Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, ҳунармандчилик фаолияти – халқнинг тарихан қарор топган, махсус билимлар, кўникмалар, сир-асрорлар, услубларга асосланиб, қўл меҳнати, асбоб-ускуналар ва кичик механизация воситаларидан фойдаланиб, анъанавий ҳамда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда маиший, уй-рўзғор, бадиий буюмлар ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш), тайёрлаш бўйича ижодий ёки профессионал фаолият.

Ҳунармандчилик фаолияти субъектлари ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланадиган ҳунарманд ва ҳунарманднинг шогирдидир.

Ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланадиган шахс, бу ҳунарманд сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланадиган жисмоний шахсдир.

Ҳунарманд, бу Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмасининг Уставида белгиланган тартибда ҳунарманд мақомига эга бўлиб, ҳунармандчилик фаолиятини мустақил равишда ёки шогирдлари билан бирга амалга ошираётган жисмоний шахсдир.

Шогирд (ҳунарманднинг шогирди), ҳунарманддан ҳунармандчилик маҳсулотлари (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш фаолиятини ўрганаётган жисмоний шахсдир.

“Уста-шогирд” мактаби ҳунарманд томонидан шогирдга ҳунармандчилик буюмлари ёки товарлари (ишлар, хизматлар)ни тайёрлашни ўргатишга йўналтирилган муносабатлар йиғиндисидир.

Ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланадиган шахс амалдаги қонун ҳужжатларида ҳунармандга нисбатан ўрнатилган қоидаларига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтади, қайта ўтказилади ва унинг фаолияти тугатилади.

Ҳунарманд Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмасининг Уставида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтади, қайта ўтказилади ва унинг фаолияти Уюшманинг қарорига асосан тугатилиши мумкин. Ҳунарманд Уюшмада рўйхатдан ўтганлиги ва қайта ўтказилганлиги тўғрисида Уюшма томонидан белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади, унда мазкур шахснинг ҳунарманд мақоми ва шуғулланадиган ҳунармандчилик фаолияти йўналиши кўрсатилади.

Ҳунарманднинг фаолияти қуйидаги сабабларга кўра тугатилиши мумкин:

агарда ҳунарманднинг фаолияти Бадиий кенгаш томонидан кўрсатилган йўналишларга мос эмас деб топилса;

агарда ҳунарманд Уюшмага аъзолик бадалини тўламаса;

ҳунарманд бир пайтнинг ўзида якка тартибдаги тадбиркор сифатида ҳам давлат рўйхатидан ўтиши мумкин.