Коронавирус пандемияси одатий ҳаётнинг ҳар бир соҳасига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Айни вақтга келиб касаллик 60 мингдан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетди, зарарланганлар сони эса 1,2 миллион ошиб кетган. Вирус тарқалишининг олдини олувчи ижтимоий масофаланиш жаҳон иқтисодиётининг тўхтаб қолишини юзага келтирди. Бу жиддий оқибатларга сабаб бўлади. Бироқ саноат соҳасининг тўхтаб қолишидан ташқари коронавирус сабабли дунёдаги кўп шаҳарларда ҳаво сезиларли даражада тозаланди. Атмосферага зарарли моддалар чиқарилишига оид маълумотларни кузатган одамлар сайёранинг пандемияга реакциясини қайд этишди. Атмосфера ҳавоси тозаланди. Бироқ бу хурсандчиликка сабаб бўладими?

Коронавирус сайёрани ўзгартирадими?

Инсонларнинг ҳаёт тарзи ва иқтисодиёт жиддий ўзгаришларни бошдан кечираётган бир пайтда атмосфера қандай ўзгаришларга учраётгани борасида пандемия олимларга айрим тасаввурларни бермоқда. Атмосфера тадқиқотлари миллий маркази (NCAR) вакили Ҳелен Уорденнинг Popular Science нашрига берган маълумотларига кўра, бу атмосферага тегишли бўлган салбий тадқиқот. Чунки одатий ҳаёт тарзига қайтиш зарарли чиқиндилар миқдорини ошириб юбориши мумкин.

Мавжуд маълумотларга қараганда, коронавирусдан қаттиқ жабр кўрган Хитой янги йили байрами арафасида Хитойдаги чиқиндилар кўрсаткичи бир неча ҳафта давомида қисқарган. Эпидемия вақтида коронавирус тарқалишини камайтириш мақсадида кўмир истеъмоли қисқарди, нефтни қайта ишлаш секинлашди, авиарейслар эса бекор қилинди. Соҳага оид маълумотларга асосланиб, Хитой янги йил байрамидан кейинги тўрт ҳафта давомида мамлакатдаги карбонат ангидрид чиқиндилари деярли 25 фоизга қисқарган. Натижалар Carbon Brief.org порталида эълон қилинди. NASA спутник тасвирларида эса Хитой устидаги азот диоксиди ўртача 36 фоизга пасайган.

  • Азот диоксиди нафас олиш тизимига салбий таъсир кўрсатади ва астма ривожланишига олиб келади, шунингдек атмосферада яна бир йирик ифлослантирувчи – озон ҳосил бўлишида иштирок этади.

Суратда Хитойдаги ҳавонинг январдан февралгача ифлосланиш даражасидаги ўзгаришлар кўрсатилган

NCAR сайтида эълон қилинган ҳисоботда Хитой янги йил байрамидан кейин азот диоксиди 2019 йилнинг шу даврида қайд этилган кўрсаткичдан 70 фоизгача камайгани кўрсатилган. Ифлослантирувчи углерод оксиди даражаси ўтган йил билан таққослаганда 30-45 фоизга камайган. Шунга қарамай, олимлар пасайиш пандемия билан боғлиқ деб ҳисоблаш учун қўшимча тадқиқотлар керак деб ҳисоблашмоқда.