Жаҳон | 18:31 / 11.04.2020
58314
8 дақиқада ўқилади

Москвада иш берувчи муҳожир йигитни дўппослаб, 2-қаватдан улоқтирди. Ҳодиса бўйича иш очилмаяпти

Мусофирчиликнинг нони қаттиқ. Бугун миллионлаб инсонлар оғир-енгилига чидаб, ўзга юртларга меҳнат қилиб оила боқади. Марказий Осиё давлатлари, хусусан тожикистонликлар ҳам мустақилликка эришган йиллардан бошлаб Россияга бориб ишлаб келади.

Акбаржон Холиков. Фото: Akhbor-rus.com

Тоғликда жойлашган, иш ўринлари яратиш учун имкон жуда кам бўлган бу давлат фуқаролари учун Россияга бориб ишлаш шунчалик оддий ҳолга айланиб қолганки, ёш йигитлар мактабни битириши билан рус ўлкасининг қайси шаҳрига бориб ишлашни ўйлай бошлашади. Аммо... Россияда уларни асло хурсанд бўлиб, қучоқ очиб кутиб олишмайди.

Россияда ишлаётган марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари камситилаётгани, зўравонликка дуч келаётгани янгилик ҳам бўлмай қолди. Баъзи муҳожирлар камситилса ҳам, тишини тишига қўйиб туради, чунки гап қайтарса – ишидан айрилади. Иш берувчи дўппослаган муҳожирлар ногирон бўлиб қолган ҳолатлар ҳам бўлган.

Ана шундай ноинсоний жазога 1 апрель куни Москвадаги корхоналардан бирида фаррош бўлиб ишлайдиган тожикистонлик 22 ёшли Акбаржон Холиқов дуч келди.

Давлат ташкилоти ҳисобланувчи корхона раҳбарининг ўринбосари йигитни аввал бошқа кўплаб муҳожирлар кўз ўнгида дўппослаб, сўнг иккинчи қават деразасидан пастга улоқтирган.

Оқибатда тожикистонлик йигит оғир жароҳат олиб, касалхонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Воқеа тафсилотлари ҳақида Тожикистоннинг Asia plus ахборот портали хабар берди.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳуқуқини ҳимоя қиладиган ҳуқуқшунослар бу ҳодисани синчковлик билан ўрганишди. Уларнинг сўзларига кўра, Москванинг Коптево туманидаги «Жилишник» ободонлаштириш корхонасида раҳбар ўринбосари лавозимида ишлайдиган Андрей Третьяков 1 апрель куни туш вақти соат 13:00 атрофида ишчилар ётоқхонасига боради ва улардан нега ишда эмасликларини сўрайди. Ишчилар соат 12:00дан 14:00гача тушлик вақти эканини айтишади.

Асабийлашган Третьяков ишчиларни сўкиб, ҳақорат қила бошлайди. Бунга чидолмаган Акбаржон иш бошқарувчига сўкинмасликни, тушликни қилиб бўлиб ишга чиқишларини айтади. Третьяков эса ўзига гап қайтарган йигитни дўппослаб, етмаганига иккинчи қаватнинг деразадан пастга улоқтиради.

Asia Plus’нинг ёзишича, ҳодиса рўй берганда ётоқхонада 40 нафарга яқин тожикистонлик ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бўлган. Аммо ҳеч ким Третьяковни тўхтатишга уринмаган.

Меҳнат муҳожирлари нега зўравонликка қарши чиқмайди?

Аксарият ҳолларда иш берувчи муҳожирларни дўппосласа ҳам,  жабрдийданинг ватандошлари уларни ажратмайди. Улар ўзлари ҳам калтак ейишдан, ишдан айрилиб депортация бўлишдан қўрқишади. Шу боис ҳатто ҳамюртининг фойдасига гувоҳлик беришдан ҳам қочишади.

Меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқини ҳимоя қилиб келаётган россиялик ҳуқуқшунос Валентина Чупикнинг сўзларига кўра, воқеага гувоҳ бўлган ишчилар фақат Третьяков Акбаржонни деразадан улоқтиргандан сўнг, уни оғир жароҳат олганини кўриб қочмоқчи бўлганида, кетишига йўл қўймай полиция етиб келгунча ушлаб туришган.

Маълум бўлишича, Третьяков ишчилар ётоқхонасига келганида, улар намоз ўқиётган бўлган ва айнан шу ҳолат унинг жаҳлини чиқарган. Намоз ўқиётганлар орасида Акбаржон ҳам бўлган...

Валентина Чупикнинг гувоҳларга таяниб айтишича, орадан бироз ўтиб етиб келган полиция эса барча ишчилар ҳамда Третьяковни полиция бўлимига олиб борган. Қизиғи, полиция бўлимида кўплаб ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожирларидан саноқли ишчи ҳодиса ҳақида гувоҳлик берган. Қолганлар ҳодиса гувоҳи бўлмаганини, фақат Акбаржон ерга келиб урилганидан кейин воқеадан хабар топганини айтган.

Ваҳоланки, уларнинг аксарияти Третьяков Акбаржонни дўппослаб, сўнг пастга улоқтирганини ўз кўзлари билан кўриб туришган.

22 ёшли тожикистонлик йигит 40 нафар меҳнат муҳожири кўз ўнгида дўппосланиб, сўнг пастга улоқтирилган. Аммо гувоҳларнинг бирортаси «хўжайин»га қарши чиқиб ишини йўқотиб қўйишдан ёки ўзи ҳам калтак ейишдан қўрқиб, Акбаржонни ҳуқуқбузарнинг қўлидан қутқаришга уринмаган.

Россияда одатий жараён: гумонланувчига ҳанузгача иш очилмаган

Акбаржон Холиқов билан билан бўлиб ўтган воқеа ижтимоий тармоқлар ва Россиядаги бир қатор сайтларда ёритилар экан, вазиятга Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳам эътибор қаратди.

«Фуқаро Акбаржон Холиқов билан бўлиб ўтган ҳодиса жараёни назоратимизда турибди. Гумонланувчи аллақачон ҳибсга олинган. Элчихона Коптево район ички ишлар бўлимига воқеани синчковлик билан суриштириш ва айбдорга муносиб жазо беришни сўраб хат чиқардик», деган Тожикистоннинг Россиядаги элчиси Имомиддин Сатторов.

Гумонланувчига нисбатан ҳали жиноий иш қўзғатилмаган. Шунингдек, жабрланувчидан ҳам кўрсатма олинмаган. Ҳуқуқшуносларнинг айтишича, гумонланувчига Россия жиноят кодексининг 111-моддаси (шахсга қасддан оғир тан жароҳати етказиш) айблови билан жиноий иш қўзғатилиши лозим.

Айнан Акбаржон Холиқовга оғир тан жароҳати етказилган иш бўйича россиялик ҳуқуқшуносларнинг тахмини ўзини оқламади: ҳодисадан ўн кун ўтиб ҳам Третьяковга нисбатан ҳанузгача ҳеч қандай иш очилмаган.

Коптево район ИИБ гумонланувчининг айби аниқ бўлса ҳам, ҳанузгача унга нисбатан ҳеч қандай иш очмаган ва ҳуқуқшуносларга бу борада изоҳ ҳам бермаган.

Ишнинг қандай якун топиши ҳамон мавҳум. Коптево район ИИБ ҳеч қаерга кетмаслик ҳақида тилхат олиб, гумонланувчи Третяковни қўйиб юборган.

Ҳуқуқшуносларнинг аниқлашича, иш очилмаганининг сабаби шуки, ҳодиса рўй берган куни Акбаржон Холиқов фойдасига Третьяковни айблаб гувоҳлик берган бир неча муҳожир кейинчалик кўрсатмасини ўзгартирган. Уларга босим ўтказилиб депортация қилиш билан қўрқитишгани айтилмоқда.

Дўппосланиб, иккинчи қаватдан улоқтирилган йигитнинг соғлиғи оғир аҳволда қолмоқда. У яна битта мураккаб операцияни ўтказиши керак. Йигитнинг даволаниши учун Россияда фаолият юритадиган турли фондлар маблағ ажратган.

Жабрланувчининг отаси Аминжон Ҳолиқовнинг сўзларига кўра, ҳодисанинг эртаси куни касалхонага Коптево район ИИБдан ходимлар келиб, ўғлидан кўрсатма олишган. Ўшандан кейин улар қайтиб келишмаган, қўнғироқ ҳам қилишмаган. Ўғли зўравонлик қурбони бўлган пайтда Аминжон Холиқов бошқа жойда бўлган.

«Ўғлим касалхонада ўзига келганидан сўнг ҳаммасини гапириб берди. Третьяков улар тушлик қилаётган пайтда келиб ишчиларни онадан сўкиб, ҳақорат қила бошлаганида, ўғлим унга тушликни қилиб ишга чиқишларини айтиб, сўкинмасликни талаб қилган. Ҳақоратларига ҳеч ким эътироз билдирмай турганда ўғлимнинг гап қайтариши Третьяковнинг жаҳлини чиқарган ва у Акбаржонни дўппослаб, сўнг деразадан улоқтирган», дейди Аминжон Холиқов.

Россияда нега меҳнат муҳожирларини камситишади?

Акбаржон Холиқовга қилинган зўравонлик – бу ҳар куни Россияда меҳнат муҳожирларига нисбатан содир бўлаётган кўплаб зўравонликлардан бири. Аксарият ҳолларда Россияда марказий осиёликлар кўпроқ зўравонлик ва камситишларга дуч келади.

Бу ҳолатга бир қанча омиллар сабаб бўляпти:

  • Меҳнат муҳожирлари томонидан содир этиладиган ҳар бир жиноят ёки ҳуқуқбузарлик ОАВ ва телевидение орқали хабар қилиб борилади. Бу аҳоли орасида меҳнат муҳожирларга нисбатан нафрат кучайишига сабаб бўлади.
  • Муҳожирлар рус тилини яхши билмаслиги ёки аниқ бир касбга эга бўлмаслиги туфайли ҳам камситилади.
  • Айрим сиёсатчилар аҳоли орасида ўз мавқейини ошириш учун доимий равишда меҳнат муҳожирларини ёмонотлиқ қилиб тарғибот олиб боради.
  • Меҳнат муҳожирларининг аксарияти Россияга келишдан аввал ҳеч қандай касбни эгалламасдан келади ва оқибатда энг оғир ва кам ҳақ тўланадиган ишларни қилишга мажбур бўлади. Бу ҳам уларнинг иш берувчилар томонидан камситилиши ва зўравонликка учрашига қисман сабаб бўлади.
Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид