The New York Times мақоласида Нью-Жерси штатидаги вазият ҳақида сўз боради.

Кислород хоналарида жой қолмаган

Нью-Йоркнинг яхшигина таъзирини берган вирус Нью-Жерсига шиддат билан кириб келди. Вирус бу штатда илк марта март ойи бошларида пайдо бўлганди.

5 апрель ҳолатига кўра, штат бўйича касалланиш ҳолати 122 мингта. Улардан 4100 нафари вафот этди. Аҳоли энг гавжум бўлган биргина Берге округида 6187 нафар бемор. Шулардан 189 нафари хасталикка енгилди.

Энг йирик округлардан бири бўлган Тинекда ҳам вазият яхши эмас – 421 нафар бемор. Округдаги «Муқаддас ном» касалхонасида 150 беморга 2 нафаргина врач қараяпти. Касалхонанинг 12 нафар шифокорида ҳам вирус аниқланган.

Тамаддихоналар ва болалар бўлимлари ҳам интенсив терапия учун мослаштирилган. Беморлар орасида 19 ёшли ўспирин ҳам, 90 ёшли қария ҳам бор. Кислород хоналари тўлиб бўлган. Битта касалхонада 20 беморнинг вирусга таслим бўлиши учун 72 соат кифоя қилди.

«Ҳаммаси яхшиланишидан аввал ҳаммаси ёмонлашиши керак»

Фото: AP

Жума куни штат губернатори Фил Мёрфи аҳолига муроажаат қилди:

«Ўзингизни вирус сизда яшаётгандек эҳтиёткор тутинг. Ҳаммаси яхшиланишидан аввал ҳаммаси ёмонлашиши керак».

Иккита касалхонадан кислород мосламалари, беморлар ҳаётини сақлаб қолиш учун муҳим воситалар деярли қолмагани ҳақида мурожаат тушди. Уларнинг бирида ҳатто беморларни тинчлантирувчи таблеткалар ҳам қолмаганди.

Губернатор ва соғлиқни сақлаш бўйича штат комиссари баъзи касалхоналарга қўшимча музхоналар олиб келинишини айтишди. Сабаб – ўликхоналарда жасад қўйишга жой йўқ.

Вирус қурбонлари хотирасига штатдаги барча байроқлар тушириб қўйилди.

«Қариндошларингни даволаш, уларнинг ўлимига гувоҳ бўлиш оғир»

«Муқаддас ном» шифохонаси бош ҳамшираси Мишел Ацито Нью-Жерсидаги вазиятни ҳаммадан кўпроқ ҳис қиляпти. У раҳбарлик қилаётган шифохонага қайнонаси, қайниси ва қайнисинглисини олиб келишди. Ташхис – COVID-19.