Жаҳон | 12:28 / 16.04.2020
25658
17 дақиқада ўқилади

Карантинда ўтириш учун жой йўқ. Йирик шаҳарларда уйсизларнинг ҳоли не кечмоқда?

Ҳозир деярли бутун дунё карантинда ўтирибди. Уйда қолиб, заруратсиз кўчага чиқмаслик қаердадир тарғиб қилинаётган бўлса, яна қаерларда буюрилмоқда. Бундай ҳолатда кўчада тунайдиган уйсизларнинг аҳволи нима бўлади? Улар карантинни қаерда ўтказишади?

Фото: Getty Images

Дунёнинг барча йирик шаҳарларида уйсизлар топилади. Уларнинг аксари одамлар гавжум жойларда овқатга пул топиш учун тиланчилик қилади ва кўчаларда яшайди. Бугун дунё бўйлаб юз минглаб ана шундай бошпанасиз одамлар коронавирусга қарши «жангда» ҳимоясиз қолган.

BBC ҳозирги карантин кунларида уйсизлар дуч келаётган муаммоларнинг турли шаҳарларда қандай ҳал қилинаётгани ҳақида ҳикоя қилади.

Москва. Ҳукумат томонидан ҳозирча жавоб йўқ

Москвадаги уйсизларнинг карантин кунларидаги энг муҳим муаммоси – қандай қилиб бўлса ҳам очликдан сақланиш.

«Карантин эълон қилиниши муносабати билан уйсизларга қисман озиқ-овқат тарқатиб турган манзиллар ва уларга нимадир бериб турган кафе ва ресторанлар ёпилди. Шунингдек, карантиндан аввал савдо дўконлари, овқатланиш шохобчаларидан чиқинди қутиларига турли егуликлар чиқариб ташланар ва шу ҳам уйсизларнинг кунига ярарди. Ҳаммаёқ ёпилгач, энди чиқинди қутиларида ҳам ейишга ҳеч вақо йўқ... Айниқса ҳозирги карантин кунларида. Тиланчилик қилиб одамлардан пул ва озиқ-овқат сўрай дейишса, кўчаларда ҳам ҳеч ким йўқ. Шу сабабли Москвадаги тиланчиларга, уйсизларга ҳозир жуда қийин», дейди «Милосердие» хайрия ёрдам хизмати матбуот котиби Александра Шибалина.

«Илгари қутқарув пунктимизга кунига 100-150 нафар одам келиб озиқ-овқат оларди. Бугун улар 200 нафарга чиқди. Уларнинг аксари жуда оч ва ҳолдан тойган ҳолда келади.

Авваллари уйсизларга ёрдам кўрсатиш пунктларимизда кунига уч маҳал маълум соатларда озиқ-овқат тарқатардик. Энди карантин даврини ва озиқ-овқатга муҳтож уйсизлар кўпайганини инобатга олиб пунктларимизда эрталабдан кечгача озиқ-овқат тарқатяпмиз», деб қўшимча қилади Шибалина.

Карантин кунлари бошланиши билан «Ночлежка» хайрия фонди ҳам уйсизларга ёрдам бериш кўламини оширди ва «Сен ёлғиз эмассан» акцияси доирасида Москва ва Санкт-Петербург кўчаларида, вокзалларида ҳар бир нуқтада 60та елим пакетга жойланган озиқ-овқат қолдиряпти. Унда чой, конфетлар, ширинликлар, ярим тайёр овқатлар, консерва ва антисептик маҳсулотлари солинган.

«Ночлежка» фонди ижтимоий масофага риоя қилган ҳолда уйсизларга ёрдам бермоқда
PYOTR KOVALEV\TASS

«Ночлежка» хайрия фонди уйдан харид учун дўконларга, дорихоналарга чиқаётган ва ишга бораётган одамларга мурожаат қилиб, карантин шароитида қийналаётган уйсизлар учун қўшимча озиқ-овқат сотиб олиб уларни бекатларга, йўлаклар четидаги ўриндиқларга қўйиб кетишни сўради.

«Доктор Лизадан адолатли кўмак» жамғармаси ҳафтасига бир марта уйсизларга озиқ-овқат тарқатиш ишларини давом эттирмоқда. Жамғарма президенти Ольга Демичёванинг сўзларига кўра, энг қийин нарса озиқ-овқат тарқатаётганда икки юз кишини бир ярим метр оралиқ масофада ушлаб туриш бўлмоқда.

Москвадаги Тверской хиёбони атрофида яшовчи Илья Клишин у йўл-йўлакай бир неча марта хиёбон атрофида турли хайрия жамғармаларининг уйсизларга озиқ-овқат тарқатаётганига ёки уйсизларнинг ўриндиқларда овқатланиб ўтирганига кўзи тушганини айтган.

«Ўша атрофда коммунал хизмат ходимлари ва ҳатто полиция ходимлари ҳам юрган эди. Улар уйсизларни аниқ кўришди, аммо эътибор беришмади, уларни безовта қилишмади», дейди у.

Москвада бугун 20 мингдан кўпроқ уйсизлар борлиги айтилади. «Ночлежка» хайрия фондининг Москва филиали директори Дарья Байбакованинг айтишича, Москва шаҳрида 14 мингдан 80 минггача уйсиз одамлар бор. У айнан 80 мингга яқин уйсиз бор деган тахминга ишонади.

«Бошпанасиз одамлар ўзларини изоляция қилиш ёки гигиена қоидаларига риоя қилиш имкониятига эга эмас. Шу сабабли кўчаларда яшаб юрган одамларнинг барчаси коронавирус тарқатувчи бўлиши мумкин», дейди Байбакова.

Бошпанасиз одамлар бўлиши мумкин бўлган барча жамоат жойлари – уйсизлар тунаб қоладиган темир йўл бекатлари, қўлларни ювиш имконияти бўлган савдо марказининг ҳожатхоналари бугун ёпиб қўйилган ёки ундай жойларда одамлар тўпланиб туришига йўл қўйилмаяпти.

«Биз «Ночлежка» хайрия фонди номидан Санкт-Петербург губернаторига, Москва меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўлимига, Москвадаги тунаб қолиш мумкин бўлган давлат муассасаларига ҳамда Санкт-Петербург шаҳри ижтимоий сиёсат қўмитасига расмий хатлар юбордик.

Хатда мансабдор шахслардан иккита нарсани сўрадик: бошпанасиз одамлар маълум вақт изоляция қилинишлари учун қўшимча жойларни кенгайтириш ва ҳеч бўлмаса пандемия пайтида уйсиз одамларни давлат бошпаналарига жойлашни соддалаштириш. Масалан, Москвада кун бўйи туриш мумкин бўлган давлат бошпаналарига фақат ҳужжатлари бўлган ва Москвада рўйхатдан ўтган одамлар жойлаша олади. Уйсизлар орасида бундай одамлар жуда кам. Уларнинг аксариятида шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг ўзи йўқ. Борлари ҳам бу икки шаҳарда вақтинчалик рўйхатдан ўтмаган», дейди Байбакова.

Кўрсатилаётган ёрдамга қарамай Москвадаги уйсизларни изоляция қилишнинг имкони йўқ / GETTY IMAGES

Мурожаатларга ҳукумат томонидан жавоб бўлмагани учун хайрия фондлари ҳозирча ўзлари маблағ топиб, имконияти етгунча ҳаракат қилишга мажбур бўлмоқда.

Қутқарув пунктларида ҳар икки киши учун битта тунаш чодири бериляпти. Чодирларнинг бир қисми кекса ва ногирон шахслар учун қулай қилиб тайёрланган. Энди, улар хоҳлаганча у ерда қолишлари мумкин.

«Ночлежка» хайрия фонди ёрдами билан уйсизларни турли бошпаналарга, исиниб олиш пунктларига ва хайрия фонди томонидан ажратилган тунаш мумкин бўлган автобусларга қабул қилиш давом этмоқда. Барча хоналар, пунктлар ва автобуслар дезинфекция қилиш учун ишлатиладиган қурилмалар билан жиҳозланган.

«Доктор Лизадан адолатли кўмак» хайрия фонди раҳбари Олга Демичеванинг сўзларига кўра, фонд Москвадаги меҳмонхоналар билан шартнома имзолаган. Меҳмонхоналар аввал уйсизларни коронавирус таҳлилидан ўтказиб, уларда хавфли вирус аниқланмаса, сўнг уларга жой беришга рози бўлган. Келишувга кўра, уйсизлар хоналарга зарар етказмай ўзини яхши тутса, меҳмонхоналар кўпроқ уйсизларни қабул қила бошлайди.

Инқироз туфайли кимлардир ижарага квартира ололмайди, кимдир бошқа минтақалардан йирик шаҳарларга кунлик иш қидириб келади ва иш топа олмай, у ҳам кўчада қолиши мумкин. Ана шундай пайтда уларнинг барчасига ёрдам қўлини чўзадиган тизим бўлиши керак. Россияда коронавирус пандемиясидан кейин уйсиз одамлар сони кўпайиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Лондон. Меҳмонхоналарда ўз-ўзини изоляция қилиш

Shelter хайрия ташкилоти маълумотларига кўра, Буюк Британияда жами 300 минг нафарга яқин бошпанасиз одам бор. Уйсизлардан 9 минг нафари, уларнинг эса ярми Лондон кўчаларида тунайди. Уйсизлар йилнинг совуқ фаслларида тунни метрода, ер ости йўлларида, савдо марказларида ўтказишса, иссиқ кунларда кўча ва хиёбонлардаги ўриндиқлар тўшак вазифасини ўтайди.

Уйсизларнинг аксарияти қамоқхонадан чиққан ёки оиладаги низолар, алкогол ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш туфайли ҳамма нарсасини йўқотган одамлар. Британияга ишлагани келиб омади келмаган муҳожирлар орасида ҳам кўчада тунайдиганлар кўп.

Британиядаги кўплаб хайрия ташкилотлари доимий равишда уйсизларга ёрдам кўрсатиб, уларни кийим-кечак ва озиқ-овқат билан таъминлайди. Инглизлар бунга ўрганиб қолишган. Ҳеч қандай инқироз бўлмаган вақтда ҳам Лондон кўчаларида бир гуруҳ кўнгиллилар уйсизларга овқат тарқатиб юрганини кўриш мумкин эди.

Лондон кўчаларида яшайдиган кўплаб уйсиз одамларни бир қарашда сайёҳлардан фарқлаб бўлмайди. Аммо коронавирус пандемияси бошлангандан сўнг афсуски бу одамларга «хавфли вирус ташувчи» деб қарай бошлашди.

Хавфли вирус тарқала бошлаши билан ҳукумат ҳам уйсизлар ҳақида қайғура бошлади ва уларга  ўзларини изоляция қилиш учун бўш турган меҳмонхоналардан жой таклиф қилди.

Лондон шаҳри ҳокимлиги сўнгги 12 ҳафта давомида уйсизлар учун меҳмонхоналардан 300та хона банд қилди ва шаҳарнинг турли туманлари маъмуриятидан қолган уйсизларни ҳам жойлаштириш муаммосини ҳал қилишни сўради. Аммо бу энг зўр ечим деб бўлмайди.

Британия ҳукумати уйсизларни меҳмонхоналарда карантинга жойлаштиришга ҳаракат қилмоқда / GETTY IMAGES

Лондондаги энг кўп уйсизлар шаҳар марказидан шарқий томонда жойлашган Ньюҳэм туманида йиғилган. Одатда улар кунни шаҳарда ўтказади ва тунаш учун шу туманда жойлашган Стретфорд метро бекати яқинидаги савдо марказига келади.

Ушбу савдо марказида метрога ўтиш йўлаги борлиги учун у 24 соат ишлайди. Ўнлаб, баъзан юзлаб уйсиз одамлар бу ерга келиб ўтиш йўлагида тунаб қолади.

2 апрель куни тунда бу ерда биргина 45 ёшли Деймон исмли одам тунаб қолди. «Агар атрофимдагилар ўзини ўзи изоляция қилиш учун кетган бўлса ва бу ерда бир ўзим қолган бўлсам, нега ўзимни ўзим изоляция қилишим керак? Шундоқ ҳам ёнимда ҳеч ким йўқ-ку?!», дейди у.

Деймоннинг айтишича, ҳукумат томонидан унга бошқалар каби меҳмонхонадан жой таклиф қилинган, аммо у рад жавобини берган. Айтишича, савдо маркази йўлагида уч йилдан бери яшайди ва Даймонга бу ер жуда ёқади. Қизиғи, у коронавирусга умуман ишонмайди.

Ньюҳэм ҳокими Роксанна Фиёз савдо марказини тунда ёпиб қўйиш чорасини қўллаб, унда тунаб қоладиган уйсизлар учун меҳмонхонадан 70та хона банд қилиб, уларни кўчиришни буюрди. Аммо уйсизларни бошпана билан таъминлаш учун бундай ишлар ҳам етарли бўлмаяпти.

Қизиғи, ҳокимнинг савдо марказида тунаб қолаётгани уйсизларни меҳмонхоналарга жойлаштириш ҳақидаги қароридан кейин бу ерни янада кўпроқ уйсизлар босиб кетди. Шаҳарнинг бошқа ҳудудларида тунаб қолаётган уйсизлар меҳмонхонадан текин жой олиш илинжида бу ерга ёпирилиб келишди. Ана шунда меҳмонхонада банд қилинган хоналар камлиги билиниб қолди.

Лондоннинг Excel кўргазма маркази қайта жиҳозланиб касалхонага айлантирилгач, у ерда ишлай бошлаган шифокорлар ҳам шу атрофдаги меҳмонхоналарда истиқомат қилмоқда. Шубҳасиз, меҳмонхоналардан биринчи навбатда шифокор ва ҳамшираларга жой ажратилиши лозим.

Меҳмонхоналардан уйсизлар учун кам ўрин ажратилаётганининг яна бир сабаби шундаки, Лондондаги барча меҳмонхоналар ҳам гиёҳванд моддаларга ружу қўйган, спиртли ичимликларга муккасидан кетган ёки уларга мойил бўлган уйсизларга жой ажратишни хоҳламайди.

Баъзилар, масалан, Travelodge арзон меҳмонхоналар тармоғи аввалига уйсизларни қабул қилди, кейин эса фаолиятини вақтинчалик тўхтатишини айтиб, барча уйсизларни чиқариб юборди. Ҳокимият вакиллари меҳмонхона эгаларидан бундай қилмасликни талаб қилди, аммо улар кўнмади. Икки томоннинг зиддияти ҳануз давом этмоқда ва ҳозирча ҳеч қандай ечим йўқ.

«Шаҳарда уйсизларга меҳмонхоналардан жой таклиф қилинди? Улар қаерда, менга кўрсатинг!», дейди Nishkam SWAT хайрия ташкилоти раҳбари Рандип Лолл.

Унинг Ғарбий Лондонда жойлашган ташкилотига кунига бир неча ўнлаб одамлар овқатланиш ва бошқа ёрдамлар олиш учун келган. «Сешанба куни 100 нафар одам келган эди, чоршанба куни 180 нафар одам ёрдам сўраб келди. Мен келажакда бизни нима кутаётганини билмайман», дейди Лолл.

Кўчада қолган бошқа уйсизлар имкон қадар ўзларини эҳтиёт қилишмоқда / GETTY IMAGES

Унинг айтишича, ҳукуматнинг ёрдами жуда оз, полиция эса ундан уйсизларни тўпламасликни талаб қилмоқда. «Уйсизларни мен бошқармаяпман-ку, улар ақлдан озганми?», дейди полициянинг талабидан лол қолган Лолл.

«Кўпчилик бу баҳордан омон чиқмайди. Ҳаётий тажрибам ва ички сезгим шундай демоқда. Кўпгина уйсизлар ёзгача етмай ҳалок бўлишади. Улар ёрдам етиб бормаслигидан ўлишади», дейди Рандип Лолл вазият жиддийлигини айтиб асабий оҳангда.

Лос-Анжелес. Бешта бепул ҳожатхона

Калифорния штати губернатори Гавин Ньюсомнинг хабар беришича, АҚШда уйсиз одамнинг коронавирусдан вафот этиш ҳолати илк бор март ойи ўрталарида содир бўлди. Ўшанда штат маъмурияти марҳумнинг исм-шарифини ошкор қилмаган, аммо унинг Силикон водийсида яшаганини маълум қилган эди.

Дунёдаги энг йирик ва энг бой IT-компанияларнинг бош қароргоҳи жойлашган бу ер сўнгги йилларда АҚШда бошпанасизлар учун энг оммабоп жойга айланган. Водий жойлашган Санта Клара округининг расмий статистик маълумотларига кўра, 2017 йилдан 2019 йилгача бу ерда уйсизлар сони 7 394 нафардан 9 706 нафаргача кўпайди.

Бунинг сабаби яшаш анча қулай бўлган илиқ иқлим билан боғлиқ. Сан-Франциско ўртача йиллик ҳарорат 23-25 даража иссиқни ташкил этади, шунинг учун бу минтақада кўчада яшаш йиллик ўртача об-ҳавоси анча совуқ бўлган Нью-Йоркка қараганда қулайроқ.

«National Alliance to End Homelessness» (Уйсизликни тугатиш бўйича миллий алянс) жамоат ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, бугун АҚШда жами 552 800 нафар киши бошпанасиз. Уларнинг учдан бир қисмини фарзандлари бор оилалар ташкил этади.

Калифорниядаги уйсизларга хайрия фондлари ёрдам бермоқда / GETTY IMAGES

Март ойининг ўрталарида Қўшма Штатлар коронавирус пандемияси сабабли турли тақиқлар жорий қилишни бошлади. Шундан сўнг штатларда ҳокимиятлар мажбурий тарзда уйсизларни шаҳарлардан қува бошлади. АҚШда улар кўпинча чодирли лагерларда яшашади. Бундай лагерларда чодирлар сони икки-учтадан бир неча юзтагача бўлиши мумкин.

20 март куни Калифорния губернатори Гавин Ньюсом штат бўйлаб уйдан чиқишни тақиқлаш чораси билан қаттиқ карантин жорий этилганини эълон қилди. Аммо ўша куни маълум бўлдики, бу буйруқнинг уйсизларга мутлақо дахли йўқ экан. Ахир уларнинг уйи бўлмаса, ўзини ўзи қаерда изоляция қилсин?

Шундан сўнг 21 март куни Гавин Ньюсом штатда янги қоидаларни эълон қилди. Унга кўра, уйсизлар эрталаб соат 8дан кечки соат 10гача кўчалардан чодирларини йиғиб туришлари ва фақат тунда қайта ўрнатишлари мумкин эди.

National Alliance to End Homelessness ташкилоти маълумотларига кўра, штат губернаторининг уйсизлар учун чиқарган буйруғини амалга оширишнинг ҳам имкони бўлмаяпти. Уйсизлар эрталаб чодирларини йиққанидан сўнг жойлашадиган жой тополмаяпти.

Штатда мавжуд бўлган барча бошпаналар тўлиб бўлган ва у ерга жойлашиш учун уйсизлар уч ҳафтадан беш ҳафтагача кутиши лозим. Бунинг устига, ҳукумат пандемия туфайли уйсизлар исиниб олиши ва вақт ўтказиши мумкин бўлган барча манзиллар, масалан, жамоат кутубхоналари каби жойларни ёпиб қўйди.

Лос-Анжелес шаҳрида уйсизлар учун текин фойдаланса бўладиган бор йўғи беш дона биоҳожатхона бор. Ҳукумат уларга қўшимча равишда душ ва қўл ювиш воситалари ўрнатилган гигиена пунктларини ташкил этишга ваъда берган. Сан-Хосе шаҳрида уйсизлар учун 25та ана шундай гигиена пунктлари мавжуд.

Америкадаги уйсизларнинг аксари учун иҳоталанишга жой йўқ / GETTY IMAGES

«Мамлакат бўйлаб карантин жорий қилиб, одамларга уйдан чиқишни тақиқлаш билан, агар кўчада яшайдиган уйсиз одамларга етарлича ғамхўрлик қилмасак, керакли хавфсизликни таъминлай олмаймиз», дейди National Low Income Housing Coalition жамоат ташкилоти раҳбари Даян Интел.

Уй-жойсиз одамларда нафас йўллари инфекциясини тарқатиш хавфи юқори. Тадқиқотлардан бирига кўра, фақат Вашингтонда бундай ташхис билан касалхонага ётқизилганларнинг 32 фоизини уйсизлар ташкил этган. Ўз уй-жойида яшайдиган оддий одамлар орасида бу касаллик билан оғриш атиги 6,5 фоизни ташкил этади.

Home First хайрия ташкилоти раҳбари Андрей Уртоннинг айтишича, у ишлаётган ташкилот томонидан уйсизсизлар учун ташкил этилган бошпаналар аллақачон тўлиб бўлган. Кўчаларда яшаб юрган уйсиз одамлар учун янги бошпаналар яратишнинг эса имкони йўқ.

Биргина Нью-Йорк шаҳрининг ўзида бугунги кунда тахминан 3 500 нафар киши кўчаларда тунаб қоляпти. Улар АҚШ президентининг яқинда коронавирус эпидемияси тарқалиб кетишининг олдини олиш учун ижтимоий масофани сақлаб туриш ҳақидаги буйруғини ҳар қанақасига бажара олмайди – бунинг мутлақо иложи йўқ.

Агар умумий хулоса чиқарадиган бўлсак, бугун дунё бўйлаб кўчаларда яшайдиган уйсиз одамларга осон бўлмаяпти. Агар уларга ҳукумат доирасида ёрдам кўрсатилмаса, вазият анча жиддийлашиши ва уйсизлар хавфли вирусни юқтириб, ўлиб кетишлари ва ундан ёмони «вирус юқтирувчи» сифатида ёмонотлиқ бўлишлари мумкин. Бу бутун дунёдаги шундоқ ҳам тақдирнинг аччиқ зарбасини қабул қилиб, кўчада яшаётган уйсизларга муносабат салбий томонга ўзгариши мумкин.

Мавзуга оид