― Ўзбекистонга ҳам коронавирус кириб келди. Бу тадбиркорликка, умумий овқатланиш тармоқларига ҳам ўз таъсирини кўрсатяпти. Вазият қанақа?
― Бу бутун ҳамжамиятга келган синов бўлди. Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Коронавирусгача ва у келган даврдаги аҳволни солиштириш учун яқин рақамларни айтиш ҳам қийин ҳатто. Карантин эълон қилинган даврнинг биринчи куни мижозларимизнинг 40 фоизини, иккинчи куни 50 фоизини йўқотдик. Етказиб бериш хизмати бўйича ҳам 1-, 2-кунлари 15-20 фоиз атрофида йўқотиш бўлди. Фаоллик кўрсата бошлаганимиз учун, ташкилий ишлар олиб борилгани учун кечадан бери сал ўсиш бўляпти.
Ўзбекистон бўйича 33та шохобча бор ― “Les Ailes”, “Chopar” кафелари, “Nest” қаҳвахоналари, “Tarero” бургерхонаси. Компанияда жами 700дан ортиқ ишчи фаолият юритади. Жамоанинг 70-80 фоизини 30-32 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.
― Мижозларнинг келиши пасайганини ва керакли тадбирлардан сўнг жонланиш кузатилганини айтдингиз. Айнан қандай чоралар кўриляпти?

― Қонун доирасида ишлайдиган тадбиркор сифатида ҳукумат чиқарган карантинни қўллаб-қувватладик. Ўша кундан бошлаб шохобчаларга одамларни жалб қилишни тўхтатдик. Кўпроқ эътиборни ўзи билан олиб кетиш, манзилга етказиб беришга қаратдик.
― Савдо ҳажмининг тушиши нималарга таъсир кўрсатяпти?
― Савдонинг 40-50 фоиз тушиб кетиши банкротликка яқин жараён дегани. Ўзбекистон бозорида 6-7 йилдан бери ўз фаолиятимизни олиб борганимиз учун сал бўлса ҳам “хавфсизлик ёстиғи”нинг ҳаракатини қилиб қўйганмиз. Шу жараённи узайтириб боришга кучимиз етади. Биринчи кунданоқ харажатларни оптимизация қилдик. Ички реструктуризация ўтказдик, ички тизимни обдон қайта кўриб чиқяпмиз. Қаерда нимани иқтисод қилсак бўлади. Даромад кўрмасак ҳам, ҳолатни ушлаб қолишга ҳаракат қилиняпти.
Баъзи соҳалар 1 баравардан 100 бараваргача ўсаётган бўлса, қайсидир соҳалар жуда ҳам паст даражага тушиб қолди. Бу пандемия бутун жаҳонга келган. Бунда бир томонлама ютиб бўлмайди. Бир томон барча зарарни ўзига олиб, ютиб чиқиб кетиши қийин. Бу балони даф этишда ҳар томон ҳамжиҳат ҳаракат қилиши керак.
Биринчи томон ― ҳукумат. Хизмат кўрсатиш соҳасига олти ойлик, бир йиллик солиқ таътили берилса, ҳолат яхшилангандан кейин ҳисобот топширамиз. Олти ойдан кейин тўлашга имкон берилса, ойликларни тўлаш, коммунал тўловни ушлаб қолишга ёрдам бўларди.








