Бу сафарги оптимист лойиҳаси қаҳрамони - Ҳажга бориш учун уч бора велосипедда йўлга чиқиб, бир сафар Эрон, кейин Туркманистон ва учинчи сафар эса Сурия чегарасидан қайтган экан марғилонлик 85 ёшли Ғанижон Мамадиев, яъни Чархчи ота. У киши ҳақидаги қизиқ хабарларни эшитгач, олдиларига бориб суҳбатлашишни мақсад қилдик.
Ғанижон ота Мамадиев 58 йил кўча кезиб чархчилик қилган. Ҳозирги пайтда қисман унутилган бу ҳунар, яъни рўзғордаги пичоқ, чопқи, болта, қайчи каби буюмларни ўткирлаш ўз пайтида жуда керакли эди.




Марғилон шаҳрининг Ойбек кўчасида яшовчи Ғанижон ота узоқ йиллар ўз кашфиёти билан рўзғор тебратган эди. У киши оддий “Урал” велосипедига бир зумда чархловчи аппаратга айланувчи ускунани ўрнатган. Чархчи ота велосипеди билан маҳаллаларни кезиб, одамларнинг ҳожатини чиқарганини марғилонликлар яхши эслашади.
“Биз ёш бола эдик. Чархчи ота кўчамизга келиб иккита қозиқни велосипедининг икки томонига тираб қўяр, рулга чархни улаб, велосипед занжирига чархни тортиб айлантирарди. Отанинг ажойиб қилиқлари бор эди. Чархлашни велосипедига қараб антиқа ҳаракат билан бошлар ва ҳар замонда “пуп-пуууп” деган овоз чиқарар эди. Болаларга ширин гапиргани учун у киши келиши билан маҳалла болалари уйидан пичоқ, чопқиларини кўтариб чиқар, тангага буюмларимизни ўткирлатиб олардик”, дейди у киши ҳақида ҳамшаҳарлари.
“Ҳажга велосипедда боришга уч бора уриндим”
Узоқ йиллар ҳажга боришни орзу қилган Ғанижон ота маблағ йўқлиги сабаб, кўп бора узоқ сафарга велосипедда йўлга чиққан. Лекин, ҳаракатлари самара бермади.
“17 ёшимдан пичоқ чархлашни бошлаганман. Қарийиб 60 йил шу ҳунар билан шуғулландим. Пичоқ чархлаб, водийни кездим. Ҳамма жойга велосипедда бориб келардим. Наманган, Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида ҳам бўлганман”, дейди ота.






















