Жамият | 19:53 / 27.03.2020
9906
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда жамоат жойларида ниқоб тақмаган 178 киши 61,8 млн сўм жаримага тортилди

Ўзбекистон маъмурий судлари томонидан 192 нафар шахсга нисбатан жамоат жойларида ниқоб тақмагани учун маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ишлар кўриб чиқилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди.

Маълум қилинишича, маъмурий жавобгарликка тортилганларнинг 178 нафарига нисбатан жами 61 882 500 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган, 14 нафар шахсга нисбатан иш юритишдан тугатилган.

192 нафар шахснинг 8 нафари аёл, 3 нафари 60 ёшдан ошган шахс, 1 нафари чет давлат фуқароси ҳамда 2 нафари фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссиясининг 2020 йил 22 мартдаги қарорига мувофиқ Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 23 мартдан жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга «огоҳлантириш» берилиши, 25 март куни соат 6:00дан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида жарима қўлланилиши белгиланган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 23 мартда қабул қилинган, Сенат томонидан 2020 йил 24 мартда маъқулланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 26 мартда имзоланган 613-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Кодекснинг 54-моддаси матни янги таҳрирда баён этилиб, унинг биринчи қисмида «Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади» деб, белгилаб ўтилди.

«Ушбу Кодекснинг 54-моддасининг эски таҳрири битта қисмдан иборат бўлиб, унинг санкциясида фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солиниши назарда тутилган бўлса, янги таҳрирдаги ушбу модда иккинчи қисм билан тўлдирилди ва унинг санкциясида жазо чораси кучайтирилди.

Яъни, 54-моддасининг янги таҳрирдаги иккинчи қисмида, «Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик, – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади» деб, белгилаб ўтилди», дейилади Олий суди матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид