Ўзбекистон | 17:03 / 01.04.2020
74087
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг яна 4 нафари тузалди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлардан яна тўрт нафари соғайиб, реабилитацияга кузатилгани ҳақида маълумот берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Маълум қилинишича, БААнинг Дубай шаҳридан келган ва Туркиядан келган беморлар, шунингдек, Ўзбекистонда бошқа беморлар билан алоқада бўлиш оқибатида вирус юқтирган икки беморга жавоб берилган. 

Уларни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва бошқа масъуллар Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатишди.

Улар энди икки ҳафта давомида тиббий кузатувда бўлишади.

«Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ушбу беморларнинг соғайишида Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси жамоасининг баҳамжиҳат бўлиб, зиммасига юкланган улкан масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг шифо топиши учун астойдил курашаётгани муҳим аҳамият касб этяпти. Бунинг учун шифохонада барча шароит яратилган, дори-дармон, замонавий тиббий технологиялар, ҳимоя воситалари билан таъминланган. 

Яна бир эътиборли жиҳати, айни мураккаб вазиятда тажрибали шифокорларимиз томонидан беморларни даволашда дунё тажрибаси, хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари, коронавирус инфекциясини жиловлай олган Хитой, Жанубий Корея каби давлатларнинг амалий ишлари ўрганилиб, амалиётда қўлланилмоқда. Ҳар бир беморга илмий асосда ёндашилиб, стандартлар бўйича даволаш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, клиника жамоасининг пульмонология, кардиология, терапевт, эндокринология каби қатор ихтисослашган соҳа мутахассислари билан телемулоқот ўрнатгани ҳам  коронавирус инфекциясига қарши курашда қўл келмоқда. Тор мутахассислар билан ҳамкорликда беморларнинг ҳолати юзасидан маслаҳатлашиш, аниқ ташхис қўйиш ва даволаш имконини беряпти. Шу каби қатор омиллар аксарият беморлар аҳволи яхшиланишига олиб келмоқда, соғайиши тезлашмоқда. Айни лаҳзада тузалган беморларимизнинг қувончи чексиз. Уларнинг табассуми, миннатдорчилик сўзлари заҳматкаш тиббиёт ходимларининг меҳнатига энг юксак баҳо бўлса, ажаб эмас. 

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда нафақат пойтахтимизда, балки вилоятларда ҳам тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг соғайиб кетишлари учун бор маҳоратларини ишга солган ҳолда қаҳрамонларча курашмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Шу тариқа, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганидан кейин тузалган беморларнинг жами сони 12 нафарга етди. Айни вақтда яна 159 бемор турли ҳудудларда даволанмоқда.

Мавзуга оид