Жаҳон | 22:54 / 31.03.2020
26659
4 дақиқада ўқилади

АҚШ бош вирусологи коронавирус эпидемияси ҳолатида қандай йўл тутиш борасида ўз тавсияларини берди

 Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси хабар беришича, вирусологларнинг коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва уни юқтиришни даволаш бўйича кўплаб тавсиялари орасида Энтони Фаучининг тавсиялари энг ишончли деб ҳисобланмоқда.

Фото: Getty Images

Энтони Фаучи АҚШдаги Аллергия ва юқумли касалликлар миллий институти директори, президент Дональд Трампнинг  COVID-19га қарши кураш бўйича катта маслаҳатчиси бўлиб, у қуйидаги тавсияларни берган:

1.Ўзингизни ўзингиз даволаманг. Бугунги кунда дунёда коронавирусни қайсидир дори билан даволашнинг клиник жиҳатдан тасдиқланган усули ёки протоколи мавжуд эмас, коронавирусдан ўзбошимчалик билан даволаниш ҳаёт учун жуда хавфли. Бунинг устига, коронавирусни даволашнинг тасдиқланмаган усуллари эҳтимолий фойдадан кўра ножўя ва салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин. Бундан ташқари, бу бошқа дори-дармонларга муҳтож бўлган беморларни даволашда дори-дармонлар танқислигига олиб келиши мумкин.

2.Ижтимоий масофа талабларини бузманг. Коронавируснинг ОИВ/ОИТС, Эбола, Зика ва бошқа хавфли вируслардан ажралиб турадиган хусусияти шундаки, бу вирус нафас йўллари, бевосита мулоқот, кундалик ҳаётдаги умумий одатлар (қўл бериб сўрашиш, эшик тутқичлари, пул ва бошқа буюмларни ушлаш) орқали тарқалади.

3.Ҳар хил ахборот манбаларига ишонманг. Йўл-йўриқ, тавсиялар ва маълумотларнинг ягона ва тўғри манбаи ҳар бир мамлакат ҳукумати бўлиб, у ўз навбатида ЖССТ билан ҳамкорликда ишлайди. Ҳукумат талабларига амал қилинг.

4.Кексаларни хатарга қўйманг. Кўплаб вируслардан фарқли ўлароқ, коронавирус ёшга қараб ҳар бир беморда ҳар хил кечади. Иммунитетнинг заифлашиши, бошқа сурункали ва ўткир касалликлар мавжудлиги сабабли кекса авлод вирусга нисбатан ожиз бўлади.

5.Ёшларнинг ижтимоий масъулияти муҳимлигини унутманг. Катта ёшдаги одамларда ўлим фоизи кўпроқ бўлса-да, зарарланган ёш организмлар ўзлари билмаган ҳолда коронавируснинг фаол тарқатувчиси бўлиб хизмат қилади. Кўпинча, кексалар ёшларнинг карантин ва профилактика ишларига бепарво қарашларининг қурбони бўлишади. Ёшларнинг ўзлари ҳам реанимация бўлимларига тушиши ҳолатлари кам эмас.

6.Касалликка қайта чалинмайман деб ўйламанг. Одатда, инсон иммунитети инфекция ёки вирусни таниб олишни ўрганади, бу эса касалликнинг қайта юқиши эҳтимолини камайтиради. Шу билан бирга, ҳозирда коронавирусдан тузалган одам уни қайта юқтирмаслиги борасида ишончли далиллар йўқ.

7.Шаҳарга ва гавжум жойларга борманг. Ҳар қандай вазиятда одамлар орасидаги масофа камида икки метр бўлиши керак. Нью-Йорк мисолида шуни айтиш мумкинки, бундай мегаполислар аҳоли ўртасидаги зичлик қанчалик хавфли бўлиши мумкинлигини кўрсатди.

8.Ваҳимага тушманг. Вирус асосан бемор одам йўталганда ёки аксирганда ҳаво-томчи йўли билан юқади. Одатда, одамлар аксирганда оғзини қўллари билан беркитадилар. Сўнгра қўл бериб кўришадилар ёки эшик тутқичи каби умумий нарсаларга тегинишади. Соғлом одам қўл бериб кўришгач ёки умумий нарсаларга тегинганидан сўнг ўзи билмаган ҳолда юзи, оғзига қўл тегизиши мумкин, бу унинг вирус юқтиришига олиб келади. Ҳамма нарсадан чўчиш шарт эмас. Масалан, почта орқали юборилган жўнатма ва турли пакетлар катта хавф туғдирмайди, чунки вирус бундай юзаларда узоқ вақт сақланмайди.

9.Вирус тез орада ўтиб кетади деб ўйламанг. Пандемиянинг қисқариш муддати маълум эмас. Янги ҳолатлар сонини камайтириш учун Хитой ва Жанубий Кореяга 8 ҳафта керак бўлди. Европа ва АҚШда эса ўсиб бормоқда. Касаллик тарқалиши кўламини барқарорлаштириш ва беморлар сонини камайтиришни бошлаш учун бир неча ой керак бўлиши мумкин. Бироқ кузда ёки қишда коронавирус яна ўзини намоён қилиши мумкин, аммо бу вақтга келиб биз ушбу вирусни даволашнинг янада самарали усуллари пайдо бўлса керак.

10.Хусусий бизнес, четда турманг. Фақат ҳукумат кучлари ва тадбиркорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билангина коронавирусни енгиш мумкин. Ҳозирда АҚШда тиббий ашёларнинг асосий ишлаб чиқарувчиси ва етказиб берувчиси хусусий бизнес бўлиб турибди, давлат эса коронавирус тарқалишига қарши курашиш сиёсатининг асосий мувофиқлаштирувчисидир.

Мавзуга оид