Ўзбекистон | 16:00 / 05.04.2020
73393
11 дақиқада ўқилади

Карантин даврида аҳолини иш билан таъминлаш қандай кечмоқда? Вазир билан суҳбат

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига Инқирозга қарши жамғармадан 200 миллиард сўм ажратилди. Бу маблағлар пандемия шароитида одамларни иш билан таъминлашга йўналтирилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов билан суҳбатимиз айни шу мавзуда бўлди.

«Президентимизнинг махсус фармонларига мувофиқ, карантин даврининг иқтисодиётга салбий таъсирларини юмшатиш бўйича бир нечта чора-тадбирлар кўзда тутилган. Шу билан биргаликда, ишсиз бўлган фуқароларимизни жамоат ишларига жалб қилиш мақсадида вазирлигимизга ҳам Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 200 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Бизга маълумки, ҳозирги кунда ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатувчи субъектлар карантин сабабли вақтинча иш фаолиятини тўхтатди. Хизмат кўрсатиш ёки умумий овқатланиш шохобчаларида кунбай иш ҳақи олган ишчиларда қийинчиликлар юзага келяпти.

Мазкур фармон юзасидан маблағларни тизимли равишда, мақсадли ишлатилишини ташкил этиш бўйича вазирлигимиз вакиллари ҳудудларга чиқиб, муаммоларни жойида ҳал этиш, туман ҳокимликлари ва фуқароларга яқиндан амалий ёрдам бермоқда. Жумладан, уч кун давомида Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Уйчи, Андижон вилоятининг Балиқчи ва Марҳамат туманларида бўлдик. Жойларда фуқароларни жамоат ишларига жалб қилиш масаласида амалий ёрдам кўрсатиб келяпмиз.

Ўзи жамоат ишларига нималар киради? Яшаш жойларини чиройли кўринишга келтириш учун деярли барча жойларда ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Мавжуд ариқларни тозалаш, кўча дарахтларини оқлаш, йўлакларни тартибга солишга уйда бўш ўтирган фуқароларимизни жалб қиляпмиз.

Барча ҳудудларда инвестиция дастури асосида ижтимоий соҳа объектлари қурилмоқда. Андижон вилоятида жорий йилда 118та ижтимоий соҳа объектларини қуриш учун маблағлар ажратилган ва бу ишлар бошланган. Бу билан яхши бир тизим бўлдики, иш берувчига ва иш изловчига имконият пайдо бўлди. Тадбиркорга эса рағбат. Яъни, ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ишларини олиб бораётган тадбиркор ишчиларни кўпайтириш орқали тез фурсатда объектни сифатли топширади. Жамоат фондидан эса қўшимча жалб қилинган маблағ эвазига ишчиларга иш ҳақларини қоплаб бериш кўзда тутилган.

Яна бир томони, инқирозга қарши курашиш ишчи гуруҳининг қарори билан карантин даврида жамоат ишларига жалб қилинган фуқароларимизга иш ҳақларини ой давомида аванс ёки ойлик қилиб эмас, ҳар 5 кунда тўлаб бориш тартибини белгилаб олдик.

Кеча Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида бўлганимизда, туман ҳокимлиги жуда яхши бир таклиф берди. Барча ҳудудларда СЭОМ ходимлари томонидан бозорлар, озиқ-овқат шохобчалари ва аҳоли қатновчи йўлакларда дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда.

СЭОМ ходимлари эса етарли эмас. Шунинг учун, туман ҳокимининг таклифи билан ишсиз фуқаролар, жумладан, илгари СЭОМ соҳасида ишлаган, тиббиёт коллежларини тамомлаган 50 нафар кишини Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизими ходимлари билан биргаликда аниқлаб, уларни жамоат ишларига жалб қилдик.

Яна бир йўналиш, карантин даврида барча ҳудудларда огоҳликка даъват қилиш бўйича ички ишлар ходимлари томонидан қўшимча постлар ташкил қилинган. Постлар кўп ташкил қилингани учун уларга ҳам ёрдам берилиши керак.

Туманлардаги ҳарбий хизматни ўтаб келган ва бугунги кунда ишсиз бўлган ёшларимизни жамоат ишлари орқали ишга жалб қилиб, жамғармадан уларга ҳақ тўлаш йўлга қўйилди. Ҳозирда улар кириш-чиқиш постларида ички ишлар ходимлари билан биргаликда, халқ посбонлари сифатида иш олиб бормоқда.

Фуқаролар ёки хонадонлар карантинга олингач, ҳамшира бириктирилиши керак. Шу боис яна бир йўналиш пайдо бўлди. Тиббий маълумоти бўлса-да, ишсиз бўлган фуқаролар ёки тиббиёт йўналишини тамомлаган ёшларимиз туман соғлиқни сақлаш тизими орқали ишга жалб қилиниб, ҳамшира ва патронаж сифатида иш олиб бормоқда.

Шу билан биргаликда, қишлоқ жойларида аксарият аҳоли ўзининг томорқасига эга. Камбағалликни қисқартириш мақсадида вазирлик, туман иқтисодиёт бўлими ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ходимлари билан биргаликда маҳаллабай ва хонадонбай инвентаризация қилиб ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аниқланяпти. Яққол мисол – Андижон вилояти Пахтаобод тумани Файзиобод маҳалласида 5 нафар шундай оила бор. Уларнинг томорқа ерлари мавжуд. Хонадон эгаларининг розилиги ва таклифи билан махсус жамғармадан субсидия, ёрдам пули бериш орқали 2 сотих ерига иссиқхона қуриб берилади.

Бу билан оилага муносиб даромад манбайи пайдо бўлади, озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича бозоримизга маҳсулот чиқади.

Шахсий томорқаларни ривожлантириш бўйича субсидиялар шаклланган. Апрель ойи экин экиладиган пайтда республиканинг барча ҳудудларида вазирлик ходимлари маҳаллаларда иш олиб бориб, фуқароларга бу имкониятлардан фойдаланиш кераклигини тушунтирмоқда.

Карантин вақтида айрим вазирликлар тизими ишлари озгина чекланган бўлса, бизнинг вазирлик ходимлари олдидаги масъулият бир неча карра ошди. Чунки, биз ҳис қиляпмизки, уйида ўтирган фуқароларимизнинг бандлигини таъминлаш катта аҳамиятга эга. Биринчидан, оилани даромад манбайига эга қилиш керак. Иккинчидан, озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича бозорларда маҳсулотлар етарли бўлиши масаласи турибди», – дейди Нозим Ҳусанов.

– Кооперативлар қай тартибда ташкил этиляпти?

– Президентимиз топшириғига мувофиқ, жойларда камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ ҳўжалигида фойдаланилмаётган лалми ерларда кооперативлар ташкил қилинмоқда.

Маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож камбағал оила аъзоларидан ўртача 50 нафарини бирлаштириб, ҳар бирига 20 сотихгача ер ажратиляпти. Айни пайтда Балиқчи туманидаги ишлар бунга яққол мисол бўлади. Бу ерда етакчи тадбиркор аниқланиб, бошқа кооператив аъзоларини бирлаштирган. Етакчи тадбиркор ерга нима экин экиш ва эртага қаерда сотиш масалалари бўйича уларга кўмак берадиган ва ўзида қўшимча маблағга эга бўлиши керак. Қолган 50 нафар кооператив аъзо эса – шу маҳалла фуқароси, ҳозирги кунда ишсиз, меҳнат муҳожирлиги билан шуғулланиб келган, айни пайтда шу ҳудудда қолган фуқаролардир.

Кооператив тизими жуда катта имконият беради. Кеча аъзолар билан гаплашганимизда, хурсанд бўлгани, шундай имкониятлар яратиб берган президентимиздан миннатдорлигини билдиришди. Улар учун яшаш жойига яқин бўлган жойдан ер ажратдик. Ҳар бир аъзога 2 миллион 300 минг сўм миқдорида субсидия берилди. Бу маблағлар барчаси кооператив аъзоларининг ҳисоб рақамига туширилди. Маблағларни кўчат, уруғлик олиш, агротехника тадбирлари учун сарфладилар.

Наманган вилоятининг Поп, Уйчи, Тўрақўрғон ва Косонсой туманларида ҳам худди шу тартибда иш ташкил қилинди.

Туман ҳокимлари билан шу тажрибани тизимли йўлга қўйиб олсак, жойлардаги ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жуда катта ижобий натижага эришамиз.

Афзаллиги шундаки, катта инвестиция талаб қилмайдиган соҳа. Ишлаб чиқариш корхонаси миллионлаб инвестиция ва анча вақт талаб қилади.

Бу – ота-боболаримиздан қолган соҳа. Озгина эътибор қаратилиб, туман ҳокимлари масъулият билан ёндашса ва бўш турган ерлар ажратиб берилса бўлгани. Ҳукумат томонидан берилган имкониятдан фойдаланиб, жамғармадан субсидия ажратилади ва шу ишларни ташкил қилиш мумкин.

– Аҳолига дала томорқаси учун берилаётган субсидиянинг миқдори ва олиш тартиби қандай?

– Субсидия дегани, қайтариб берилмайдиган пул маблағи ҳисобланади. Бу кредит эмас. Айнан ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларимизга ажратилган маблағдир. Бу пулларни оёққа туриб олиш учун сарфлайдилар.

Президентнинг бир гапи бор. Яъни фуқароларимизга балиқ эмас, қармоқ беришимиз керак. Бу ҳам қармоқ ролини ўйнайди. Шу тизим орқали фуқаро ерлик бўлди. Дала томорқасидан фойдаланиш учун туман ҳокимининг қарори билан ер берилади. Субсидия сифатида, кўчат олишга ва бошқа тадбирларни амалган ошириш учун маблағ бериляпти. Фуқаро маҳсулот етиштиради ва сотади. Камбағал бўлмайди.

– Апрель ойи жамоат ишлари йўналиши учун 50 млрд сўм маблағ ажратилган. Бу маблағлар вилоят ва туманлар кесимида тақсимот қилинди. Жойларда қўшимча талаб бўлса, қўшимча молиялаштирилиши мумкин.

Шахсий томорқа субсидияси бўйича эса, республика миқёсида 20 млрд сўм режалаштирилди. Дала томорқаларини кооперативлаштириш учун 15 млрд сўм маблағ ажратилиши бўйича режа қилинди.

– Кооперативга аъзо бўлиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

– Биринчи навбатда, маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилиш керак. Сабаби, айни пайтда маҳалла оқсоқоллари билан иш олиб боряпмиз. Қолаверса, Меҳнат вазирлигининг 200-06-00 телефон рақамларига ҳам мурожаат қилиши мумкин.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари ўзларининг ҳудудидаги аҳоли вакилларига қай даражада иш кераклигини билиб, шунга қараб рўйхат шакллантирди. Маҳалла оқсоқоли шу фуқарони билиши, бандлик ташкилоти ишсиз сифатида рўйхатга олиши керак.

– Водий вилоятларида аҳоли зич яшайди. Иш билан таъминлашда алоҳида жиҳатлари нималардан иборат?

– Водий вилоятларида аҳоли зич яшайди. Томорқалар ҳам кичик. Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида томорқалар 10-20 сотихдан. Водий вилоятларида эса, 4 ёки кўпи билан 8 сотихдан иборат. Шунинг учун вилоят ҳокимлари билан суҳбатлашдик. Асосий қишлоқ ҳўжалигида фойдаланилмаётган ерларни кооператив усулида ўзлаштириш орқали механизм жорий қилмоқчимиз. Ижобий таъсирини беряпти.

Наманган вилояти, Поп тумани ҳокимлиги томонидан кўп йиллардан буён фойдаланилмай келган 60 гектар ер майдони қарийб 200 оилага тақсимот қилиб берилди. Кимдир иссиқхона қилди, кимдир мевали дарахтлар экди. Мевали дарахт уч йилда ҳосилга киради. Бу пайтгача дарахт ораларига нўхот ва бошқа экинларни экиш йўлга қўйилди.

Водий вилоятларига кооператив бирлашма ташкил қилишни жорий этмоқдамиз.

– Хорижга ишга кета олмаган меҳнат муҳожирларининг тахминий сони қанча ва уларнинг қанчаси иш билан таъминланиши кутилмоқда?

– Вазирлигимиз Россия Федерациясининг Миграция хизмати билан доимий равишда маълумот алмашиб боради. Улар томонидан тақдим қилинган маълумотга асосан, ҳозирги кунда Ўзбекистонда меҳнат муҳожирлиги фаолияти билан шуғулланганлар ва чегара ёпилиши ҳисобига чиқа олмаганлар сони 500 мингга яқин фуқарони ташкил қилади.

Яъни, улар Ўзбекистон ҳудудида. Уларни иш билан таъминлаш учун 100-150 минг нафарига режа қилинди.

Албатта, бу кўпроқ бўлишига ҳаракат қилинмоқда. Ҳозирги қисқа муддатда, март ва апрел ойларида турли хил йўналишларга жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

Элмурод Эрматов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов.

Мавзуга оид