Жаҳон | 08:11 / 03.04.2020
8731
3 дақиқада ўқилади

Трамп Россия ва Саудия Арабистони ўртасидаги нефть бўйича музокаралар тўғрисида гапирди

Нефть нархлари қулагач, Саудия Арабистони OPEC+ нинг шошилинч мажлисини чақириб, Россия ва бошқа йирик қазиб олувчилар билан нефть ҳажмини янги ва «адолатли» йўл билан қисқартириш бўйича келишиб олишга киришган. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп айтиб ўтди.

Фото: REUTERS/Kevin Lamarque

Саудия Арабистони ва Россия нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш бўйича тузган OPEC+ келишуви барбод бўлгач ва жаҳонда нефтга талабнинг пасайишга олиб келган коронавирус инфекцияси яна томонларни музокара столига ўтиришга мажбур қилганга ўхшайди.

Бунинг учун бир ойдан сал камроқ вақт талаб қилинди: 6 март куни Австрия пойтахти Вена шаҳрида ўтказилган OPEC+ учрашувида Россия қазиб олишнинг амалдаги даражасини сақлаб қолишни таклиф қилди, Саудия Арабистони эса коронавирус туфайли қўшимча қисқартиришларни ёқлаб чиқди. Натижада 1 апрелдан келишувнинг амал қилиш муддати тугади, саудияликлар нефть етказиб беришни кескин ошириб, нархлар “уруши”ни бошлади, нефть нархи эса баррелиги 25 доллардан пастга тушди.

Трамп нима деди?

  • 2 апрель Саудия Арабистони бозорни мувозанатлаштириш ҳақида адолатли келишувга эришиш учун OPEC+ келишуви мамлакатларининг шошилинч учрашувини ўтказишни таклиф қилди, деб хабар берди қиролликнинг SPA давлат нашри.
  • АҚШ президенти Дональд Трамп одатга кўра твиттерида «ўз дўсти», Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан ҳозиргина суҳбат қургани, у эса ўз навбатида Россия президенти Владимир Путин билан гаплашганини ёзиб қолдирган. «Мен улар яна 10 миллион баррелдан, эҳтимол янада кўпроқ қисқартиришидан умид қилмоқдаман ва буни кутмоқдаман. Агар бу юз берса, нефть-газ саноати учун ажойиб воқеа бўларди», — деган Трамп.
  • Кремлдагилар Путин Саудия валиаҳд шаҳзодаси билан музокаралар олиб борганини рад этишди.
  • Бу янгиликлардан сўнг Шимолий денгизнинг Brent туридаги нефти фючерс битимларида 33 фоизга кўтарилиб, баррелига 36 доллардан сотила бошлади, кейинроқ 29,9 долларгача тушди (+21 фоиз), Американинг WTI нефти эса 22 фоизга кўтарилиб, баррелига 24,7 долларга етди.
  • Россиянинг РТС биржаси индекслари 3,3 фоизга ўсди. Нефть котировкаларининг сакраши рублнинг курсида ҳам ўз аксини топди, лекин унинг ўсиши нефть нархиникидек жиддий бўлмади: шу воқеагача 79 рубль атрофида сотилаётган доллар Трампнинг баёнотидан сўнг 78 рублга тушди. 
  • АҚШ OPEC+ битими иштирокчиси ҳисобланмайди ва бу битим амал қилган даврда нефть қазиб олишни 4 миллион баррелга ошириб, суткасига 12,2 миллион баррелга етказган. Лекин Америка компаниялари нефть котировкаларининг қулашидан жабр кўрган асосий қурбонлар бўлишди, чунки улар қимматбаҳо сланецли нефть қазиб олишади, уни ишлаб чиқариш нефть нархи баррелига 40–50 доллар бўлгандагина фойда беради.
  • Таққослаш учун: Россия 2020 йилнинг биринчи чорагида суткасига 11,3 миллион баррел нефть қазиб олган, Саудия Арабистони эса 1 апрелдан бошлаб нефть қазиб олишни суткасига 25 фоизга ошириб, суткасига 12 миллион баррелга етказиш режасини очиқлаётган эди.

Мавзуга оид