Жаҳон | 22:07 / 17.03.2020
128758
3 дақиқада ўқилади

АҚШда коронавирусга қарши вакцина синовдан ўтказилди

Фото: Getty Images

АҚШда коронавирусга қарши вакцинанинг дастлабки клиник синовлари ўтказилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Сиэтлдаги Kaiser Permanente тадқиқот маркази мутахассислари тўрт нафар кўнгиллига экспериментал тарзда вакцинани эмлашди. 

Вакцинада вирусдан олинган хавфсиз генетик код бор ва у инсонни COVID-19ни юқтириб олишига имкон бермаслиги кутилмоқда.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, бу вакцинанинг қанчалик самарали эканини аниқлаш учун бир неча ой мухлат талаб қилинади.

Биринчи эмланган инсон 43 ёшли Женнифер Холлер бўлди. «Бу жуда фойдали иш қилиш учун ажойиб имконият», - деди у AP агентлигига.

Айни пайтда дунё олимлари бу тадқиқотни диққат билан кузатиб боришмоқда. 

Клиник тадқиқотлар АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институти томонидан молиялаштирилган. Қайд қилиш жоизки, олимлар вакцинани ҳайвонларда синаб кўриш босқичини четлаб ўтиб, инсонларга юзланишган. Одатда, вакцина иммунитет тизимини фаоллаштира олишига ишонч ҳосил қилинганда шундай йўл тутилади.

Вакцина ишлаб чиқарувчи Moderna Therapeutics компанияси унинг аввалдан синалган ва тавсия қилинган жараён орқали яратилганини таъкидламоқда.

Лондон Империя коллежининг юқумли касалликлар бўйича эксперти Жон Трегонинг бу вакцинада мавжуд технологиялар қўлланганини тасдиқлади.

«Вакцина инсонларда синаб кўриш учун хавфсиз бўлган технологиялар ёрдамида жуда юқори андозалар бўйича яратилди. Кўнгиллиларнинг барчаси диққат билан назорат остига олинади. Ҳа, бу ишларнинг ҳаммаси тезкор қилинмоқда. Аммо бу олим-ҳамкасблар билан эмас, балки вирус билан бўлган рақобатдир. Барча ишлар инсоният учун қилиняпти», - деди Трегонинг.

Қоидага кўра, вакциналар (масалан қизамиққа қарши) заиф ёки ўлик вирусдан ишлаб чиқилади. Аммо mRNA-1273 номини олган бу вакцина COVID-19 хасталигини келтириб чиқарувчи SARS-CoV-2 вирусидан ишлаб чиқилмаган. Лаборатория шароитида олимлар томонидан яратилган бу вакцинада вирусдан кўчириб олинган генетик коднинг бир қисми бор.

Тадқиқотчилар унинг ёрдамида инсоннинг иммунитет тизимини вирусга қарши курашга йўналтиришга умид қилмоқдалар. 

Энди кўнгиллилар экспериментал вакцинанинг турли дозаларини олишади. Уларнинг қўли ҳар 28 кунда 2 марта эмланади. 

Бироқ, синовлар муваффақиятли ўтган тақдирда ҳам, вакцинанинг оммавий тарзда ишлаб чиқилиши учун 1,5 йил вақт керак бўлади.

Мавзуга оид