Спорт | 21:26 / 06.04.2020
9737
1 дақиқада ўқилади

Туркиянинг энг совриндор дарвозабони Covid-19’дан тузалди

Коронавирус инфекциясига топширган тести ижобий чиққан Туркия миллий жамоасининг собиқ дарвозабони Рушту Речберга касалхонадан уйга жавоб берилди. Бу ҳақда Instagram’да унинг рафиқаси Ишил маълум қилди.

Фото: Global Look Press

«Оғир 11 кундан сўнг турмуш ўртоғимга жавоб беришмоқда. Мен бундан хурсандман, лекин ҳануз жуда кўплаб инсонлар шифохонада қолишмоқда», — деб ёзган Речбернинг аёли.

46 ёшли Рушту Речбер коронавирус инфекциясига чалиниб, шифохонага ётқизилгани ҳақида 31 март куни хабарлар тарқалган эди. ОАВ собиқ дарвозабон оғир аҳволдалигини ёзганди. Marca нашрининг хабарига кўра, бунгача Речбер АҚШдан келган ва икки ҳафталик карантинга риоя қилиш ҳақидаги талабига беписанд қараган.

Туркия миллий жамоаси таркибида бу дарвозабон 120та ўйин ўтказган ва 2002 йилги жаҳон, 2008 йилги Европа чемпионатларининг бронза медалларини қўлга киритган. Клуб даражасида Рушту Речбер «Бешиктош», «Фенербахче» ва «Анталяспорт», шунингдек, «Барселона» сафида ўйнаган. У – 6 карра Туркия чемпиони ва 2 марта кубок соҳиби.