Жаҳон | 11:30 / 08.04.2020
87604
4 дақиқада ўқилади

Трамп Ой ресурсларидан фойдаланишга рухсат берди. Улар кимга тегишли?

АҚШ президенти Дональд Трамп душанба куни Ой ва Қуёш тизимидаги бошқа сайёралардаги ресурслардан тижорий мақсадда фойдаланиш ҳуқуқини берадиган фармонни имзолади. Бу ресурслар кимга тегишли ўзи?

Роскосмосда Трампни космик ҳудудга дахл қилишда айблашди. Трамп имзолаган ҳужжатда космос инсониятга тегишли эмаслиги ва америкаликлар коинотда тадқиқотлар ўтказиш, ундаги ресурслардан тижорий мақсадда фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши кераклиги келтирилган. АҚШ Давлат департаменти ва бошқа тегишли идораларга халқаро даражадаги керакли музокаралар ўтказиб, келишувлар имзолаш топшириғи берилган.

Трамп имзолаган ҳужжатда АҚШ 1979 йил БМТ бош ассамблеясида давлатларнинг Ой ва бошқа коинот маконларидаги ҳаракатлари тўғрисидаги келишувни тан олмаслиги айтилган. 41 йил олдин имзоланган бу ҳужжатда, хусусан, Ой ва ундаги ресурслар кимгадир эмас, умуминсониятга тегишли бойлик экани айтилган.

«АҚШ Марсга одам юбориб, фазогирларини Ойга қайтаришни режа қилаётган бир вақтда бу фармон космосдаги сув ва бошқа минераллардан фойдаланиш бўйича сиёсатимизни ифодалайди», дейди АҚШ миллий космик кенгаши ижрочи котиби Скотт Пейс.

Роскосмос бош директори ўринбосари Сергей Савельев АҚШ раҳбариятини анъаналарни бузганликда айблади: «Коинотни мусодара қилишга даъво қилиб сайёралар ҳудудини эгаллашга уриниш мамлакатлар ўртасидаги алоқаларга таъсир қилади».

Роскосмос раҳбари Дмитрий Рогозин твиттерда ёзишича, бу фармон орқали «Ой ва бошқа космик жисмларнинг АҚШга тегишли экани»ни кўрсатишга уринилган. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам муҳокамага қўшилар экан, бу масала ҳақида фикр билдириш учун аввал унга юридик жиҳатдан баҳо бериш кераклигини айтган: «Бу коинотни хусусийлаштиришга уриниш экани ҳақида гапиришим қийин, лекин барибир ғалати қарор».

Ой тўғрисидаги келишув ва ўзлаштирмаслик принципи
Халқаро космик ҳуқуқлар институти аъзоси Элина Морозованинг ВВС’га маълум қилишича, бу борадаги асосий ҳужжат космик жисмларни ўзлаштирмаслик принципи ҳисобланади, аммо коинотдаги ресурслар масаласи анча мураккаб.

«Бу борада иккита асосий қараш мавжуд: бирида коинотни ўзлаштирмаслик принципи ундаги ресурсларга ҳам алоқадорлиги айтилади. Яъни, коинотдаги ресурсларни тижорий мақсадларда ишлатиш мумкин эмас, улардан фақат илмий текшириш ишларида фойдаланиш керак. Иккинчи қарашни қўлловчиларнинг фикрича, ўзлаштирмаслик принципи коинот ресурсларидан фойдаланмасликка алоқадор эмас», деб тушунтирди Морозова.

«Ойга даъво қилиш» борасида эса иккита ҳужжатга қараш мумкин: Биринчи ҳужжат 1967 йилда АҚШ, СССР ва Британия томонидан имзоланган Ой ва бошқа космик жисмларда илмий текшириш олиб боришдаги ҳаракатлар келишуви. Иккинчи ҳужжат эса 1979 йилда имзоланган Ой ва бошқа осмон жисмларида ҳаракатлар бўйича келишув. Бу келишувнинг обрўси камроқ деса бўлади, чунки уни ратификация қилган 18 мамлакат ичида бирорта «катта еттилик» ёки БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлат бўлмаган.

Ҳар икки ҳужжатнинг мақсади Ойдан тинчлик йўлида фойдаланиш бўлган. Масалан, 1967 йилги келишувда «Ой ва бошқа осмон жисмлари ҳеч қанақасига миллий манфаатлар учун хизмат қилмаслиги» белгилаб қўйилган. Келишувни АҚШ ҳам имзолаган.

Кўриб турганингиздек, халқаро ҳуқуқ нормалари Ойдаги ресурслардан фойдаланиш учун АҚШга имкон бермайди. Ҳозирча деб турайлик, чунки Трамп Давлат департаментига халқаро музокара ўтказиш борасида кўрсатма берди. АҚШ учун эса имконсиздек кўринган ишларни бажариш янгилик эмас...

Мавзуга оид