Бугун ҳар соҳада муаммо етарли. Йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни эса қисқа муддатда ҳал қилишнинг иложи йўқ. Шу сабаб муаммоларни ечишда аввало уларнинг долзарблигига қараш керакмикин... Масалан, 10 та муаммони «жойига чиқиб ўрганиб» кейин ташлаб кетгандан битта катта муаммони ҳал қилган тузук, бизнингча. Ана шундай ечими долзарб бўлган муаммолардан бирига Қашқадарё вилояти Муборак туманидаги Сариқ қишлоқ аҳолиси дуч келган.

Сариқ қишлоқда бугун 350та хўжаликда 1 700 нафар аҳоли яшайди. Қишлоқнинг ўртасидан 50 йил аввал ковлаб ишга туширилган Қарши магистрал канали ўтган. Бугун сариқликлар каналнинг икки томонида яшайди. Муаммо шундаки, ушбу қишлоқ иккига ажралиб қолган бўлса ҳам, уни ўзаро боғлайдиган автомобиллар учун йўл ўтказгич йўқ. Машина ўтиб қайтадиган энг яқин кўприк қишлоқдан 4-5 километр узоқда.

Қишлоқдаги мактаб, боғча, савдо дўкони каналнинг бир тарафида жойлашиб қолган. Қишлоқ аҳолиси ҳар икки тарафга ўтиб қайтишда канал устида ҳашар йўли билан қурилган эски осма кўприкдан фойдаланаяпти.

«Бу кўприк мутлақо яроқсиз, лекин нариги томонга ўтиш учун ундан юришга мажбурмиз. Баҳорда канал тўлиб оққанида болаларни мактабга ёки нимадир юмуш билан қишлоқнинг нариги томонига жўнатсак, юрак ҳовучлаб ўтирамиз», дейди одамлар.

Маҳалласи раиси Ҳамро Чориевнинг айтишича, кўприк ўтган асрнинг 70-йилларида сариқликлар томонидан ҳашар йўли билан қурилган. 2019 йил баҳорда каналда сув кўпайиб «қилкўприк»дан ўтиш имконсиз бўлиб қолгач, унинг нариги томонида яшайдиган ўқувчиларга мактабдан бир ҳафта таътил беришга мажбур бўлишган.

Кўприкнинг ёғочлари аллақачон яроқсиз ҳолга келиб бўлган. Икки йил олдин қишлоқ аҳли чириган ёғочлар устига эски шиналарнинг резинасини қоплаб, кўприкни қўлбола «капитал реконструкция» қилишади.

Ўзига хос «реконструкция» ҳам вазиятни яхшиламаган, кўприкнинг аҳволи жуда хароб. Етмаганига жуда хавфли ҳам. Унинг икки четига ҳимоя сифатида симтўсиқ тортилган. Бугун ана шу сим тўсиқларнинг аксарият жойи ситилиб, симларнинг учи чиқиб турибди. Кўприкдан юрганда у қимирлаб одам мувозанатни йўқотиши ва ҳимоя тўсиғидан чиқиб қолган симларга ўралашиб қолиши ҳеч гап эмас.