Иқтисодиёт | 16:14 / 11.04.2020
6918
3 дақиқада ўқилади

«Ўз масаламизни ҳал қилсак бўлди, деган фикр тўғри бўлмайди» - Иқтисодчи пандемияга қарши кураш ҳақида

АҚШнинг Висконсин университети докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов «MFactor» лойиҳаси меҳмони бўлиб, коронавирус пандемияси ва карантин чораларининг иқтисодиётга таъсири ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Вирус ўтганидан кейин деглобализация жараёнлари қанчалик кучли бўлади ёки глобализация кучаядими?

«Ҳозирги АҚШ маъмурияти глобаллашув яхши эмас деб қабул қилган ҳукуматлардан бири ҳисобланарди. Шахсан президент Дональд Трамп Мексика билан девор қурилиши ёки Хитой билан савдо урушини тарғиб қилувчиларидан бири эди. Бу ишлари учун дунё ҳамжамияти, халқаро ташкилотлардан анча танқидга учраган эди.

Ҳозир эса унинг глобаллашув ҳақидаги риторикасини ҳеч ким танқид қилмай қўйди. Инсонлар учун бу пандемия худди глобаллашув туфайли юз берди деган фикр келяпти», деди Беҳзод Ҳошимов.

У коронавирусни бартараф этишда нафақат жамиятдаги инсонлар, балки давлатлар ҳам бир-бирига ёрдам беришаётганини айтиб ўтди.

«Оптимистик фикрим шундан иборатки, ҳозир нафақат жамиятдаги инсонлар бир-бирига ёрдам беришяпти, балки давлатлар ҳам бир-бирига ёрдам беряпти. Масалан, АҚШ Ўзбекистонга ёрдам беряпти, Россия Ўзбекистонга тестлар беряпти ва ҳоказо.

Давлатлар ўзининг сиёсий келишмовчиликларини бир четга суриб, масалани ҳал қилишяпти. Яқинда «Катта йигирматалик» давлатлари раҳбарларининг видеоконференцияси бўлди. Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг раҳбарлари ҳам у ерда иштирок этишди. Ўша ерда ҳам камбағал ва ривожланаётган мамлакатларга қандай қилиб ёрдам берилиши кераклиги ҳақидаги фикрлар янгради.

Шунинг учун сиёсий нуқтайи назардан қарасак, балки глобаллашув ҳақида гапириш «мода»дан чиққанга ўхшаяпти.

Дунё бир-бирига қанчалик муҳтож эканини билиб қолди. Пандемия шуни кўрсатдики, дунёнинг энг заиф нуқтаси – [вирус] бутун дунёни бирга чўктириши мумкин. Ҳозир пандемия билан курашда касаллик ҳамма ерда йўқ бўлмагунича дунёда ҳам касаллик йўқ бўлмайди. Чунки бир-биримизга боғлиқмиз. Уларда нима бўлса бўлди, биз ўз масаламизни ҳал қилсак бўлди, деган фикр бўлмайди.

Мисол учун, ракета учишида ҳамма деталлари зўр бўлиб туриб, энг заиф детали бузилса, ракета портлайди. Юзта параметр бўлса, минимуми муҳим. Агар ҳамма буни енгса, ҳаммага яхши, ҳамма енгмаса, ҳаммага ёмон», - деди Ҳошимов.

У коронавируснинг тарқалишига бепарво мамлакатлар ҳақида гапириб, буни жиддий қабул қилмасликнинг асоратлари, оқибатлари ёмон эканини таъкидлади.

Тўлиқ суҳбатни «MFaktor» лойиҳасининг YouTube'даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид