониятларини оширишга хизмат қилади. Унинг ташкил этилиши икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришдаги муҳим амалий қадам бўлди.
Тақдимотда айтилишича, ҳозирги кунда Германия Афғонистоннинг асосий ҳамкорларидан бири бўлиб, бу мамлакат учун Япония ва АҚШдан кейинги энг йирик донор саналади. Германиянинг Афғонистонга йиллик кўмаги 500 миллион евро атрофида бўлиб, 2001 йилдан шу кунга қадар бу давлат Афғонистонни тиклаш учун 4 миллиард еврога яқин маблағ ажратган. Бундан ташқари, Германия Афғонистоннинг шимолий ҳудудларида ҳарбий-сиёсий вазиятни барқарорлаштиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон ва Германия Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича умумий қарашларга эга. Хусусан, ГФР Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлидаги ўз саъй-ҳаракатларини амалга оширишда Германия билан яқиндан хамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, Афғонистондаги можарони ҳал қилиш масалалари 2019 йилда Шавкат Мирзиёевнинг Германия канцлери Ангела Меркель билан Берлинда, шунингдек, мамлакат президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан Тошкентда бўлиб ўтган музокараларида муҳокама қилинди.
Конрад Аденауэр фонди вакили Ронни Хайненинг сўзларига кўра, Афғонистонда тинчликка эришишдан Германия ва Ўзбекистон манфаатдор. Ҳар икки томон Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнидаги ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириб, ёш мутахассисларни тайёрлашда иштирок этишлари мумкин.
Германиялик меҳмонларга ҳамроҳлик қилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов Афғонистонда транспорт, энергетика, савдо, инвестиция ва таълим соҳасида йирик лойиҳаларни амалга оширишда минтақадаги ва дунёдаги етакчи давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликка қисқа муддатда эришишнинг зарурий шарти эканлигини таъкидлаб ўтди.
Ташриф давомида германиялик меҳмонлар билан Афғонистон йўналишида икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Термиздаги афғон фуқароларини ўқитиш таълим марказида турли мутахассисларни тайёрлаш ва ўқитиш, «Термиз Карго» халқаро логистика маркази имкониятларидан биргаликда фойдаланиш, Термиз эркин иқтисодий ҳудудида қўшма корхоналарни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Акрамжон Неъматов бугунги кунда Ўзбекистон ва Германия таҳлилий марказлари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини айтди. Хусусан, доимий равишда минтақавий ва халқаро хавфсизликка бағишланган турли учрашувлар, давра суҳбатлари, семинарлар ва конференциялар ўтказилмоқда. Бунга тасдиқ сифатида шу йилнинг июнь ойида Тошкентда Конрад Аденауэр фонди билан биргаликда Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Афғонистон, Покистон ва Германия вакиллари иштирокида халқаро семинар ўтказилиши режалаштирилганини айтди.
Бундан ташқари жорий йил сентябрда фонд кўмаги билан Брюссель ва Берлинда Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши ва минтақада Европа иттифоқи стратегиясини амалга оширишда самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан давра суҳбатлари ташкил этиш режалаштирилган.
Ташриф сўнгида меҳмонлар минтақанинг бой тарихий мероси билан таниши мақсадида Термиз археологик музейига боришди. Термиз Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда музейда сақланаётган қадимий Юнон-Бақтрия, Кушон даврларига тегишли ноёб меъморий ёдгорликлар бунга ёрқин мисол бўлади.
Музей Термиз шаҳрининг 2 500 йилиги муносбати билан очилган бўлиб, унда 27 мингга яқин экспонатлар сақланади. Шунингдек, музейда улкан расмлар тўплами ва антик ҳайкаллар мавжуд.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Мавзуга оид
13:30
Ўзбекистон ва АҚШ афғон масаласи бўйича учрашув ўтказди
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024