Ўзбекистон | 17:42 / 14.03.2020
4640
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги икки кунлик умумхалқ ҳашарида қанча дарахт экилиши маълум қилинди

Бугун, 14 март куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мажлислар залида 14-15 март кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ўтказилаётган «Обод юрт» умумхалқ хайрия ҳашарига бағишланган брифинг ўтказилди.

Унда Республика маҳаллалар кенгаши бошқаруви раиси Турғун Қирғизбоев хайрия ҳашарининг биринчи ярим кунлиги натижалари ва ҳашар доирасида қилинадиган ишлар юзасидан маълумот берди, – деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Фото: Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати

Умумхалқ ҳашарининг биринчи ярим кунлигида 6 миллиондан ортиқ фуқаролар иштирок этмоқда.

Қирғизбоевга кўра, ҳашар қатнашчилари томонидан 13 минг гектар майдонда ободонлаштириш ишлари олиб борилган бўлса, 7750 км ариқ-зовурлар тозаланган.

1 миллион 610 минг 792 дона манзарали ва 1 миллион 87 минг 885 дона мевали дарахтлар кўчатлари экилган.

Брифинг давомида маҳаллалар кенгаши бошқаруви раиси 2 кунлик ҳашар давомида режалаштирилган ишлар кўламига ҳам аниқлик киритган.

Жумладан, умумхалқ хайрия ҳашарида жами 12 миллион 500 мингга яқин фуқаролар иштирок этиши кутилмоқда. Улардан 7 миллионини ёшлар ташкил қилади.

Фото: Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати

«Икки кунлик ҳашар давомида 25 минг 987 гектар майдонда ободонлаштириш ишлари олиб борилади. 11 минг 408 километр узунликдаги ариқ зовурлар тозаланиб, 9000дан зиёд қабристон ва 860 га яқин зиёратгоҳ ободонлаштирилади ҳамда тартибга келтирилади.

Шунингдек, ҳашар давомида 4 миллион 721 минг 278 дона манзарали, 2 миллион 724 минг 840 дона мевали дарахт кўчатлари экилиб, 3 миллион 894 минг 488 дона гул кўчатлари ўтқазилади.

Мавжуд 4 миллионга яқин дарахтларга шакллар берилади ва оқланади», деди кенгаш бошқарув раиси.

Брифингда айтилишича, ҳашар давомида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари – ёлғиз қариялар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга ҳам моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, 11 минг 494та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага 293 минг 773 м 2 уй-жойларни таъмирлаш, 11 626та эҳтиёжманд оилага моддий ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилади.