Ўзбекистон | 17:26 / 09.04.2020
64171
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг яна 8 нафари тузалди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинган беморларнинг яна 8 нафари бутунлай соғайгани тўғрисида маълумот берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида соғайганларни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодманов ва бошқа масъуллар Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатишган.

«Шундай қилиб, айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган бемордан 38 нафари буткул соғайганини мамнуният билан айтишимиз мумкин. Тузалганлар сони кун сайин кўпайиб бораётганида эса, авваламбор, шу соҳада фаолият олиб бораётган фидокор тиббиёт ходимларининг улкан ҳиссаси мужассам.

Шифокорлар беморларни даволашда дунё тажрибаси, хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Германия, Жанубий Корея, Хитой, Япония каби қатор мамлакатларнинг энг нуфузли мутахассислари тавсияларидан фойдаланишмоқда. Бундан ташқари, президентимиз топшириғига кўра, ҳар бир беморга икки нафардан шу соҳада кўзга кўринган тажрибали мутахассислар жалб қилиниб, стандартлар бўйича даволаш чоралари кўрилмоқда. 

Шунингдек, шифокорлар беморларни даволаш жараёнида мамлакатимизнинг етук пульмонолог, кардиолог, терапевт, эндокринолог, реаниматолог каби қатор мутахассислар билан телемулоқот ўрнатиб, улардан керакли тавсияларни олаётгани ҳам қўл келмоқда. Тор мутахассислар билан ҳамкорлик беморларнинг ҳолати юзасидан маслаҳатлашиш, аниқ ташхис қўйиш ва даволаш имконини беряпти. 

Яна бир гуруҳ соғайган беморларни кузатиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазири А. Шадманов фидокор тиббиёт ходимларига миннатдорлик билдирди

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда нафақат пойтахтимизда, балки вилоятларда ҳам тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг соғайиб кетишлари учун бор маҳоратларини ишга солган ҳолда қаҳрамонларча курашмоқда», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

9 апрель ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирус ташхиси қўйилган беморлар сони 582 нафарга етди, шу вақтгача беморларнинг уч нафари вафот этган, жами 38 бемор соғайган.

Мавзуга оид