Жамият | 08:40 / 11.04.2020
41293
13 дақиқада ўқилади

Қурувчи Учтепа тумани прокурори пулини бермаганини айтмоқда. Шаҳар прокуратураси холис текширув ўтказганми?

Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 17-мактабгача таълим муассасаси 2019 йилнинг январида капитал таъмирлаш учун «Castle» масъулияти чекланган жамиятига топширилган эди. Корхона раҳбари Станислав Пак хоразмлик Дониёр Сатторовни 2019 йилнинг апрель ойида шу боғчага пластик дераза-ром ясаб бериш учун жалб қилади. Ҳамма томоша шундан кейин бошланади.

«Боғчанинг қурилиши 2019 йил январь ойида бошланган. Мен апрель ойида акфа ромларини ясаб бериш учун келганман. «Castle» фирмасининг раҳбари Станислав Пак билан келишган ҳолда ромларни ўрнатишни бошлаганимиздан кейин у икки ойча йўқ бўлиб қолди. Ишлар чала қолганди. Ўша пайтда Учтепа туманига янги прокурор этиб тайинланган Жобир Азимов келиб Станислав кетгани, қурилишни ўзим давом эттираверишим мумкинлиги, пулни қилиб беришини айтди.

Давлатнинг одами бўлгани учун унинг гапига ишониб ишни келган жойидан давом эттиравердим. Ўртада ҳеч қандай ёзма шартнома қилингани йўқ, фақат оғзаки келишув бўлган. 3,5 ойча ишладик, анча иш қилинди. 30-40 нафар одам ишлади бу ерда. Буни тасдиқлайдиган гувоҳларим ҳам бор.

Ҳар куни Учтепа туман прокуратурасининг Акмал исмли терговчиси келиб одам сонини санаб кетарди. 3,5 ойдан кейин ишни тўхтатинглар, ишларингни баҳолатиб сизлар билан ҳисоб-китоб қиламиз дейишди.

Ҳозирги кунга келиб, ваъдаларидан тонишяпти, шунча харажат қилганман, қарзга қурилиш материаллари олганман, ишчи ишлатганман, ҳаммасининг пулини беришим керак. Ҳолбуки мен булардан шу ернинг қурилишини менга беринглар деб ялиниб олганим йўқ. Туман прокурорининг топшириғини бажардим. Энди бўлса, мен ва ишчиларим томонидан қилинган ишларни қурилишни чала ташлаб кетган Станислав Пакнинг «бажарган ишлари рўйхати»га тиркаб қўйишибди. Гўёки, биз ҳеч нарса қилмаган бўлиб чиқяпмиз», дейди қурилиш ташкилоти раҳбари Дониёр Сатторов.

Қурилишда ишлаган бошқа ишчилар ҳам унинг гапларини тасдиқлайди.

«2019 йилнинг январь ойидан октябрь ойи охиригача 17-боғча қурилишида ишладик. Аммо ҳалигача иш ҳақимизни олганимиз йўқ. Менинг иш ҳақим – 20 млн сўм бўлган. Учтепа тумани прокурори Жобир Азимов Станислав Пак қурилишни ташлаб кетиб қолганда ишни Дониёр Сатторовга топшириб, пулингни нақд бераман деб айтганди. Шу сабабли пулимизни беришларини сўраб туман прокуратурасига бордик. Бизни прокурор қабул қилмади, ичкаригаям киритишмади. Фақат бир марта ҳайитда 15 ишчига 100 минг сўм берилган холос. Бошқа пул олганимиз йўқ», дейди Мардонбек Раҳимов.

«Боғча қурилишида 3 ой ишладим. «Откос», «шпатлёвка» – ҳаммасини қилганмиз. Қилган ишларим учун 2 млн сўм беришлари керак, аммо ҳозиргача иш ҳақимизни олганимиз йўқ. Менга ўхшаб ойлигини ололмаганлар ўз вилоятига кетиб қолишди, лекин иш ҳақлари берилишидан умидвор, ҳозиргача телефон қилиб, пул қачон берилишини сўрашади.

Орада қурилиш материаллари бўлмагани учун ишлар бир неча марта тўхтаб қолди. Еб-ичишгаям пулимиз қолмаган кунлари мардикор бозорга чиқиб келиб юрдик. Пулимизни беришларини сўраб Учтепа тумани ҳокимлигига бордик. Эртага берамиз, индинга берамиз деб ҳалигача беришгани йўқ», дейди Акмал Ҳидоятов.

17-мактабгача таълим ташкилоти қозонхонаси газ оператори бўлиб ишловчи Илҳом Айматовнинг айтишича, Дониёр Сатторов бу ерга келгунича 7-8та гуруҳ алмашиб улгурган. Иш ўлда-жўлда бўлиб ётган бир вақтда туманга янги прокурор тайинланиб, у Дониёр Сатторовга қурилишни давом эттираверишни, харажатлар учун кетадиган пулни етказиб беришини айтган.

«Боғча туман прокурорининг секторига қарайди. Шу сабабли қурилишга Учтепа тумани прокурураси ходимлари бош-қош бўлишди. Уларнинг гапига ишониб, Дониёр қурилиш материалларини олиб келиб ишни бошлаб юборди. Бироқ айтилган вақтда пулини беришмагандан кейин материалларни қарзга берганлардан калтак еган кунлариям бўлди. Иш ҳалигача судралиб юрибди. Олган материалларининг пулини, қурилишда ишлаган ишчиларга иш ҳақини бериши керак. Порталгача чиқишди, бормаган жойлари қолмади, лекин натижа йўқ. Шу ерда ишлаганим учун буларнинг ҳаммасига гувоҳман», дейди Илҳом Айматов.

Дониёр Сатторов боғчани таъмирлаш учун 160 млн сўм сарфлагани, орада Учтепа тумани прокурори Жобир Азимов МДФ эшиклар учун 13,7 млн сўм ва бошқа харажатлар учун 20 млн сўм нақд пул берганини, қолган харажатларни ўзининг ҳисобидан қилганини айтмоқда.

«Бошида қоп-қоп ваъда бериб, ишни тезроқ битирайлик деб, энди мендан пулингни сўрама, сенинг пулинг билан ҳеч кимнинг иши йўқ, пулингни Станислав Пакдан ол дейишяпти. Мен туман прокурори айтган ишларни қилган бўлсам, нима учун пулимни «Castle» масъулияти чекланган жамияти раҳбаридан олишим керак?

Бу масала юзасидан туман ҳокими Фарҳод Абдуллаевнинг қабулига ҳам кириб чиқдик. У ерда менга ҳеч бўлмаганда бошқа объект берилишини айтишди. 25 январгача ишим ҳал бўлишини ваъда қилишганди. Мана ҳозиргача ҳеч қандай ёрдам ҳам бўлгани йўқ, пулдан ҳам дарак йўқ», дейди Дониёр Сатторов.

Учтепа тумани прокурори Жобир Азимов эса «Castle» масъулияти чекланган жамияти раҳбари қурилишни чала ташлаб кетганда Дониёр Сатторовга ишларни давом эттиришни тайинлагани, хизмат ҳақини ўзи беришга ваъда қилганини рад этди. Унинг айтишича, Сатторовга берилган нақд пуллар туман ҳокимлиги ва ҳомийлар ёрдами ҳисобланади.

«Бундай гап бўлмаган. Станислав Пак йўқолиб қолганда Дониёр Сатторов ишчиларига иш ҳақи беришим керак, пул беринг деб келганда биз уни қидирганмиз, Сатторов ариза берган. Станислав Пакни топганимизда у пули йўқлиги, бошқа қурилиш объектини олаётгани, пули тушса ҳисоб-китоб қилишини айтган. Бироқ 17-боғчада ишлаган ишчилар қайта-қайта пулини сўраб келавергани учун туман ҳокимлиги ва ҳомийлар ёрдамида пул қилиб берилган. Бошқа ёнимдан пул бермаганман.

Қурилиш объектига бир неча марта борганимнинг сабаби 17-боғча қурилиши туман прокуратураси ташаббуси билан бошланган. Мен ўзим май ойи охирида ишга тайинланган бўлсам, бу объектнинг қурилиши мен келгунимга қадар, яъни февраль ойидаёқ бошланган. Иш бошлаганимдан кейин 17-боғчани кўргани бордим. Боғча ҳомийлик маблағлари ҳисобидан қурилаётган бўлган. Бу объектга бюджет ҳисобидан маблағ ажратилмаган. Бор пул ишлатиб бўлингани учун қурилиш тўхтаб қолган.

Борган вақтимда маълум миқдорда қурилиш материаллари бор эди. Шуларни ишлатиб, Пак билан келишувга кўра қилиниши керак бўлган ишларни охирига етказиб қўйишларини айтганман, холос. Сатторовга «Castle» МЧЖ бажарганидан ташқари қўшимча иш айтмаганман. Қўшимча эшик ўрнатган экан, унинг пулини кейинги пудратчи тўлаб берди.

«Castle» корхонаси раҳбарини чақиртириб, бунинг сабабини сўраганимизда пул туширилса ишни давом эттиришини айтди. Шу билан у бошқа объект олиб бу ерга келмай қўйди. Шундан сўнг ҳомийларни жалб этиб, қурилиш ишларини давом эттириш учун амалий ёрдам сўраб туман ҳокимлигига мурожаат қилганмиз. Ҳокимлик имкон қадар ажратган маблағ ишлатилган, пул тугаганда ишлар тўхтаб қолаверган», дейди прокурор.

Бироқ Учтепа тумани Мактабгача таълим бўлими ҳисобчиси Фурқат Расулов туман прокурорининг сўзларини рад этувчи маълумотларни тақдим этди. Унинг айтишича, 17-боғчанинг қурилиши учун 2019 йилда 800 млн сўм ажратилган. Шунингдек, апрель ойида тасдиқланиши кутилаётган 2020 йил учун смета харажатларида қурилишни давом эттириш учун қўшимча маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

«17-боғчанинг қурилиши 2019 йил февраль ойида бошланган. Биз дастлаб «Castle» масъулияти чекланган жамияти, сўнг «Али Одил Барака» фирмаси билан шартнома тузганмиз. Бу одамни [Дониёр Сатторовни] танимайман, қайси фирманинг раҳбари эканини билмайман. У билан шартнома қилмаганмиз», дейди у.

Учтепа тумани Мактабгача таълим бўлими мудири ўринбосари Жамила Жамилованинг таъкидлашича, мазкур муаммони ҳал қилиш учун туман ҳокимлиги ўрнатилган тартибда ёрдам бериб, барча ҳужжатларни кўриб чиқмоқда. У қурувчи фирманинг амалга оширган ишлари ўрганиб чиқилгач, ҳақиқатда шунча пулли иш бажарилгани тасдиғини топса ва бажарилган ишлар талабга жавоб берадими-йўқми, шу масалаларга аниқлик киритилса, бу пуллар албатта тўлаб берилишини маълум қилди.

Учтепа тумани Мактабгача таълим бўлими бош муҳандиси Маъмуржон Ғаниев низоли вазият юзага келгани сабабли 17-боғча қурилишига оид барча ҳужжатлар туман прокуратурасига тақдим қилинганини билдирди. Шу сабабли қурилиш ҳужжатлари билан танишишнинг имкони бўлмади.

Туман прокурори Жобир Азимов қурувчи Дониёр Сатторов бажарганини айтаётган ишлар «Castle» масъулияти чекланган жамияти берган ва туман мактабгача таълим бўлимига тақдим қилган ҳисоботларда акс этганини таъкидламоқда.

«Дониёр Сатторовнинг шикояти бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси ички инспекцияси ўтказган хизмат текшируви давомида шаҳар прокуратурасида томонлар юзлаштирилди. Юзлаштириш жараёнида Станислав Пак Д.Сатторов қилинган ишларнинг нархини ошириб кўрсатгани, ҳисоб-китоби бўйича ўрталарида 20 млн сўм қарздорлик мавжудлиги ва бу пулни имкон қадар қисқа муддатда тўлаб беришини айтди», дейди у.

Бироқ Kun.uz мухбири билан суҳбатда Д.Сатторов шаҳар прокуратурасида бўлиб ўтган учрашув жараёнида мутлақо бошқа гап-сўзлар бўлиб ўтганини, прокуратура ходимлари унга босим ўтказишганини айтди.

«Юзлашув жараёнида Станислав Пак мен қилган харажатларнинг атиги 20 млн сўмини тан олгани бўлмаган гап. Чунки ўртада 121 млн сўм ҳақида гап боряпти. Жобир Азимов ёлғон гапиряпти. «Castle» масъулияти чекланган жамияти раҳбари 800 млн сўмга арзимаган ишни бажариб кетган. Мен шунча қилган ишим учун 121 млн сўраяпман. Станислав Пак ва мен қилган ишларимни солиштирса, 800 млн бемақсад ишлатилгани, керак бўлса ўзлаштирилгани маълум бўлади. Мен қилган ишларни менгача ишлаган қурувчининг бажарган ишлари рўйхатига қўшиб, мени ёлғончига чиқаришга уринаётганларининг сабаби ҳам шунда. Ўйин бўляпти бу ерда.

Шаҳар прокуратурасида бўлган учрашувда қилинган ишлар учун мен тақдим қилган 121 млн сўмдан 15 млн сўм қайси асосга кўра камайтирилганини сўрадим. Жавоб бера олишмади. Қилинган ишларимиз бўйича қайта назорат ўлчовини ўтказган мутахассисдан нимага қараб бундай хулоса берганини сўрасам, у қоғоз бўйича гапираётганини айтди. У аслида қурилиш объектига бориб қилинган ишларни сантиметригача ўлчаши керак эди», дейди Дониёр Сатторов.

Дарвоқе, қурувчининг шикояти бўйича Учтепа тумани прокуроридан изоҳ олишимиз осон кечмади, бунга қарийб бир ойга яқин вақт кетди. Kun.uz ижодий гуруҳи шу йилнинг 5 март куни туман прокуратурасига борганида Жобир Азимов ўрнида йўқ эди. Туман прокурори ўринбосари раҳбари келиши билан ташрифимиз ҳақида етказишини айтиб, телефон рақамларни олиб қолди. Бироқ бир неча кун давомида қилган қўнғироқларимиздан кейин ҳам туман прокурори билан учрашиш, телефонда бўлсин суҳбатлашишнинг имкони бўлмади. Фақатгина Бош прокуратура матбуот хизмати ёрдамида Жобир Азимов билан телефон орқали боғлана олдик.

Мурожаат бўйича журналистик суриштирувнинг илк кунларида Дониёр Сатторов бажаргани айтилаётган ишлар «Castle» масъулияти чекланган жамияти берган ва туман мактабгача таълим бўлимига тақдим қилган ҳисоботларда акс этгани ҳақида гап йўқ эди. Бу «баҳона» прокурорнинг вазиятдан чиқиши учун ўйлаб топган «усули» бўлса не ажаб... Чунки туман Мактабгача таълим бўлими бош муҳандиси Маъмуржон Ғаниев юқорида 17-боғча қурилишига оид барча ҳужжатлар туман прокуратурасига тақдим қилинганини айтганди. Ўтган вақт мобайнида воқеалар ривожи туман прокуратураси манфаатларига мослаб «тўғрилаб» қўйилмаганига ким кафолат беради? Қолаверса, 17-боғча қурилиши учун 2019 йилда ажратилган 800 млн сўм қаерга кетган? Тошкент шаҳар прокуратураси хизмат текшируви давомида қуруқ қоғозларга ишониб қолмасдан нима учун масаланинг бу жиҳатига эътибор қаратмади, жабрланувчилар ва гувоҳлардан кўрсатма олмади?

Президент Шавкат Мирзиёев иккита иш ўрнини яратган тадбиркорни бошида кўтаришга тайёрлигини айтган эди. Давлат раҳбарининг ушбу сўзлари барча мансабдорлар учун тадбиркорлар билан мулоқотда намуна бўлиши керак аслида. Юқори турувчи прокуратура органлари мазкур масалани холис кўриб чиқишига кўмаклашади деб умид қилиб қоламиз.

Жамшид Ниёзов, Kun.uz мухбири
Мирвоҳид Мирраҳимов, тасвирчи

Мавзуга оид