Жамият | 09:53 / 29.03.2020
7213
5 дақиқада ўқилади

«Маҳалланинг кўмаги ва тавсияларига муҳтож бўлган оилалар ҳам бор» - Вазирлик танқидга жавоб қайтарди

Вазирлик муносабатида чекка қишлоқларда электр таъминотидаги узилишлар, босма нашрларга обуна бўлиш, интернетдан фойдаланишга имконияти ва кўникмаси бўлмаган, бир сўз билан айтганда, маҳалланинг далдаси, унинг кўмаги, тавсияларига муҳтож бўлган оилалар мавжудлиги қайд этилган.

28 март куни Kun.uz сайтида «Бу мантиқсиз ташаббус эмасми? Маҳалла ходимлари уйма-уй юриб тарғибот тадбирлари ўтказмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ушбу мақолага муносабат билдирди.

«Дунёнинг кўп давлатлари қаторида Ўзбекистон халқи ҳам короновирус хавфидан четда қолмади. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимизга мурожаат қилиб айтганларидек, Яратганнинг бу каби синовлари миллати, тили ва динидан қатъи назар, давлатлар-у халқларнинг бошига тушиши мумкин. Ҳеч ким ва ҳеч бир ва ҳатто қудратлиман, деган давлатлар ҳам бундан ҳимояланмаган.

Бундай жиддий вазиятда аҳолига энг яқин тузилма бўлган маҳалла бир четда қараб тура олмайди. Вазирлик мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни аҳолига етказишда асосий воситачи, давлат ва халқ ўртасидаги кўприк ҳисобланади. Қолаверса, оилалардаги муҳит ва шароитни, қайси оилада нимага зарурат бор эканлигини маҳалладан яхши биладиган тузилма йўқ.

Шундай экан, маҳаллалар бугун одамларга янада яқинроқ бўлиши, айниқса, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган ёрдамларнинг манзилли - эҳтиёжманд, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилаларга бориб етишини таъминлаши зарур.

Маҳаллаларда куннинг энг долзарб муаммоси бўлган коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича турли ташкилот ва масъуллар, кенг жамоатчилик томонидан қилинаётган мурожаат ва чақириқлар, тавсия ва кўрсатмаларни аҳолига етказишда тарғиботнинг барча замонавий усул ва воситаларидан фойдаланилмоқда. Аммо чекка қишлоқларимизда электр таъминотидаги узилишлар, босма нашрларга обуна бўлиш, интернетдан фойдаланишга имконияти ва кўникмаси бўлмаган, бир сўз билан айтганда, маҳалланинг далдаси, унинг кўмаги, тавсияларига муҳтож бўлган оилалар мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас.

Ҳозирги мураккаб вазият ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар, якка ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган юртдошларимиз ҳолидан ҳам мунтазам хабар олишни тақозо этади. Шу каби муҳим вазифаларни бажариш, шунингдек, коронавирус касаллигидан аҳолимизни имкон қадар ҳимоялаш йўлида Муҳтарам Президентимиз, қолаверса, барча мутасадди ташкилот вакиллари кун-у тун ҳаракат қилаётган бир вақтда, нега маҳалла ходимлари четда томошабин бўлиб туриши, ҳеч бўлмаса, ўз ҳудуди аҳолисига тушунтириш ишлари олиб бормаслиги керак?!

Маҳалла раиси – халқ вакили, уни халқ сайлаган. Бирорта ҳам маҳалла раиси ёки ходими  йўқки, ўз маҳалласининг осойишта, тинч-хотиржам, аҳолисининг соғлом ва муаммодан холи бўлишини хоҳламаса! Тарихдан маълум – уруш йилларида ҳам кимдир омон қолиши учун бошқалар жангга кирган. Маҳалла ходимлари яхши-ёмон кунда аҳолига елкадош бўлишни зиммасига олган фидойилардир. Бунинг устига, аҳолига етказиладиган ҳар қандай ёрдам маҳалла орқали амалга оширилади. 

Мақола муаллифи инфекциянинг олдини олиш борасида куюнчаклик билан ёндашаётгани маълум. Қолаверса, барчамизнинг мақсадимиз ягона – халқимизни ушбу инфекциядан ҳимоялаш, имкон қадар талафот ҳудуди ва миқдорини камайтиришга қаратилган.

Тушунтириш ишлари давомида маҳалла ходимлари барча зарурий санитария-гигиена қоидаларига сўзсиз амал қилмоқда. Яъни ҳар соатда уларнинг тиббий ниқоб ва қўлқоплари алмаштирилиши, аҳоли билан ўзаро мулоқот вақтида ижтимоий оралиқ масофанинг сақланишига алоҳида эътибор берилади. Имкон қадар соғлиқни сақлаш ходимлари билан биргаликда кирилади. Хонадон эшигини қоқишдан олдин сирпанчиқ қоғоздан тайёрланган ва ўзида инфекция олиб юриш эҳтимоли жуда кам бўлган тарғибот буклетларига, тақдим этилаётган маҳсулотлар пакетларига зарур антисептик воситалар сепилмоқда.

Хўш, бу тарғибот ишларида нималарга эътибор берилмоқда? Аввало, Муҳтарам Юртбошимизнинг коронавирусдан ҳимояланиш бўйича халқимизга кетма-кет йўллаган Мурожаатларининг асосий мазмуни қисқача тушунтирилиб, оила вакиллари карантин вақтида барча тўй ва маросимларни тўхтатиш, жамоат бўлиб тўпланишга йўл қўймаслик ҳақида қатъий огоҳлантирилади, профилактика инспектори ва тиббиёт ходимлари томонидан эса карантин вақтида эътибор қилиниши лозим бўлган талаблар тушунтирилмоқда.

Асосан камхарж, камбағал оилалар, якка ёлғиз яшовчи кексаларга зарурий озиқ-овқат, тиббий ниқоблар ва бошқа гигиентик воситалар киритиб берилмоқда. Эътиборлиси, бу ишларга узоғи 2-3 дақиқа сарфланади.

Шу ўринда айтиш керакки, аҳоли саломатлигини асраш, уларни коронавирус касаллигидан ҳимоялаш бўйича давлатимиз томонидан кўрилаётган чораларга маҳалла тизими ходимлари ҳам ўз ваколати доирасида ҳамда хизмат вазифасидан келиб чиққан ҳолда ўз ҳиссасини қўшмоқда. Муҳими, маҳаллаларимиздаги ҳар бир оилада соғлом муҳит бўлсин. Бунинг учун эса одамларимиз коронавирусдан тўлиқ ҳимоялана олишлари, энг муҳими бу борада зарур тушунча ва билимларга эга бўлишлари зарур. Бизнинг энг катта мақсадимиз ҳам шу», дейилади Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг матбуот котиби Саодат Боймирзаева томонидан Kun.uz сайтига тақдим этилган муносабатда.

Мавзуга оид