Вилоятлар марказларида ҳам хайрия марказлари ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Айтиб ўтилганидек, пандемия оқибатлари оғир таъсир қиладиган ушбу корхоналар билан алоҳида ишлаш зарур. Молиявий қийинчиликка дуч келган корхоналар раҳбарлари имтиёз олиш учун банк ва солиқ идораларида сарсон бўлиб юрмаслиги керак.
Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ижтимоий соҳа ва бошқа инфратузилма объектлари қурилишига қўшимча 3,6 триллион сўм ажратилди. Бу маблағлар, энг аввало, ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилади. Хусусан, 152та лойиҳанинг муаммолари ҳал қилинса, 10 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.
Видеоселектор йиғилишида экспорт масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Юкларни темир йўл орқали контейнерда ташиш, станцияларда рефрижератор секцияларини кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. Мутасаддиларга мева-сабзавотлар, тўқимачилик ва электротехника маҳсулотлари, қурилиш материаллари экспорти бўйича ҳар бир корхона муаммосини тезкор ҳал қилиб бориш юзасидан топшириқлар берилди.
Аҳолини зарур истеъмол товарлари, озиқ-овқат, дори ва гигиена маҳсулотлари билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Юртимиздаги 358та деҳқон бозори ва улардаги «Элга хизмат» корхонасини жалб этиб, маҳаллаларда соддалаштирилган кўчма савдони йўлга қўйиш чоралари белгиланди.
Қолаверса, аҳоли ихтиёрида 4,5 миллионта томорқа хўжалиги бор. Шу кунларда улардан ҳам маҳсулот олина бошлайди. Бу одамларга қўшимча даромад, халқимизга ризқ-рўз манбаи. Шу боис томорқадан маҳсулотларни сотиб олувчиларга карантинга амал қилган ҳолда эркин ҳаракатланиши учун шароит яратиш бўйича кўрсатма берилди.
Маълумки, карантиннинг илк кунлариданоқ халқимиз жипслашиб, саховатпеша инсонлар ёлғиз кексалар, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам қўлини чўзиб келмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва хавфсизлик қоидаларини таъминлаган ҳолда амалга ошириш мақсадида хайр-эҳсонлар Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ»да жамланмоқда ҳамда колл-центрга келиб тушган мурожаатлар асосида маҳалла вакиллари ва кўнгиллилар гуруҳлари томонидан эҳтиёжманд оилаларга тарқатилмоқда. Бунинг учун 20та «Дамас» автомашинаси ажратилиб, барча ҳимоя воситалари билан таъминланган.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига шундай тартибни вилоят марказларида ҳам ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.
Савдо-саноат палатаси, «Ҳунарманд» уюшмасига тижорат банклари билан биргаликда бу йил ҳунармандчилик лойиҳалари учун ажратилган 50 миллион доллар кредит маблағларининг эгаларига тўлиқ етиб боришини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда давлат бюджети тушумлар прогнозининг бажарилишига оид масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида бюджетга 24 триллион сўм солиқ ва 4,8 триллион сўм божхона тушумлари йиғилиб, барча ҳудудларда даромадлар прогнози тўлиқ бажарилган.
Масалан, иккинчи чоракда табиий газ сотиш ҳажми камайиши, миснинг жаҳон бозоридаги нархи пасайиши каби омиллар ҳисобига бюджетга солиқ тушуми биринчи чоракка нисбатан 1,4 триллион сўмга камайиши ҳисоб-қитоб қилинмоқда. Бундай ҳолат божхона тушумларида ҳам кузатилади.
Бу вазият молия, солиқ, божхона ва бошқа иқтисодий комплекс идораларидан юқори даражада сафарбарликни талаб этади. Шу боис мутасадди раҳбарлар корхона ва тадбиркорларнинг мунтазам ишлашига кўмаклашиб, тушумларни кўпайтириш чораларини кўриши муҳимлиги таъкидланди.
Видеоселектор орқали ҳар бир мутасадди вазирлик, идора, ташкилот раҳбарлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ҳокимларининг кун тартибида белгиланган масалалар юзасидан ҳисоботлари эшитилди.
Мавзуга оид
11:22 / 02.05.2024
Президент: Жаҳонда инвесторлар учун мислсиз кураш кетяпти
21:36 / 01.05.2024
ЕТТБ Ўзбекистонда «яшил» шаҳарларни ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этади
09:04 / 30.04.2024
Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар миллий жамоасини табриклади
19:48 / 29.04.2024