Президент администрацияси топшириғига асосан, туман ва шаҳарлар ҳокимлари ва сектор раҳбарларининг меҳнат таътилига чиқиши ва даволаниши икки босқичда ўтказилмоқда.

Kun.uz'даги маълумотларга кўра, 1-10 январ кунлари биринчи босқичда Тошкент шаҳри туманлари ҳокимларидан ташқари республикадаги барча туман (шаҳар) ҳокимларига таътил берилган.

Туман (шаҳар) ҳокимлари Тиббиёт бош бошқармасининг 1-сон ва 2-сон шифохоналари, “Қибрай”, Касаба уюшмалари федерациясининг “Чинобод Плаза”, “Турон” ва “Оқтош” санаторийларида, Россиядаги Ўзбекистон санаторийларида соғлигини тиклаши, шунингдек, бошқа хорижий давлатларда таътилга чиқиши белгиланган.

Тасдиқланган графикка кўра, жами 208 нафар туман (шаҳар) ҳокимидан 46 нафари даволаниш ва саёҳат қилиш учун хорижга чиқиши белгиланган.

1 январдан таътилга чиққан ҳокимлар эртага, 11 январдан ишга қайтади. Иккинчи босқичда, яъни 11-20 январ кунлари Тошкент шаҳри туманлари ҳокимлари ҳамда республикадаги барча сектор раҳбарлари ва ҳоким ўринбосарларига таътил берилади.

Администрация топшириғига кўра:

  • вилоятлар прокурорлари ва ички ишлар бошқармалари бошлиқлари – ИИВ Марказий ҳоспиталида;
  • вилоятлар солиқ бошқармалари бошлиқлари – “Хумсон” санаторийсида;
  • туман ва шаҳар прокурорлари, ички ишлар бўлимлари ва солиқ инспекцияси бошлиқлари – Касаба уюшмасининг ҳудудлардаги санаторийлари ҳамда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида соғлигини тиклайди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимларининг ўринбосарлари, маслаҳатчилари, ёрдамчилари ва ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарлари – Тиббиёт бош бошқармасининг 1-сон ва 2-сон шифохоналари, “Қибрай”, “Чинобод Плаза”, “Турон” ва “Оқтош” санаторийларида, Россиядаги Ўзбекистон санаторийларида ҳамда хорижий давлатларда таътил ўтказади.

Туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари ҳудудлардаги вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида ва Касаба уюшмасининг санаторийларида соғлигини тиклайди.

Таътил вақтида мансабдорларга санъаткорлар хизматда бўлади: санаторий ва тиббиёт масканларида таниқли санъаткорлар иштирокида маданий тадбирлар ташкил этилади. Бу топшириқ ижроси маданият вазири Озодбек Назарбековга юклатилган.

Uzbekistan Airways ва “Ўзбекистон темир йўллари” раисларига мансабдорларнинг таътил жойларига ўз вақтида етиб бориши ва яшаш манзилларига қайтиши учун уларни йўл чипталари билан белгиланган тартибда таъминлаш топшириғи берилган.