Жамият | 15:00 / 10.04.2020
16375
5 дақиқада ўқилади

Замон билан ҳамнафас «Оқтош дон» АЖ: муҳим паллада масъулият унутилмайди

Коронавирус туфайли юртимизда карантин тартиблари жорий қилинган бугунги кунларда кундалик зарур озиқ-овқатлар ишлаб чиқараётган корхоналарнинг узлуксиз фаолият кўрсатиши жуда муҳим.

Фото: «Оқтош дон» АЖ маъмурияти

Ана шундай корхоналардан бири бўлган «Оқтош дон» АЖ ҳам масъулиятни ҳис қилган ҳолда ўз фаолиятини давом этттирмоқда. Жамият таркибидаги корхоналар бугунги муҳим кунларда ҳам халқимиз учун сифатли ун маҳсулотлари ва омихта ем етказиб бераяпти.

«Оқтош дон» АЖ қурилиши 1983 йилда бошланиб, 1989 йилда «Оқтошдонмаҳсулотлари» номи остида илк маҳсулотини ишлаб чиқарган.

Ўшанда корхона тегирмони суткасига 300 тонна буғдойни қайта ишлаб ун ва омихта ем ишлаб чиқаришга мўлжалланган эди. 1992 йилда корхонада суткасига 630 тонна омихта ем ишлаб чиқарадиган янги цех ишга туширилади.

1995 йил 4 апрелда Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни кўллаб қувватлаш қўмитаси Самарқанд вилоят бошқармасининг №101-к-ПО буйруғига асосан корхона номи «Оқтош дон» АЖ деб ўзгартирилади. 1999 йилда жамият таркибида суткасига 160 тонна уруғлик ғалла тайёрлайдиган Зирабулоқ уруғчилик цехи ишга туширилади.

2004 йил 6 августда Вазирлар Маҳкамасининг 376-сонли қарорига асосан, Каттақўрғон шаҳар Устабоев кучаси 1-уйда жойлашган «Каттақўрғондон» АЖ «Оқтош дон» АЖнинг филиали этиб бирлаштирилади.

«Каттақўрғондон» филиали таркибидаги суткасига 150 тонна уруғлик ғалла тайёрлайдиган Иштихон уруғчилик цехи 2011 йилда ишга туширилган.

Корхонани босқичма-босқич модернизация қилиш дастурига мувофиқ 2014 йилда «Оқтош дон» АЖга Украинанинг «Могилёв-Подольский» корхонасида ишлаб чиқарилган суткасига 200 тонна буғдойни қайта ишлаш қувватига эга янги ускуна ва жиҳозлар келтирилиб ўрнатилди.

Шундан кейин ҳам «Оқтош дон» АЖ ўз ускуналарини янгилашда давом этиб келаяпти. Жумладан, 2018-2019 йилларда ушбу жамиятга қарашли «Каттақурғондон» филиалига Туркиядан «Makinaenerji» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган суткасига 100 тонна 1-навли ун, 100 тонна омихта ем маҳсулоти ишлаб чиқариш қувватига эга ускуна ва жиҳозлар олиб келиб ўрнатилди.

Корхона таркибидаги турли тегирмонларда халқимиз учун сифатли ун, чорвадорлар учун омихта ем ишлаб чиқарилмоқда. «Оқтош дон» АЖда жами 430 нафар ишчи меҳнат қилади.

Жамият ишчи-ходимлари жами 60 млн 305 минг сўмлик қишки ва ёзги махсус кийимлар билан таъминланди.

2019 йилда жамиятнинг илғор ва фаол ишчи-ходимларидан 33 нафари 80 млн 380 минг сўм пул мукофоти ва 21 млн 300 минг сўмлик қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. 305 нафар ишчи-хизматчи рағбатлантирилиб уларга 83 млн 200 сўмлик моддий ёрдам берилди.

Жамият ишчи-ходимлари учун турли соғломлаштириш санаторияларига 8 млн 400 минг сўмлик имтиёзли ва битта бепул йўлланма ажратилди. Шунингдек, 3 йилдан бери ишчи-ходимларнинг фарзандларидан 100 нафари ёзги таътилда «Баҳора» ёзги болалар дам олиш оромгоҳида дам олиб келаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида жамият томонидан таъминланган фуқаронинг уйи таъмирлаб берилди, ногирони бор яна бир хонадонга уй қуриб берилди.

Жорий йилда жамиятнинг барча бўлим ва цехларида ишчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида ювиниш, кийиниш, дам олиш хоналари капитал таъмирланиб, қаттиқ ва юмшоқ мебель жиҳозлари билан таъминланди. Бундан ташқари, ишчи-ходимлар овқатланадиган ошхона таъмирланиб, барча керакли жиҳозлар ўрнатилди.

Корхона атрофидаги ички ва ташқи ҳудудлар ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилди. Жамият ҳудудида лимон ва помидор етиштириш иссиқхоналари барпо этилган.

Юртимизга коронавирус пандемияси кириб келганидан сўнг жамият барча масъулиятни ҳис қилган ҳолда барча объектларни дзинфекция қилиш, ходимларнинг иш жараёнида санитар қоидаларига эътиборли бўлишига катта эътибор бермоқда. Ходимларга ниқоб ва қўлқоплар тарқатилмоқда.

Бундан ташқари «Оқтош дон» АЖ юртимизда карантин тартиблари жорий этилганидан сўнг Нарпай туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда 50 тонна ун маҳсулотини тумандаги кам таъминланганлар ва ёрдамга муҳтож оилаларга текинга тарқатди. Бундан ташқари, жамият жами 70 тонна ун маҳсулотини туман бозор ва маҳаллаларида арзон нархда етказиб берди.

«Оқтош дон» АЖ ҳақида қисқача маълумот

Тизим: «Ўздонмаҳсулот» АК.

Корхона номи: «Оқтош дон» АЖ («Oqtosh don» AJ).

Фаолият тури: Дон маҳсулотларини қайта ишлаш.

Манзили: Самарқанд вилояти, Нарпай тумани, Ж.Мирзаев кўчаси 2-уй.

Раҳбар: Худойбердиев Тўра Ҳасанович.

«Оқтош дон» АЖ маъмурияти

Жамшид Рузибаев
Тайёрлаган Жамшид Рузибаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш