Ўзбекистон | 11:22 / 12.03.2020
6046
7 дақиқада ўқилади

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби қандай?

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади

Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш уни тўлашни кечиктириш ёки тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида амалга оширилади.

Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ваколатли органнинг қарори қабул қилинган санада мавжуд солиқ қарзи суммасига ёки келгусида юзага келадиган солиқларни тўлаш мажбуриятига нисбатан берилади.

Солиқларни тўлаш муддатларининг ўзгартирилиши солиқ тўлаш бўйича мавжуд мажбуриятларни бекор қилмайди ва янги мажбуриятларни вужудга келтирмайди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, айланмадан олинадиган солиқ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўлов муддатларини йигирма тўрт ойгача бўлган муддатга ўзгартириш ваколатига эга.

Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти қуйидаги асослардан лоақал биттаси бўлганда берилиши мумкин:

манфаатдор шахсга табиий офат, технологик фалокат ёки бошқа бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар натижасида зарар етказилганда;

манфаатдор шахсни бюджетдан (давлат мақсадли жамғармаларидан) молиялаштириш кечиктирилганлиги ёки ушбу шахс томонидан бажарилган давлат буюртмаси, давлат эҳтиёжлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эҳтиёжлари учун бажарилган ишлар ва (ёки) кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаш кечиктирилганда;

манфаатдор шахс солиқни бир йўла тўлаши оқибатида унинг ночорлиги (банкротлиги) аломатлари пайдо бўлиши хавфи юзага келганда;

жисмоний шахснинг мулкий ҳолати (қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мулк ҳисобга олинмаганда) солиқни бир йўла тўлаш имкониятини истисно этганда;

манфаатдор шахс томонидан товарлар ёки хизматларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш мавсумий хусусиятга эга бўлганда;

манфаатдор шахсга солиқларни тўлаш муддатини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти, белгиланган тўлаш муддатига қадар тўлиқ тўлаш учун асослари ва таъминлаш усуллари мавжуд бўлган ҳолларда берилади.

Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ушбу бандининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида келтирилган асослар бўйича берилганда фоизлар ҳисобланмайди, тўртинчи – еттинчи хатбошиларда келтирилган асослар бўйича берилганда фоизлар ҳисобланади.

Тўлаш муддати кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган солиқ суммасига Марказий банкнинг амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасига тенг ставкадан келиб чиққан ҳолда фоизлар ҳисобланади.

Манфаатдор шахс солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги ариза билан солиқ мажбурияти юзага келган (келадиган) ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти органига мурожаат қилади.

Ариза белгиланган ҳужжатлар тўлиқ илова қилинган ҳолда қабул қилинади. Бунда, келтирилган ҳужжатлар тўлиқ илова қилинмасдан берилган аризалар белгиланган тартибда манфаатдор шахсга қайтарилади.

Манфаатдор шахс белгиланган ҳужжатларни тўлиқ илова қилган ҳолда қайта ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Манфаатдор шахснинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши шарт:

солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш даври учун Бизнес-Режа ва солиқларни тўлаш графиги;

манфаатдор шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органининг солиқлар, пенялар ва жарималар бўйича ҳисоб-китоблари ҳолати тўғрисидаги маълумотномаси;

ушбу шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органининг мазкур шахсга банкларда очилган барча ҳисобварақлар рўйхати кўрсатилган маълумотномаси;

ушбу шахснинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича ариза берилишидан олдинги олти ой давомида ҳар ойлик пул маблағлари айланиши тўғрисида, шунингдек унинг ҳақи тўланмаган ҳисоб-китоб ҳужжатларининг тегишли картотекасига жойлаштирилган ҳисоб-китоб ҳужжатлари мавжудлиги тўғрисида ёхуд ушбу картотекада уларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисида банклар маълумотномалари;

ушбу шахснинг банклардаги барча ҳисобварақларида мавжуд бўлган пул маблағларининг қолдиқлари тўғрисида банк маълумотномалари;

мулкчилик шакли масъулияти чекланган жамияти ёки акциядорлик жамияти бўлган манфаатдор шахсларнинг таъсисчилари розилиги тўғрисида йиғилиш баённомаси;

мулкчилик шакли давлат унитар корхона бўлган манфаатдор шахслар бўйича Давлат активлари агентлигининг розилик хати;

кўрсатилган асос бўйича бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар вужудга келганлиги факти тўғрисидаги хулоса ҳамда кўрсатилган ҳолатлар натижасида ушбу шахсга етказилган зарарни баҳолаш далолатномаси, (хулоса ва далолатномани маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқаро муҳофазаси, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши органлари томонидан тузилади);

манфаатдор шахсни бюджетдан (давлат мақсадли жамғармаларидан) молиялаштириш кечиктирилганлиги тўғрисида Молия органининг маълумотномаси, (маълумотномада бюджетдан (давлат мақсадли жамғармаларидан) молиялаштириш ҳисобига ушбу шахсга келиб тушмаган суммани ёки ушбу шахс томонидан бажарилган давлат буюртмасининг, давлат эҳтиёжлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эҳтиёжлари учун бажарилган ишлар ва (ёки) кўрсатилган хизматларнинг ҳақи тўланмаганлигини акс эттирилиши лозим);

манфаатдор шахснинг молиявий ҳолатини таҳлил қилиш натижалари бўйича давлат солиқ инспекциясининг мувофиқ хулосаси, (Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг “Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини беришда манфаатдор шахснинг молиявий ҳолатини таҳлил қилиш услубияти” асосида амалга оширилади);

жисмоний шахснинг кўчар ва кўчмас мулки (бундан қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мулк мустасно) тўғрисида маълумот;

мавсумий даромади улуши умумий даромадида камида 50 фоизни ташкил этишини тасдиқловчи ҳужжат;

банк кафолат хати, гаров учун мулк ҳужжати ёки учинчи шахснинг кафиллик хати.

Бунда, гаровга олинадиган мулкларда “акциялар, облигациялар, векселлар, депозит сертификатлари, депозитар тилхатлар, опционлар, фьючерс ва форвард контрактлари, шунингдек қонун ҳужжатларига ёки чет давлатнинг қўлланилиши мумкин бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар деб эътироф этиладиган бошқа қимматли қоғозлар” мустасно.

Манфаатдор шахс аризасига илова қилинган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги солиқ органида мавжуд ташқи манба маълумотлари ёки ваколатли идора ва ташкилотлардан сўров асосида олинган маълумотлар асосида текшириб кўрилади. Бунда, аризага илова қилинган ҳужжатлардаги маълумотлар тасдиғини топмаса хулосада бу ҳақда қайд этилади.

Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги манфаатдор шахснинг аризасида қарз суммасига ҳисобланган фоизларни тўлаш мажбуриятини (тадбиркорлик субъектининг мажбурияти ҳисобланади) ўз зиммасига олганлиги акс эттирилиши лозим.

Мавзуга оид