Спорт | 18:03 / 11.04.2020
14928
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда эълон қилинган спорт челленжининг илк ғолибларига совғалар топширилди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги БМТнинг Марказий Осиёдаги Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда #уйдақол! #ҳаётгақўшил! #sportchallenge челленжини ўтказмоқда.

Бугун, 11 апрель куни челленжнинг илк ғолибларига совғалар топширилди.

Дастлабки уч кунда челленжга келган 800дан ортиқ видеоматериаллар орасида 1-ўринга навоийлик Дмитрий Хвальчевлар оиласи лойиқ кўрилди.

2-ўринга опа-сингиллар Шабнам ва Мадина Норпўлатовалар иштирокида тасвирга олинган видео сазовор бўлди.

3-ўринни эса бирйўла икки оила вакиллари - навоийлик Рўзиевлар ҳамда андижонлик Шириевлар оиласи қўлга киритишди.

Бугун #уйдақол! #ҳаётгақўшил! #sportchallenge челленжининг илк ғолиблари ташкилотчилар томонидан ўзларига аталган қимматбаҳо совғалар, яъни спорт анжомларини қабул қилиб олишди.

Дарвоқе, юртдошларимиз учун #уйдақол! #ҳаётгақўшил! #sportchallenge челленжида қатнашиш қулай бўлиши учун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Фейсбукдаги расмий каналида «Уйда қол! Ҳаётга қўшил!» саҳифаси, Инстаграм каналида эса #sportchallenge саҳифалари ҳам очилди.

Энди сиз ўз видео материалларингизни ушбу саҳифалар орқали улашиш имкониятига эга бўлдингиз.

Шу билан бирга, Telegram мессенжерида очилган t.me/uydaqol_hayot гуруҳи ҳам ишлаб турибди.

Азиз юртдошлар, челленжда фаол иштирок этинг ва қимматбаҳо совғаларни қўлга киритинг. Унутманг, агар сиз илк ғолиблар сафидан четда қолган бўлсангиз, бу сизнинг танловда бошқа иштирок этмаслигингизни билдирмайди. Демак, сизда ҳали ғолиб бўлиш учун имкон бор.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати