Ўзбекистон | 07:36 / 25.03.2020
131388
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Мухтор Саидов вафоти муносабати билан таъзия билдирди

Академик Мухтор Саидов “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони, Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти билан тақдирланган эди

Мухтор Сафарбаевич Саидов

Физик кимё ва яримўтказгичлар физикаси соҳасидаги таниқли олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Мухтор Сафарбаевич Саидов шу йил 20 март куни 89 ёшида вафот этди. Шавкат Мирзиёев ва ҳукумат аъзолари унинг муносабати билан таъзия билдирди. 

М.Саидов 1930 йил 21 ноябрда Қорақалпоғистон Республикасининг Манғит шаҳрида туғилди. 1951 йилда Хоразм давлат педагогика институтини тугатиб, 1951-1954 йилларда Москва давлат университети аспирантурасида таҳсил олди. 1954 йилда номзодлик, 1970 йилда докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди. 1984 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

М.Саидов ўз меҳнат фаолиятини 1954 йили Хоразм давлат педагогика институтида катта ўқитувчи сифатида бошлади. Кейинчалик Самарқанд давлат университетида кафедра мудири лавозимида ишлади. Меҳнат фаолияти давомида Фанлар академияси Физика-техника институтида катта илмий ходим, лаборатория мудири, директор ўринбосари, Электроника институтининг директори, Ўзбекистон Фанлар академияси президиуми Физика-математика бўлимининг академик-котиби, “Ўзгелиотехника” маркази раҳбари каби масъул вазифаларда самарали хизмат қилди.

Заҳматкаш олимнинг яримўтказгичлар технологияси соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган кўплаб мақолалари, китоб ва монографиялари юртимиз ва хорижий мамлакатлар илмий жамоатчилигига яхши маълум. Унинг бир қатор илмий ишланмалари иқтисодиёт тармоқларида муваффақиятли қўлланиб келмоқда.

Жонкуяр устоз, моҳир педагогнинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланган.

Академик М.Саидовнинг мамлакат илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлат томонидан муносиб баҳоланди. У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони, Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти билан тақдирланган эди.

Мавзуга оид