Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилганда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасалари бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Низом мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилган даврда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасаларининг бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига тўланадиган йиллик меҳнат таътилини бериш шартлари тўғрисида иш берувчи ва ходимларни, шунингдек, аҳолининг кенг қатламини хабардор қилишни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Низом ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий мансублигидан қатъий назар, барча ташкилотлар ва уларнинг ходимларга қўлланилади.

Меҳнат таътили Низомга мувофиқ, коронавирус пандемияси тарқалишини олдини олиш чора-тадбирларини амалга ошириш вақтида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилган даврда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиси – боланинг ва умумтаълим муассасаларининг бошланғич синф ўқувчиси, яъни 1-дан 4-синфгача бўлган ўқувчининг ота-она (васий, ҳомий)сига берилади.

Низомга мувофиқ меҳнат таътили берилганда:

меҳнат таътили олти ой ишлагандан кейин берилишини инобатга олган ҳолда, биринчи йил ишлаётган ходимга ушбу таътил бериш қоидалари қўлланилмайди;

меҳнат таътили ходимнинг хоҳишига кўра ташкилот томонидан тасдиқланган таътиллар жадвалидан қатъий назар навбатдан ташқари берилади.

Агар ходим коронавирус пандемияси тарқалишини олдини олиш чора-тадбирларини амалга ошириш вақтида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилгандан олдин меҳнат таътилини олган бўлса ёки карантин тадбирлари амалга оширилаётган даврда меҳнат таътилини олишни хоҳламаса, иш берувчи ходимнинг хоҳишига кўра қуйидагиларни амалга ошириши мумкин:

ходимни масофавий иш усули, мослашувчан иш жадвали ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказиши мумкин;

ходимга меҳнат ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериш.