21:09 / 17.08.2022
69993

8 киши ўлган ЙТҲнинг мудҳиш тафсилотлари. Қонли йўл шошилинч таъмирланди

Kun.uz мухбири Қашқадарёнинг Муборак туманида мудҳиш ЙТҲ содир бўлган жойга борди. Spark ва Gentra тўқнашиб, иккаласи ҳам ёниб кетган ва 8 киши ҳалок бўлган ҳодисага йўлнинг носозлиги сабаб бўлган бўлиши мумкин – воқеа жойида асфалтдаги нотекисликлар ҳалокатдан кейин зудлик билан таъмирлаб қўйилган.

Бир муддат аввал Қашқадарёда содир бўлган ЙТҲ оқибатида саккиз киши ёниб кетгани ҳақида хабар берган эдик. Kun.uz мухбири воқеа жойидан репортаж тайёрлади.

Ҳодиса 15 август кечаси А-380 йўлининг Муборак туманидан ўтувчи қисмида содир бўлган. Ижодий жамоа 16 август соат 15:00 да воқеа жойига етиб борганида, икки машина қолдиқлари бутунлай тозалаб олинган экан.

Жабрланганлар ва вафот этганлар ҳақида расмийлардан аниқ маълумот олишнинг имконияти бўлмади. Бироқ марҳумларнинг яқинлари, воқеага гувоҳ бўлганлар ва шифохоналардан олинган умумий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида жами 8 киши ҳалок бўлгани маълум.

Gentra эгаси Қамаши туманидан бўлиб, ҳарбий хизматчи экани айтилмоқда. Машинада у турмуш ўртоғи ва тўрт нафар вояга етмаган фарзанди билан (жами 6 киши) қайтаётган бўлган. Воқеа оқибатида оиланинг бирор вакили тирик қолмаган.

Иккинчи машинада Муборак туманидан бўлган абитуриент қиз имтиҳон топшириб, онаси билан уйга қайтаётган бўлган. Машиналар тўқнашган пайтда у ташқарига отилиб кетган ва тирик қолган. Қизнинг онаси ва Spark ҳайдовчиси ёнаётган машина ичида қолиб, ҳалок бўлган.

Қиз айни вақтда вилоят болалар шифохонасига олиб келинган. Травматолог-ортопед Шерали Шодмонов қизнинг ҳолати ҳозирча оғир эканини маълум қилди. Унинг айтишича, қиз орқа мия лат ейиши, бошга қон қуюлиши ҳамда ўнг сон суягида майдаланиб синиш ҳолати билан шифокорлар назоратига олинган. Шифокорга кўра, қизнинг умумий аҳволи оғир бўлса-да, ҳуши жойида.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ушбу магистрал йўл транспорт ҳаракати учун етарли даражада кенг. Йўлнинг Косон туманидан Муборак туманигача бўлган қисмида бир вақтнинг ўзида тўртта машина ёнма-ён ҳаракатлана олади. Бироқ йўлнинг аксарият қисмида ўйдим-чуқурлик ҳосил бўлган, асфалтнинг бўртиб чиққан (“гармошка”) жойлари кўп.

Биз шу йўналишда мунтазам қатнаб юрган ҳайдовчиларни суҳбатга тортганимизда улар ҳам айнан йўлдаги “гармошка”дан азият чекишини айтишди. Айрим ҳолатларда чуқурга тушмаслик ёки бўртиб чиққан асфалтга машина тагини уриб олмаслик учун йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетишга мажбур бўлишларини яширмади.

Қатнов жараёнида ўзимиз ҳам бундай ҳолатларга бир неча марта гувоҳ бўлдик.

Яна бир ҳолат. Айнан Gentra ва Spark тўқнашган жойда ҳам қарийб 20 метрлар асфалт бўртиб чиққани ва йўл яроқсиз ҳолатга келиб қолганига гувоҳ бўлдик. Буни қарангки, биз ўша жойга етиб боришимиздан бир муддат аввал машиналар тўқнашган жойга асфалт ётқизилибди ва йўл ямалгани маълум бўлди.

Бугун, 17 август куни Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати қўшимча ахборот берди: унда ЙТҲни Gentra ҳайдовчиси содир этгани айтилади. Шунингдек, 8 киши вафот этгани тасдиқланган.

Ҳодиса юзасидан вилоят ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top